Фан-техника | 20:25 / 28.12.2015
4045
2 дақиқада ўқилади

New Horizons Плутоннинг илк видео тасвирларини ёзиб олди (видео)

2015 йилнинг июль ойида Плутон яқинидан учиб ўтган сайёралараро New Horizons станцияси нафақат осмон жисмининг сатҳидаги кўрсаткичларни ўлчади, балки Қуёш тизимининг ушбу қисмида илк видеороликни ҳам ёзиб олди.

Мазкур тасвирлар Ralph телескопининг икки “канали”дан бири ҳисобланган LEISA — инфрақизил диапазондаги видеоспектрометри ёрдамида олинди.

У тасвирларни одатдаги 256х256 пикселли камера каби икки ўлчамда ёзиб олади. Бироқ уларни бир қатор фильтрлардан ўтказиб, пикселларнинг ҳар бир қаторини ўзига хос тўлқинлари бўйича “кўздан кечиради”. Фильтр 1,25-2,5 микрон узунликдаги тўлқинларнигина ўтказади. Мазкур диапазон Плутон сатҳидаги муз ва бошқа кўплаб объектлар айнан унда кўриниши туфайли танланган.

Барча пикселлар LEISA фильтри тутиб қоладиган тўлқин узунлигини кўрсатиши учун бўялган, бироқ видеоролик учун улар инсонга кўринадиган спектр қисмида қайта кодлаб чиқилди (камалак). Бундан ташқари, видеоролик текисроқ ҳаракатни намойиш этиши учун тезлаштирилган.