Спорт | 20:50 / 08.04.2016
2241
4 дақиқада ўқилади

Жиззах футболи атрофидаги қаллоблик фош этилди

Жойларда футболни ривожлантириш учун масъул этиб тайинланган айрим амалдорлар хизмат ваколатларини ғаразли мақсадларда суиистеъмол қилаётгани аниқланди.

Ўзбекистон футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Жиззах филиали ижрочи директори Бахтиёр Ғафуров, Жиззах футбол федерацияси биринчи вице-президенти Эргаш Ўринов ва ушбу тузилма мутахассиси Саҳобжон Хўжаев ана шундай “учар”лар тоифасидан бўлиб чиқди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзган.

Жамғарманинг Жиззах филиали спортнинг ушбу турини ривожлантириш учун давлат органлари ва ҳомий ташкилотлардан ҳар ой катта миқдорда маблағ олиб турган.

2010-2011 йилларда филиал ҳисоб рақамига ҳомийлардан 714 млн. сўм миқдорида пул келиб тушган. Филиал раҳбари эса бу маблағнинг 79 млн. сўмини ўзи ўриндошлик асосида бошқариб келган “Сўғдиёна” вилоят футбол клуби ўйинчиларига мукофот сифатида тўлаган, қолган 635 миллион сўмни маҳаллий жамоалар мураббийларини мукофотлаш ҳақида сохта шартномалар ва аванс ҳисоботлари тузиб, чўнтакка урган.

Аслида на футболчилар, на мураббийлар бу “мукофот пули” ҳақида эшитишган.

Ана шу тизим асосида Бахтиёр Ғафуров 2012 йилда ҳам 289 млн. сўм миқдорида ноқонуний даромад қилган. Ўша йили у Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбариятини йиллик молиявий режадаги 300 млн. ўрнига 347 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатишга кўндирган. Тафовутдаги 47 млн. сўмлик маблағни банк орқали нақдлаштириб, “туя” қилиб юборган.

Бахтиёр Ғафуров 2013-2014 йилларда ҳам мазкур ҳомий ташкилотни “соғиш”да давом этади. Шу муддат давомида у ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан режада белгиланган 650 миллион сўм ўрнига 991 миллион сўм пул ундиради. Орадаги 341 миллион сўм яна “жиғилдон”га урилади.

2013-2014 йилларда жамғарма филиали ҳисобига яна ҳомийлардан 793 миллион сўмлик ҳомийлик маблағлари келиб тушади. Ушбу маблағнинг 786 миллион сўми сохта ҳужжатлар ва қалбаки имзолар ёрдамида “ўзлаштирилади”.

Жиззах футбол федерацияси биринчи вице-президенти Эргаш Ўринов 2014 йилда ҳомийлардан вилоят футбол федерациясига келиб тушган 766 миллион сўмнинг катта қисмини “бегона” қилмаслик учун бу маблағни Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Жиззах филиали ҳисоб рақамига ўтказади.

Филиал раҳбари эса бу пулни сохта ҳужжатлар ёрдамида тақсимлаб чиқади. Қарабсизки, бу пулнинг 135 миллион сўми “шериклар”нинг чўнтагига тушиб турибди.

Э.Ўринов федерациянинг корпоротив пластик карточкасига 2010-2014 йилларда туширилган 70 миллион сўмдан ортиқроқ маблағнинг 43 миллион сўми ўзи ва оиласининг эҳтиёжлари — спиртли ичимликлар, хўжалик моллари, дори-дармон, мобиль алоқа хизмати учун сарфлаб юборилган.

Э.Ўринов 2010-2014 йилларда турли футбол мусобақаларида иштирок этган спортчиларнинг пластик карталарига мукофот пули сифатида тушиши керак бўлган маблағни ўзи ва шеригининг ҳисобига “ўтказиб” юборади. Бу ишни хаспўшлаш учун эса сохта шартномалар ва ведомостлар тузиб, уларни Эргаш Ўриновнинг ўзи мусобақа иштирокчиларининг ясама имзолари билан тўлдиради.

Қилмишлари очилмай келаётганидан руҳланган ҳамтовоқлар амалда мавжуд бўлмаган “Олтин тўп” футбол федерациясига 11,8 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам “кўрсатишади” ва буни сохта ҳужжатлар ёрдамида расмийлаштиришади.

Одил суд содир этган жиноятлари учун Б.Ғафуровни етти йил, Э.Ўриновни беш йил муддатга озодликдан маҳрум этди. С.Хўжаевга нисбатан эса амнистия акти қўлланилиб, у озодликка чиқарилди.