Спорт | 15:22 / 03.05.2016
7248
5 дақиқада ўқилади

Ўзбек блогери «Лестер»нинг чемпионлиги ҳақида: Шоҳга айланган чўпон

Ўзбекистонлик футбол журналисти, «Чемпион» газетаси ижодкори, блогер Хайрулла Ҳамидов Англия премьер-лигасининг жорий мавсумида «Лестер» жамоасининг чемпион бўлиши муносабати билан ўз таассуротларини мақоласида жамлади.

Қуйида uff.uz сайтидан олинган ушбу мақола ўзгартиришларсиз келтирилади.

«Лестер»нинг чемпионлиги кимгадир ёқмаяпти, биламан. Кимдир жамоанинг кейинги йили борасида қайғурмоқда, шўри қурийди, деган маънода.

Яна кимгадир оддий алам қилмоқда, АПЛнинг энг камбағал жамоаларидан бири бойвуччалар ичида хоҳлаганини қилганига. Кимдир «Лестер»дака клубларнинг ғолиблиги натижасида бошқаларга ёмон томондан бўладиган таъсир борасида фикр билдирар ҳам. Лекин мен хурсандман.

Ёшлигимда бувим айтиб берадиган эртакларда чўпон йигит маликанинг чидаб бўлмас шартларидан ўтиб, охир-оқибат унга уйланиши ҳақида эшитгандим. Шундай воқеалар содир бўлишини истардим ичимда. Ва қарангки, бу эртак қирққа кирганимда, «Лестер» устози Раньери тимсолида намоён бўлишини билмаган эканман. Ўша эртак ҳаётий бўлиб чиқди. 

Раҳмат, Раньери! Раҳмат, Варди, Канте, Маҳрез ва бу мавсум жамоа либосида майдонга тушиб келган жами йигитлар! 

Сизларнинг устингиздан ярим йил давомида кулиб келишди. Баъзи тилини жиловлай билмайдиганлар «Лестер» чемпион бўлса, ТВдаги кўрсатувини ялонғоч ҳолда олиб боришга-да ваъда бериб юборди. Баъзи сўзамоллар «Тоттенҳэм»нинг сўнгги турларда олтин медалларни тортиб олишини-да башорат қилишди. Ҳаммаси шарманда бўлди. 

Кейинги йил ҳам кириб келади. Насиб қилса, бошқа турнирларда ҳам АПЛдаги мўжизани давом эттиришга имконият туғилади. Аммо айтиб қўяй, ЕЧЛдаги илк ўйинингиздан бошлаб яна кулишади. Англиянинг номдор клублари ўйнай олмаяптику, «чўпонлар»га бало борми, деб яна шаъма қиладилар. Сиз эса яна бепарво ҳолда ўйнайверинглар! Улар ҳам одам, уларнинг ҳам икки оёғи, икки қўли бор. Сиздан ҳеч қаерлари ортиқча эмас. Ортиқча эмаслигини АПЛда кўрсатиб бўлдингиз-ку, энди навбат Европага. Қайтанга у томонларда осонроқ. Бир пайтлари сиз каби чемпион бўла олмаган «Лидс»ки ЕЧЛни титратиб ташлаганди, сиз бугун улардан-да кучлироқ, улардан-да шиддатлироқ ҳолдасиз. Худди бугунгидек тўп сурсангиз - кифоя, рақибларнинг ҳолини тасаввур қиляпман. 

Бу воқеа Ла-лига ё Бундеслигада содир бўлганида, очиғи, у қадар ҳайрон қолмасдим. Пул дегани ёмғир бўлиб ёғилаётган Англияда молиявий томондан паст кўрсаткичли жамоаларга анча мушкул бўлади. Ана шундай молиявий қозон қайнаб турган масканда ҳаммани тиз чўктирганингиз учун ҳам сизларга бутун дунё мухлислик қилди, сездингиз-а?! Ичларида ёниб томоша қилишди ўйинингизни! 

«Челси»нинг йўқолиб кетган юлдузи Азар сиз учун юлдузли шоҳсупасига қайтиб берди, кўрдингизми ўзи?! Сиз нафақат ўзингиз фантастик ўйин кўрсатдингиз, балки бошқаларни ҳам сиз учун ўйнашга мажбур этдингиз! 
«МЮ» сизни бир кунгинага тўхтатиб турди, бир кунгинага! Бошқа нарсага кучи етмади!

«МанСити» шайхлари миллиардлар пуллари сувга оқаётганини билиб қолишди сиз билан ўйинда. 

«Тоттенҳэм» умри бино бўлиб Англиянинг ёввойилари бўлмиш «МЮ», «МС», «Арсенал», «Челси»лардан ўзини юқорида кўрган эди. Мана шундай грандлардан юқорида туриб-да, чемпион бўла олмаслик мумкинлигини англади. Даҳшат!!!

Мана шунақа, Почеттинога аталган тортнинг четини кесиб қўйган сиз бўласиз, эй лестерлик гаврошлар! 

Ўзбекистон аталмиш мамлакатда ҳам сизнинг мухлисларингиз пайдо бўлган, эрта индин бозорларимизга сиз кийиб юрган арзон либослар келиб қолса керак. Буёғига ҳам мухлислик қилади ишқибозлар! Чунки сизни ЕЧЛда кўриш ҳам бир бошқача кайфият улашмоқда одамга. 

Бувим айтиб берадиган эртак мени кўпинча ухлатиб қўярди. Тўққиз ой давомида сиз томонингиздан айтилган эртак бугун мени ухлатмади. Шу мақолани ёзишга ундади. Раҳмат, мана шундай онларни тақдим этганингиз учун! 

Дарвоқе, Варди Европа чемпионатигача дам олса ҳам бўлаверади. Унга мумкин! Табрик, «Лестер»! Сизлар бугун ўзга сайёраликсизлар! 

Маликага уйланган чўпонга чопон кийгазишяпти хаёлимда...

Мавзуга оид