Фан-техника | 16:16 / 01.07.2016
17813
6 дақиқада ўқилади

Янги супер туризмо - янги Porsche Panamera ҳақида 11 маълумот

1. Умуман янги платформа 

Panameraнинг янги иккинчи авлоди MSB платформасининг янги намунаси негизида барпо этилган. Bentley Bentayga машинаси аллақачон мазкур платформани ўз асоси қилиб олган. Яқин орада, Bentley Continentalда ҳам айни платформа пайдо бўлади. Унинг ўзига хос жиҳати, доимо барча ғилдиракларнинг етакчи бўлишида. Аввалги «Панамера»лар бундай эмас эди. Бундан ташқари, учкамерали пневматик подвеска - мослашувчи амортизаторларга эга. Фаол стабилизаторлар ҳамда орқа ўқни бошқариш имконияти мавжуд. 

Янги платформага ўтган Panamera бироз баландроқ кўриниш олган. Унинг ғилдираклар асоси 30 мм кенгайган бўлса, габарит узунлиги 34 мм узайиб, 5049 ммни ташкил этган. Энига ҳам 5 миллиметр катталашган. Юкхонаси ҳажмига 63 литр қўшилиб, 495 литрни ташкил этмоқда. Бунда кузовнинг орқа қисми томи 20 мм пасайган. Машина капоти аксинча, узунроқ бўлган. 

2. Жуда ақлли шасси 

Электромеханик қулфларга эга фаол стабилизаторлар, худди Bentley Bentayga каби ўзининг 48 вольтли электр манбаидан қувват олади. Унинг орқа ғилдираклари, соатига 50 км тезликда кетаётганда, олдинги ғилдиракларга нисбатан 3 даража зиддига бурилиши мумкин. Бунга қўшимча равишда шасси 4 хил тартибга эга — Normal, Sport, Sport Plus ва Individual. Уни, рул чамбарагидаги юмалоқ восита ёрдамида танлаш мумкин. Sport Chrono тўпламида эса, мазкур селектор ўртасига Sport Response кнопкаси жойланган бўлиб, у машинанинг барча электроникасини 20 сония ичида энг "қаҳрли" тартибга ўтказади. 

3. Алюминийнинг кўплиги

Янги «Панамера»нинг кузови — айтиш мумкинки, алюминий ва темирнинг мураккаб қоришмасидир. Кузовнинг барча ташқи панеллари ва айрим ички қисмлари алюминдан ясалган. Қолган бутловчи қисмлар жуда пишиқ пўлат қотишмалардан ишлаб чиқилган. Янги кузов, аввалгисидан 50 кгга енгллашган бўлса ҳам, Panamera Turbo электрониканинг кўплиги боис, 25 кгга оғирлашиб, 1995 кгга етган.

4. Янги бензинли моторлар
 
Panamera 4Sдаги "олтилик" ҳамда Panamera Turboдаги "саккизлик" (8 цилиндрли) мотор — турбиналарга эга бутунлай янги куч агрегатидир. Асосий мотор — бу 2,9-литрли V6 битурбо двигатель 440 от кучига эга. Моделнинг Turbo русумига 4 литр ҳажмдаги, цилиндрларни ўчириш имконига эга V8 битурбо мотор ўрнатилган. У 550 от кучига эга. Panamera 4S 4,2 сонияда соатига 100 км тезликка эришса, Panamera Turbo бу кўрсаткичга 3,6 сонияда чиқади. 

5. Янги супердизель

Қайд этиш жоизки, аввалги «Панамера» дизелли «саккизлик» моторга эга эмас эди. Эндиликда, 4 литрли битурбо янги ишлаб чиқилди. У, Audi SQ7 моторига бирмунча ўхшаб ҳам кетади. Янги двигатель 422 от кучига эга бўлиб, салкам 2 тонналик машинани 4,3 сонияда 100 км/соат тезликка олиб чиқа олади. Энг юқори тезлиги 285 км/соат бўлган бундай Panamera дунёнинг энг тезкор дизелли машинаси ҳисобланади. 

6. Энг замонавий PDK "робот"и

Porsche ўзининг роботлашган PDK узатмалар қутисини дунёдаги энг "зўр"и деб аташга журъат этишган. Аммо, у «Панамера» учун махсус янада такомиллаштирилди. PDKнинг янги таснифи ZF компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, 8 босқичлидир. Уни кейинроқ пайдо бўлиши кутилаётган Porsche Panameraнинг гибридли моделларида ҳам қўллаш мумкин бўлади. 

7. Дунёдаги энг йирик карбон-керамикали тормозлар 

Олд ғилдиракларга ўрнатилган карбон-керамикали тормозларнинг диаметри – 420 мм. Бу ҳозирча, серияли машиналар орасида энг катта тормоз дискларидир. Унинг нархи Германияда 9000 еврога яқин туради. Бу ўлчамдаги тормозлар Bentley Continentalга ўрнатилган.

8. Энг тезкор 4/5 эшикли машина

Янги «Панамера»нинг Нюрбургринг пойга йўлагидаги расмий вақти — 7 дақиқа 38 сония. Panamera Turbo карбонли Lexus LF-A, Ferrari 458 Italia ва Nissan GT-Rнинг 2009 йилги модели билан бемалол баҳслаша олади. Умуман, янги «Панамера» жуда-жуда тез. 

9. Энг замонавий салон

Panamera аввалги моделининг салонида кнопкаларнинг кўплигидан ҳайдовчининг боши қотиши мумкин эди. Аммо, бу сафар ундай эмас. Ҳаммаси минимал даражада. Кнопкалар саноқлигина қолдирилган, бошқа вазифаларни марказий консолдаги 12,3 дюмли сенсорли экран воситада бажариш мумкин бўлади. Яна иккита 7-дюймли дисплей приборлар панелига жойлаштирилган. Уларнинг ўнг томондагиси асосан харитани кўрсатишга мўлжалланган. Мультимедиа тизими Nvidia Tegra 3 чипи негизида барпо этилган. У LTE тармоғи орқали интернетга улана олади, Google хариталари билан ишлайди ва хоҳишга кўра ўзгартирса бўлади. 

Орқа консолда яна бир планшет ўрнатилган бўлиб, иқлимни ўзгартириш, навигация тизими маълумотларини кўриш, интернетга уланиш ва шу кабиларни бажарса бўлади. 

10. Матрицали чироқлар ва тунги кўриш имконияти

«Панамера»да илк маротаба матрицали диодли чироқлар пайдо бўлди. Уларнинг ҳар бирида 84 тадан ёруғлик диоди мавжуд. Уларнинг бир донаси мустақил равишда бошқарилади. Тавсиялар рўйхатида шунингдек, тунда кўриш имконини берувчи тизим ҳам бор. У қоронғу вақтда одамлар ва йирик ҳайвонларни таний олади. Бундан ташқари, Porsche InnoDrive тизими навигация тизими маълумотлари, кўрсаткичлар рақамлари ва видеокамералардаги суратларни таҳлил қилиб, олдинги 3 км масофадаги йўлга мос ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқади, круиз-контрол ҳамда узатмалар қутисини бошқара олади. Шу билан бирга, у бурилишлар ва тезлик чекланган ҳудудларда тезликни автоматик пасайтира олади. 

11. Ҳам қиммат, ҳам арзон

Ҳаммаси оддий: Porsche Panamera 4Sнинг янги авлоди 118 600 АҚШ долларига баҳоланган. У, аввалгисидан 15 600 долларга қимматлашган. 550 от кучига эга Panamera Turbo эса, аждоди билан бир хил 154 500 АҚШ доллари туради.

 

Мавзуга оид