Иқтисодиёт | 13:39 / 02.07.2016
66398
8 дақиқада ўқилади

Молиявий пирамида нима? Унга сармоя киритиш керакми?

Раҳматли Нуриддин Ҳайдаровнинг “Дўстим мени алдади” деган қўшиғи бўларди. Молиявий пирамида ташкилотчиларига баҳо берганда мана шу сатрларни бемалол айтиш мумкин.  Молиявий пирамида айнан яқин қариндошларнинг, таниш билишларнинг ташвиқоти билан содда кишилар иштирокида ташкил этилади. Молиявий пирамидага одамларнинг тезроқ бойиш ва осон даромад олишга бўлган интилиши сабаб бўлади. Молиявий пирамидаларда аввалига мўмайгина маблағ тикишингиз зарурлиги айтилади, катта фоизлар ваъда қилинади, берган пулингиз тезда қайтишига ишонтирилади, даромад кўриш учун сиздан танишларингизни жалб қилишингиз сўралади, улар ҳам ўз маблағларини тикиши лозим бўлади. Молиявий пирамида пул маблағларини доимий равишда жалб қилиб турган ҳолда тузилма иштирокчиларини даромод билан таъминлаб туриш демакдир. Унинг бошқача номи сармоявий пирамида деб юритилади. Бунда биринчи иштирокчининг даромади иккинчи ва бошқа иштирокчиларнинг пул маблағлари ҳисобидан таъминланади. Бу даромадларнинг манбаи кўп ҳолларда кўрсатилмайди. Ёки сохта номлар билан декларация қилинади. Бу каби ҳолат фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Қоидага кўра молиявий пирамида ташкилотчилари мижозларга олам-олам ваъдалар беришади. Бироқ иштирокчиларнинг ҳаммасига ваъда қилинган пулларнинг қайтарилишининг имконияти йўқ. Одатга кўра, молиявий пирамидалар тижорат муассаси сифатида рўйхатдан ўтади ва қандайдир лойиҳани молиялаштириш баҳонасида маблағ тўплай бошлайди. Агар лойиҳанинг ҳақиқий даромади мижозларга берилган ваъдалардан кам бўлса, ёки умуман даромад кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда сўнгги мижозларнинг маблағлари биринчи мижозларга берилади. Яъни, Алининг дўпписи Валига кийдирилади. Бунинг охир оқибати лойиҳанинг касодга учраши билан якунланади. Оддий сўз билан айтганда энг сўнгги аъзо бўлган мижозлар қўлларини бурунларига тиққанича қолади, яъни бир қўшиқдаги “билмам адашдим ё тўғри қилдим” деган сатрларни хиргойи қилиб юборганларини ўзлари билмай қолишади.  Улар молиявий пирамидага киритган сармояларидан маҳрум бўлади. Чунки тўпланган маблағлар ликвид активларини сотиб олишга эмас, балки аввалги сармоядорларга пулларни қайтаришга сарфланади. Молиявий пирамида фаолият қанча узоқ давом этса, мижозларга пулларни қайтариш имкониятлари ҳам камайиб бораверади. 

Молиявий  пирамидалар бир қатор мамлакатларда қонунга зид дея эълон қилинган. Масалан, АҚШ, Австралия, Австрия, Албания, Бразилия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Доминикан Республикаси, Эрон, Исландия, Испания, Италия, Қозоғистон, Канада, Хитой, Колумбия, Малайзия, Мексика, Непал, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Польша, Португалия, Россия, Руминия, Таиланд, Тайвань, Туркия, Украина, Филиппин, Франция, Швейцария, Швеция, Шри-Ланка, Эстония, Жанубий Африка Республикаси, Японияда молиявий пирамидалар фаолияти тақиқланган. Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитойда молиявий пирамидалар ташкил этиб, фаолятини юритганлар ўлим жазосига ҳукм қилинади.

Бугунги кунда молиявий пирамида ва фирибгарлик сўзларини синоним сифатида кўриш мумкин. Молиявий пирамидага аъзо бўлмоқчи бўлган янги мижознинг пули уни таклиф қилган иштирокчи ва ундан аввалги иштирокчилар ўртасида тақсимланади. Янги иштирокчи эса икки ва ундан ортиқ кишини жалб қилган тақдирдагина фойда кўриши мумкин. Лекин янги аъзолар сони мунтазам ўсиб боришининг имкони йўқ. Пирамида иштирокчилари бутун бир мамлакат аҳолисининг ҳаммасини қамраб ололмайди, олган тақдирда ҳам бу пирамида қачонлардир танназзулга учраши аниқ. Чунки пирамиданинг 7-10 босқичга чиқишининг иложи йўқлиги тан олинади. Янги аъзоларни жалб қилишга муваффақ бўлмаган иштирокчилар нафақат даромаддан, балки ўзларининг пулларидан ҳам айриладилар. Таҳлилларга қараганда, пирамида иштирокчиларининг 90 фоизи бир тийин ҳам фойда кўришмайди. “Сармоядорларнинг пуллари пирамида ташкилотчисини бой қилади”, деган  фикрларда ҳам жон йўқ. Кўп ҳолларда ташкилотчининг ўзи ҳам касодга учрайди. 

Фото wikipedia
Фото: Wikipedia

Молиявий пирамиданинг тарихи  18 асрга бориб тақалади. Ўша даврдан шу кунга қадар 100 мингта молиявий пирамида фаолият юритган. 2016 йил бошида  жаҳонда 5 мингдан ортиқ молиявий пирамида борлиги аниқланган. АҚШда илк молиявий пирамида келиб чиқиши италиялик бўлган  Чарльз Понци (Понти)  томонидан 1919 йилнинг  август ойида ташкил этилган. У ташкил этган пирамида схемасида биринчи иштирокчи иккинчи иштирокчини таклиф қилиши шарт  бўлмайди. Ташкилотчи биринчи иштирокчига ўзининг шахсий маблағлари ҳисобидан пул беради. Шу тариқа одамлар орасида пул топишнинг янги кўриниши  ҳақида тассавурлар пайдо бўлади. Молиявий пирамидага пуллар келиб туша бошлайди. Ташкилотчи бу пулларни янги сармоядорларга фойда сифатида  тарқатади. Бу  схема маълум муддат ишлайди. Сармоядорлар берган пулларидан-да кўп фойда кўра бошлайди. Бироқ, пул йиғишдан бошқа иш қилмайдиган  фирмага янги аъзолар келиши камайиб боради, охир-оқибат молиявий пирамида қулайди. Ташкилотчилар эса тўпланган пулларни йиғиштириб, қуённи  расмини чизиб, қочишади. Бугунги  кунда замонавий пирамидалар айнан америкалик  Понци схемаси асосида иш юритади. Иш режаси икир-чикиригача ташкилотчилар томонидан ишлаб чиқилган бўлади. 

 “Молиявий пирамидаларда иштирок этиш керакми ёки керак эмасми?” деган савол ўртага чиқади. Бунга “йўқ-йўқ, керак эмас” деб жавоб бериш керак. Бунинг сабаблари бор.
Биринчидан,  молиявий  пирамидадан даромад топганларни ҳеч ким аниқ кўрмаган. “Фалончи шунча фойда кўрибди”, деган сўзлар одамларни чалғитишдан иборатдир. Фойда кўрган бир-икки мижоз -  бу чалғитувчи ҳолат ҳисобланади. 

Иккинчидан, бу тузилма аввал ҳам, ҳозир ҳам ишончли бўлмаган ва келажакда ҳам ишончли бўлмайди. Чунки берган пулларингизни қайтариб олишнинг кафолати йўқ. 
Учинчидан, бу йўл билан даромад топишнинг ўзи инсонлар учун ноқулайдир. Молиявий  пирамида ташкилотчилардан сўнг пирамида тепасида туриб қолганларгагина даромад келтириши сир эмас. 
Ташкилотчиларнинг ваъдаларига ишониб, уй-жойларини, мол-мулкларни сотиб, маблағларини молиявий пирамидага киритган фуқороларнинг ҳатти-ҳаракатларини нима деб аташ мумкин. Шу сабабли ҳам молиявий пирамидаларга маблағларини қўйиш ниятида бўлганларга қарата русларнинг “текин пишлоқ қопқонда бўлади” деган мақолини эслатиб қўйиш керак. Ўзбекларнинг эса “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деган мақоли ҳам бежизга айтилмаган. 

Сўнгги йилларда молиявий пирамидалар интернет тармоқларида ҳам пайдо бўлмоқда. Бу каби пирамидалар ташкилотчилари ўз сафларига мижозларни жалб қилиш мақсадида янги-янги усуллардан фойдаланишмоқда. Агар интернетдаги электрон почтангизга бойиб кетишингиз борасида ёрдам беришлари мумкинлиги борасида хат келган бўлса, огоҳ бўлинг, бу фирибгарликдан  бошқа нарса  эмас. 

Ҳар қандай молиявий пирамида қачонлардир танназзулга юз тутишини асло эсдан чиқариш    керак эмас. Халқимизнинг “Ҳалолидан бўлсин” деган донишмандона гапи нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Шарофидин Тўлаганов

Мавзуга оид