Light | 00:41 / 06.07.2016
27150
5 дақиқада ўқилади

Кўп ўтириш инсонни ҳалокат сари етаклайди

Ҳозирги авлод инсоният тарихидаги энг кўп ўтирувчи авлоддир. Инсон танаси Оллоҳ томонидан яратилган энг мукаммал механизмдир, у сув, ҳаво ва овқатланишга қанчалик эҳтиёж сезса, ҳаракатга ҳам шунчалик муҳтож. Агар инсон юқорида қайд этилган табиат неъматларисиз яшай олмаса, ҳаракатга бўлган эҳтиёжини қондирмаслиги ҳам мумкин. Эртами-кечми, танангиз бундай эътиборсизликка касалликлар билан жавоб қайтаради, уларни эса бартараф қилишдан кўра олдини олган яхшироқ. 

Ўтириш билан курашиш

Бутун дунё бўйлаб камҳаракат ҳаёт тарзига қарши чиқувчилар сони кўпайиб бормоқда. Маърузачилар ўтиришнинг зарари тўғрисида нутқ сўзлаб, бутун бир аудиторияларни тўлдиришмоқда. Энг илғор компаниялар ўз ходимлари учун иш жойларини тик туришга мўлжаллаб яратишмоқда. Мебель фабрикалари бозорга янги - туриб ишлашга мўлжалланган столлар ишлаб чиқаришга шошилишмоқда. Олимлар бизнинг кўплаб касалликларимиз кўп ўтирганимиз боис келиб чиқишини маълум қилишди.

Қандай қилиб шу даражага етиб келдик

Бу буткул бизнинг айбимиз эмас, албатта. Фаол ҳаёт тарзидан бугунги автоматлаштирилган турмуш тарзига ҳаракатланар эканмиз, ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси табиий талаб, яъни бизнинг қулайлигимиз учун хизмат қилади. Биз қулай овқатланишимиз, қулай ҳаракатланишимиз, қулай ишлашимиз, телефонда бемалол суҳбатлашишимиз ва хотиржам телевизор кўришимиз керак. Аждодларимиз тик туриб ўтказган ҳаётнинг аксарият қисмини бизнинг авлод ўтириб ўтказмоқда. 

Куч-қувват қаерга кетади

Инсон организми ўз куч-қувватини уч асосий йўналиш бўйича сарфлайди. Тананинг ҳар бир ҳужайраси нормал ишлаши учун куч-қувватга муҳтож – мушаклар ҳужайраси ёки жигар ҳужайраси бўлсин, ҳаммасига қувват керак. Шунингдек куч-қувват овқат ҳазм қилиш учун ҳам муҳим ва ниҳоят, куч-қувват бизнинг ҳаракатланишимизда етакчи роль ўйнайди. 

Камҳаракат танада нималар содир бўлади

Куч-қувват фақатгина жисмоний ҳаракатларга сарфланмайди. Ҳаттоки майда ҳаракатларимиз ҳам қувват талаб қилади. Ўтирувчи ҳаёт тарзида эса тана қувватини сарфламайди, бунинг натижасида мияга келиб тушадиган сигналлар эса бир қатор мураккаб реакцияларни келтириб чиқаради. Инсон танасининг нозик механизмида бузилиш содир бўлади. 

Ҳам соғлиққа, ҳам ташқи кўринишга зарар

Ўтириш нафақат ортиқча ёғ йиғилишига сабаб бўлади, балки танадаги баъзи табиий жараёнларга ҳам ҳалал беради. Бунинг натижасида эса қандли диабет каби жиддий касалликлар келиб чиқади. Таом истеъмолидан тахминан бир соат ўтиб, қондаги қанд даражаси кескин кўтарилади. Агар биз камҳаракат бўлсак, мушаклар ва ҳужайралар глюкозани сингдирмайди, бу жараён эса кундалик фаолликни сақлаб қолиш учун муҳим, ана шу сингмаган қанд эса ёғга айланади. 

Мактаб тажрибаси

Миннесота штатидаги Рочестерда Apple компаниясининг қўллаб-қувватлаши остида олимлар мактаб ўқувчилари иштирокида тажриба ўтказишди. Болаларга ҳаракатланувчи платформаларда ноутбуклар беришди ва ўқув куни давомида ўтиришдан бошқа истаган ҳолатларига киришлари мумкинлиги айтилди. Улар кун бўйи тик туришди ёки ҳаракатланишди. Тажриба давомида ҳар бир ўқувчининг соғлиғи назорат қилинди. Ўқувчилар қанча узоқ вақт туриб ўқишган бўлса, уларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғи шунча яхши кўрсаткичларни намойиш этди. 

Ақллироқ ва хотиржамроқ бўлиш

Тажрибанинг бошланиш давридан икки ой ўтиб, ўқитувчилар ўқувчиларнинг ҳожатга камроқ рухсат сўраётганларини, камроқ чалғиётганликларини, ортиқча ҳаракат қилмаётганликларини ва бир-бирларига яхшироқ муносабатда бўлаётганликларини сезишганини маълум қилишган. Ниҳоят, ўқувчилар давлат имтиҳонларида ўтган йилга нисбатан 20 фоизга яхши натижа кўрсатишган. 

Нимадан бошлаш керак?

Мебель дўконидан туриб ишлаш учун стол буюртма қилиш мумкин, лекин бу бироз қимматга тушади. Истасангиз, уни ўз қўлингиз билан ясанг. Энг асосий ва осон йўли эса иш куни давомида имкон қадар кўпроқ ҳаракат қилинг. Масалан, телефонда юриб суҳбатлашинг. Столга сув солинган стакан қўйинг, ундаги сув тугагач, яна тўлдиришга тўғри келади. Ҳамкасбларингиз билан туриб суҳбат қуринг. Ана шундай майда ўзгаришлардан бошласангиз, танангиз сиздан фақат миннатдор бўлади.

Мавзуга оид