Light | 19:41 / 01.08.2016
14049
6 дақиқада ўқилади

Бир шаҳар тарихи: Барселона – Серданинг меҳнат маҳсули

Барселона қандай қилиб яшаш учун мўлжалланмаган шаҳарчадан санъат дурдонасига айланди?

XIX аср ўрталарида Барселонада илғор портга эга саноат шаҳри бўлган ва вақт ўтган сари у ердаги кишилар сони кўпая бошлаган. Шаҳар Испаниянинг қолган қисмидан сезиларли равишда илдамлаб кетган ва Европа давлатининг пойтахти бўлишга тайёр эди. Шунга қарамай, унинг 187 минг кишидан иборат аҳолиси кичик ҳудудни ўз ичига олган қалъа чегараларида яшашда давом этган. 

Бир гектарга 856 киши аҳоли зичлигига эга шаҳарда ўсиб бораётган ўлим кўрсаткичлари Париж ва Лондоннинг бундай кўрсаткичларидан анча юқорилаб кетган – бу ердаги ҳаётнинг ўртача давомийлиги яхши таъминланган аҳоли учун 36 ёш, ишчи синф учун 23 ёшни ташкил қилган. Шаҳар деворлари соғлиқ учун таҳдид сола бошлаган. 1843 йилда ҳукумат деворни бузиш зарурлигини айтиб, халққа мурожаат қилган. 

Бир йил ўтиб, демонтаж ишлари бошланган. Энди шаҳар ва ҳукумат ўсиб бораётган аҳолини қайта жойлаштиришга оид лойиҳа устида ишлаб, уни амалга ошириш қолганди. Ўша пайтлар ҳали танилмаган меъмор Ильдефонс Серда шаҳарни радикал  кенгайтириш лойиҳасини таклиф қилган – эски деворлар ташқарисида – кўчаларнинг тўрсимон жойлашуви режасини тақдим этди ва уни “Эшампле” (eixample — «кенгайиш») дея номлади. 

XIX аср бошларига келиб, қалъа деворлари орасида сиқилиб қолган эски Барселона шу қадар тўлиб кетдики, ишчилар ҳам, зодагонлар ҳам, фабрикалар ҳам бир жойда жойлашишига тўғри келган, деб ёзади “Эшампле: 150 йиллик тарих” китоби муаллифи Льюис Перманье. Кўчалар марказида аркалар сурилган, олдинга чиқувчи фасад техникаси қўлланган, қарама-қарши бинолар деярли бир-бирига ёпишиб қолган. Йўл ҳаракати (от-аравалар) ҳам қийинлашган: шаҳарнинг энг тор кўчаси кенглиги атиги 1,1 метрни ташкил қилган ва тахминан 200 кўча уч метрдан тор бўлган. Бу Ўрта ер денгизи ҳаёт тарзи билан уйғунлашиб, шусиз ҳам шаҳарнинг ночор гигиеник аҳволини янада тубанлаштирган. 

Барселона ҳалокатли эпидемияларни бошидан ўтказган: Барселона география ва урбанизация Автоном университети профессори Монсеррат-Палларес-Барберанинг ёзишича, уларнинг ҳар бири аҳолининг 3 фоизини қириб ташлаган. 1834 йилдан 1865 йилга қадар вабо 13 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган. Серда ана шу дамда ўз ишини бошлаган. Унинг режаси эски шаҳар ва унинг атрофидаги етти қишлоқни бирлаштирувчи тўғри бурчакли тўрсимон кўчалар қуришни ўз ичига олганди.

Бирлаштирилган кенглик эски шаҳардан деярли тўрт баробар катта бўлган. Серда ўтмиш хатоларини четлаб ўтишга қарор қилди. У замонавий шаҳар билан боғлиқ биринчи илмий тадқиқот муаллифига айланди. У ҳар бир инсонга қанча ҳаво кераклигини чамалаб, машҳур касблар рўйхатини тузиб чиққан ва инфратузилмага қўйиладиган талабларни белгилаб берган. Булардан ташқари, у тор кўчалар ўлим ҳолати ўсишига олиб келади, деган хулоса чиқарган. Қисқа қилиб айтганда, Серда “урбанистика” атамаси ва шундай тартибни яратган. У 1867 йилда ўзининг “Урбанизациянинг умумий назарияси” китобида бу тушунчага изоҳ бергунга қадар, ушбу атама на испан, на инглиз ва на француз тилларида бўлмаган. Ҳар бир даҳа марказида боғ барпо этилиши, тартибга солинган йўл ҳаракати ўша пайт учун революцион ғоя ҳисобланган, буларнинг аксарияти ҳаётга татбиқ этилган.

Эшампле бугунги кунда ҳам Барселонанинг ёрқин белгиси ҳисобланади: саккиз бурчакли даҳалар йўл ҳаракатини енгиллаштирувчи ажойиб восита бўлган. У пайтлар автомобиллар бўлмаган, лекин Серда кўп нарсани олдиндан кўра билган. Ҳаттоки бугунги кунда ҳам бундай режалаштириш Эшампледаги транспорт ҳаракатини сезиларли равишда яхшилайди. Шундай бўлса-да, бу ғояларнинг ҳеч бири ўша даврда яшаган барселоналиклар томонидан муносиб баҳоланмаган.

Шаҳар кенгаши 1859 йилда шаҳарни кенгайтириш режаларининг очиқ танловини эълон қилганида, унда шаҳарнинг бош архитектори Антони Ровира ғолиб бўлди. Бироқ, ижтимоий аҳамиятга эга объектларнинг янги вазирлигини ташкил қилган  испан ҳукуматининг кутилмаганда аралашуви натижасида Серданинг режаси қабул қилинган. Шуни таъкидлаш керакки, Серда кўп саёҳат қилган, бироқ меъмор сифатида у қадар машҳур бўлмаган, шу боис Барселона меъморлари унга ишончсизлик билан муносабатда бўлишган.

Шаҳарнинг етакчи меъморлари унинг лойиҳаларини қаттиқ танқид остига олишган. Рақиб меъморлар ундан юз ўгиришган бўлса-да, аҳоли бундай йўл тутмади. Перманьенинг фикрича, Серданинг режаси “умумий эркинлик” ғоясини ўз ичига олган. У таснифларга ажратилмаган ҳудудни яратган – унинг лойиҳасида ҳамма (бой ҳам, камбағал ҳам) бирдек аҳамиятга эга бўлган. Кейинги ўн йилликларда Эшампле туман мақомига кўтарилди. Серда ниҳоят ўз ватанида тан олина бошланди.

Барселона муваффақиятли шаҳар қурилиш тизимида ибрат дарслиги бўлиб хизмат қила бошлади ва бу муваффақият Серданинг меҳнати билан боғлиқлигига шубҳа қолмади. У яшашга мўлжалланмаган шаҳарчани замонавий шаҳарга айлантира олган машҳур меъмор сифатида тарихда ўз номини муҳрлади. 

Мавзуга оид