Жамият | 21:18 / 19.08.2016
4585
8 дақиқада ўқилади

“Специальный корреспондент” Ўзбекистон ҳақида: изоҳга ҳожат бор

Бугун мамлакатларнинг жаҳон ҳамжамиятида тутадиган мавқе ва нуфузи улар олиб борадиган ахборот сиёсатига чамбарчас боғлиқ бўлиб қолди. Халқаро майдонда кечаётган бу жараёнлардан, албатта, Ўзбекистон ҳам четда қололмайди. Ваҳоланки, айни пайтда дунёнинг турли мамлакатлари ташқи информацион сиёсатининг асосини бошқа давлатларга нисбатан ахборий хуружлар уюштириш ташқил қилади. Хўш, бушароитда Ўзбекистонинг позицияси қандай бўлиши керак? Ахборот хуружлари аслида қандай хафвни ўз ичига олади? Уларнинг олдини олиш мумкинми?

Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистон мавзуси кўпроқ АҚШ, Туркия, Россия ҳамда Ўрта Осиё мамлакатлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади. Хусусан, Россиянинг ВТРК телевидениеси “Специальный корреспондент”кўрсатувида Ўзбекистон мавзуси бир неча маротаба ёритилган. Кўрсатувининг 2011 йил 24 апрель сонида намойиш этилган “Без России” ҳужжатли фильми Ўзбекистонда истиқомат қиладиган рус миллатига мансуб аҳолининг турмуш тарзини ёритишга бағишланади. Фильм муаллифи – “Специальный корреспондент” кўрсатуви мухбири Александр Рогаткин.

Фильм бир қанча одамларнинг тўпланиб хўроз уриштираётгани саҳнаси билан бошланади. Ваҳоланки, бу кадрнинг фильм мавзусига умуман алоқаси йўқ. Аслида дастлабки сониялардан бошлаб томошабин онгини салбий муносабатда бўлишга дастурлаб қўйиш учун бу саҳнадан фойдаланилган. У орқали ваҳший, ёввойи одамлар образи яратилган. Натижада томошабин онгида бу образ ва ўзбек халқи ўртасида ассоциацияқатори пайдо бўлади. Кадр фильм давомида бир неча маротаба қайта-қайта берилади. Бу томошабин онгида ҳосил бўлган образни мустаҳкамлаш учун қўлланилган методдир. Кейинги кадрларда эшак-арава ҳайдаб бораётган одам, ит уриштириш саҳнаси, касалванд рус аёли кўрсатилади. Томошабинда ҳосил бўлиши мўлжалланган тасаввур: ўзбеклар – ваҳший халқ, руслар Ўзбекистонда оч-ночорликда ҳаёт кечирмоқда. Муҳими шундаки, бу тасаввур фильм намойиш этилишидан олдин томошабинга сингдирилиб бўлинди. Ижтимоий онг дастурланди. Энди фильмнинг ўзи бу тасаввурни мустаҳкамлаш вазифасини бажаради. Бунда қуйидаги манипулятив методлардан фойдаланилган:

  •  “Ассоциация қатори” методи (хўроз уриштириш саҳнаси – ваҳшийлик – ўзбеклар);
  •  “Биринчи кадр” методи – аудитория онгини олдиндан муайян муносабатда бўлишга дастурлаб қўйиш;
  •  “Шок терапияси” методи – фильмнинг биринчи саҳналаридан намойиш этилган ваҳшийлик саҳналари томошабин онгига шок терапияси эффектини кўрсатади. Натижада муайян вақт давомида индивид онги ўша шок таъсирида бўлади ва ҳар қанақа ахборотни ўзлаштиришга тайёр бўлади.
  •  “Ёрлиқ ёпиштириш” методи (ўзбеклар + ваҳшийлик)

Ҳужжатли фильмда мавзуга алоқадор бўлмаган, бироқ ўзбеклар ҳақида муайян тасаввур шаклланишига ҳизмат қиладиган кадрлардан кўп фойдаланилган. Қуйида ҳужжатли фильм матнидан олинган айрим парчаларни таҳлил қиламиз:

“Якшанба кунлари шаҳар ташқарисида одамлар хўроз уриштириш учун тўпланишади. Аслида бу каби тотализаторлар Ўзбекистонда таъқиқланган, бироқ ими-жимида бўлса мумкин. Ғолиб чиққан хўрознинг эгаси битта ойлик маош ёки бир нечта нафақа пулига тенг маблағни ютиб олиши мумкин”.

Бу сўзлардан кейин Ўзбекистонда тўпланадиган нафақалар миқдори ҳақида гап кетади. Гўё юқоридаги гаплар бу мавзуга ўтиш учун айтилгани тасаввури шакллантирилади. Бироқ, аслида хўроз уриштириш ўйинлари ва нафақалар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Бу яна бир карра ўзбекларнинг ваҳший қиёфасини яратиш учун қўлланилган метод, холос. Умуман олганда, бу матнинг умумий мавзуга кириш қисми бўлиши учун кўрсатув тематикасидан анча йироқ. Демак, у шунчаки манипулятив таъсир ўтказиш мақсадида қўлланилган. Зотан, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган рус миллатига мансуб аҳоли ҳаётини ёритиш ва хўроз тотализаторлари ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ.

Кўрсатув давомида бошловчи ва респондентлар нутқида айрим ҳолатларни масҳара қилиш, кулгуга олиш, пичинг, кесатиқлар кузатилди. Масалан:

  • “Нафақамисан нафақа! Миллионерлар!”
  • “Тўғри-да, ёш авлодга халқлар дўстлиги ва меҳмондўстлик ҳақидаги қарашларни сингдиришдан нима фойда?”

Кўрсатувда ҳар қанақа ҳолат муаллиф учун керакли бўлган ракурсдангина ёритилган. Масалан, кўрсатув қаҳрамонларидан бири – нафақахўр Атонина Николаеванинг айтишича, унинг яқинлари ва қариндошлари ундан юз ўгирган, фақатгина маҳалладошлари хабар олиб туради, ҳар куни галма-гал йўқлаб чиқади. Бироқ бу жиҳатга бошловчи эътибор қаратмайди, изоҳламайди. Негаки, қўшнисидан хабар оладиган ўзбеклар ва яқинидан юз ўгирган руслар ҳақидаги лавҳа кўрсатувнинг умумий мақсадига зид келган бўларди. Яна бир вазиятда қаҳрамонлардан бири Валентина Зинкевич “Нега Россияга кетмайсиз?” деган саволга “Россиядаги ҳаёт бу ердагидан ҳам оғир” деб жавоб беради. Бироқ бошловчи фикрни изоҳлашни сўрамайди, аксинча респондент гапи узиб қўйилади. Бунинг ўрнига муаллифлар бошқа ҳолатларга урғу беришни афзал топган. 

Кўрсатувда фақатгина битта нафақахўр – Антонина Николаева ҳақида гап боради. Бироқ бошловчи буни умумий ҳолат сифатида кўрсатишга уринади. Шунингдек, бу усул касалликка чалинган рассом образи орқали азият чекаётган рус диаспораси тимсолини яратиш учун ҳам қўлланилган.  Зеро, кўрсатувнинг информацион скелети асли қуйидагича:

  • Ўзбекларнинг хўроз ва ит уриштириш ўйинлари;
  • Нафақахўр Антонина Николаеванинг ночор турмуши;
  • Алданган рассомнинг касалга чалингани;
  • Рус мактабларининг ёпилгани;
  • Безорилик қурбони бўлган қиз ҳикояси;
  • Елена Урлаеванинг руҳий касалхонада мажбуран даволаниш ўтаги ҳақидаги лавҳа.

Бу маъумотларнинг барчаси вазият ҳақида муайян тасаввурни шакллантириш учун реал ҳолат воқеликлари ичидан танлаб олинган. Аслида улар умумий манзара ҳақида ҳеч қандай тасаввур бермайди. Бу ахборотни саралаб узатишдир. Агар аксинча бўлганида юқорида салбий жиҳатлар билан бирга ижобий тарафлар ҳам кўрсатилган, хусусий ҳолатлар эмас, умумий вазият тилга олинган бўларди.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги ҳолатлар аудиторияда Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотишга қаратилганини уларда қўлланган бир қанча манипулятив методлар тасдиқлайди. Зеро, бугунги кунда ташқи ахборот сиёсати олиб бориш глобаллашаётган дунё талабларидан бирига айланган. Бироқ бу сиёсатнинг бошқа давлатлар имиджини путур етказиш ва унга қарши ахборот урушлари олиб бориш орқали амалга оширилиши – масаланинг муаммоли жиҳатидир.

Бугун ахборот оқимини тўхтатишнинг иложи йўқ. Зеро, ҳар қандай ёпиқ жамиятда ҳам ахборот ўз аудиториясини топиб боради. Шу билан бирга, турли манипулятив усуллар билан жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатишда давом этади. Шундай экан, шахснинг ахборий-психологик хавфсизлиги ва тафаккур эркинлигини таъминлаш ниҳоятда мушкул масала. Наздимизда, бу мавзуга оид илмий тадқиқот ишларини давом эттириш, ахборот хуружларига қарши тезкор ва ҳозиржавоб миллий ОАВ фаолиятиини йўлга қўйиш орқалигина муаммонинг ечимини топиш мумкин. 

Моҳларойим ҚАЮМОВА,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетиталабаси

Мавзуга оид