Light | 11:48 / 24.08.2016
36731
5 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг хавфли йўллари ўнталиги

Автомобилда саёҳат қилувчилар кескин хавфли бурилишлар, чалкашиб кетган айланма йўллар, хавфли вазиятлар ва турли хил ҳолатларга дуч келган бўлиши аниқ. Бироқ, моҳир ҳайдовчилар ҳам қуйидаги энг мураккаб йўллар 10талигининг биридан ўтишларига тўғри келса, бирмунча хавотирланишлари турган гап. Шу билан бирга, бу йўллардан ўтишдан тап тортмайдиган жасур ҳайдовчиларни, йўлакларнинг торлиги, айланмали пастга тушишлар баробарида каллакесарлар ҳам кутиб туришлари мумкин. 

1.  Олд Юнгас Роуд, Боливия

Ла-Пас ва Коройко шаҳарларини боғловчи йўлнинг 65-кмлик бўлаги қоятошлар ёнгинасидан ўтади. Бу ерда, соатига 15 км тезликдан тезроқ ҳаракатланган ҳайдовчини учратиш ноёб ҳодиса. Шунга қарамай, йилига автомобилларнинг пастга қулаши оқибатида камида 200 киши ҳаётдан кўз юмади. 

2.  Шоссе Карнали, Непал

Непалнинг Карнали номли «шоссе»сида (шоссе дейиш мумкин бўлса, албатта) Боливиядагидан 4 баравар камроқ инсон ҳаётдан кўз юмади. Балки бунга, йўллардаги автомобиллар қатновининг зич эмаслиги сабабдир. Ахир ўйлаб кўринг, 250-километрлик йўлнинг ҳар бир тепага кўтарилиши пастга қулаш таҳдиди билан ёнма-ён туради. 

3.  Атлантик Роуд, Норвегия

Умуман, Норвегиянинг Кристиансунн ва Мольде шаҳарлари оралиғидаги 8 кмлик йўл ажойиб манзараси билан ажралиб туради. Бироқ, икки шаҳар ўртасида қатнаётган ҳайдовчи денгиз бўрони вақтида сув остида қолувчи 8та кўприкни ортда қолдириши керак бўлади. Бундан ташқари, ён томондан эсадиган кучли шамолга моҳирона чап беришни ҳам унутмаслик даркор. 

4.  Витим кўприги, Россия

 

Айтиш мумкинки, бу кўприкдан ўтишга журъат этган ҳайдовчи, дарёнинг нариги соҳилига ўтгунича ўта совуққонлигини намойиш этиши лозим. Шу билан бирга жуда довюрак бўлиш ҳам талаб этилади. Ахир, кўприк тўсинларига бўлган ишонч нақадар заиф бўлса, унинг эни ҳам шунчалик хавф туғдиради. 

5.  Гуолян тоғ туннели, Хитой

Гуолян сўзи хитойчадан таржима қилинганда «хатони кечирмайдиган йўл» маъносини англатади. Қоялардаги 30дан ортиқ ўзига хос «дарча»лар, бир пайтлар маҳаллий аҳоли томонидан сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ўйилган. Ахир бу ерда автомобилда ҳаракатланиш жуда хавфли эканини суратдан ҳам илғаш қийин эмас. 

6.  Жеймс Далтон шоссеси, Аляска

Алясканинг нефть конларига эга бўлган ушбу ҳудуди билан яқин орадаги йирик аҳоли пунктигача бўлган масофа 666 кмни ташкил этади. Ҳа, узоқ масофага қатновчи ҳайдовчилар Жеймс Далтон шоссесида оз эмас, кўп эмас, айнан шунча километрни ортда қолдиришлари керак бўлади. Қишки мавсумда эса, у ҳақиқий муз майдонига айланади-қолади. 

7.  Бирдамлик Авенюси, Филиппин

Ушбу 12 кмлик йўлнинг энг катта офати шундаки, унинг йўлаклари сони 18тага етгани билан, дренаж тизимининг нотўғри жойлаштирилгани боис, умуман тушунарсиз ҳолат вужудга келган. Бундан ташқари, ёмғир вақтида кенг йўл сув остида қолиши ҳайдовчилар учун ҳақиқий бош оғриғига айланади. Шу билан бирга, бу йўлда йилига бир неча минг кишининг ўлишига, тирбандликни ҳам сабаб қилиб келтириш мумкин. Унда, велосипедда кетаётганни, пиёда ёки мотоциклни кўрмай қолиш ҳеч гап эмас. 

8.  Нанга Парбат Пасс, Покистон

 

Покистон тоғларининг денгиз сатҳидан 3 км баландликдан ўтувчи 16 километрлик йўлида автомобилни бошқариш ҳақиқий даҳшатнинг ўзгинаси, дейиш муболаға бўлмайди. Нанга Парбат Пасс йўлининг жуда торлиги билан бирга, йўл четига ҳеч қандай тўсиқ қўйилмагани у ёқда турсин, шағалли йўлдаги ҳар бир бурилиш жуда хавфли тус олади. 

9.  Стельвио довони, Италия

Италиянинг ушбу довонидан қишки мавсумда ўтиш ҳайдовчидан жуда катта моҳирликни талаб қилиши тайин. 2,7 кмлик баландликда ўтувчи йўлда 180-даражали бурилишни яхшигина қия йўлда амалга ошириш лозим. Бунинг устига йўлда муз қопламаси бўлса, ҳайдовчи машина билан пастга шўнғиши учун кўп ҳам уриниши шарт эмас. 

10.  Кобул-Жалолобод шоссеси, Афғонистон

«Ўлим водийси»дан ўтувчи йўл айниқса хорижлик ҳайдовчилар учун осон бўлмаслиги ва уларни хурсанд қилмаслиги аниқ. Гап шундаки, бу ерда тиш-тирноғигача қуролланган толибон жангариларнинг катта гуруҳи фаолият юритади. Бундан ташқари, тоғ йўлларига ҳамма ҳам дош бера олмайди.

Мавзуга оид