Иқтисодиёт | 12:18 / 29.08.2016
18336
1 дақиқада ўқилади

Қатар янги солиқ турини амалиётга жорий қилди

Қатар ҳукумати мамлакатнинг Дохадаги Hamad International Airport энг йирик халқаро аэропортидан парвоз қилувчи йўловчиларга солиқ жорий қилди, деб хабар қилмоқда Амирликнинг Arabian Business нашри.

35 қатар риёли (9,6 доллар) миқдоридаги солиқ барча йўловчилар, жумладан транзит ва чартер рейслари орқали парвоз қилувчилардан ҳам олинади. Маҳаллий сайёҳлик операторларига юборилган кўрсатмаларга биноан, солиқ 30-августдан кучга киради ва жорий йилнинг биринчи декабридан кейинги чипталардан олинади. 

Форс кўрфази мамлакатлари сўнгги вақтларгача дунёнинг кўпгина давлатларидан фарқли равишда аэропортлардан фойдаланганлик учун солиқ олишмаган, деб ёзади нашр. Жорий йилнинг бошларида шу каби солиқ солингани ҳақида БАА ҳукумати маълум қилганди. 

Қатар давлат бюджети ижросида охирги 15 йил ичида илк маротаба камомад қайд этилиши мумкин. Бунга жаҳон бозорларидаги нефть нархининг арзонлиги сабаб бўлмоқда. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, унинг миқдори 10 млрд доллардан ошади. 

Мавзуга оид