Жаҳон | 10:08 / 13.10.2016
18979
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги 20 йилдаги энг ҳалокатли табиий офат қайси эканлигини биласизми?

Фото: TACC

1996 йилдан 2015 йилга қадар дунёда 1,35 миллион киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида БМТнинг Табиий офатлар хавфини камайтириш идораси (UNISDR) ва Бельгия Ҳалокатлар эпидимиологияси тадқиқот марказининг (CRED) ҳисоботида маълум қилинди. 

Тадқиқот муаллифларининг сўзларига кўра, 1996 йилдан 2015 йилгача 7056 табиий офат қайд қилинган. Уларнинг таъкидлашича, зилзила, цунами ва вулқон каби "геофизик офатлар" сони деярли аввалги ўн йилликлардагидек сақланиб қолган. Иқлим ва об-ҳаво билан боғлиқ офатлар (сув тошқинлари, бўрон, иссиқлик тўлқинлари) сони эса икки баробардан кўпроқ ошган (яъни 3017дан 6392гача).

"Сўнгги 20 йил ичида табиий офатлар натижасида ҳалок бўлган 1,35 миллион кишининг ярмидан кўпи зилзила қурбони бўлган, қолгани эса иқлим ва об-ҳаво билан боғлиқ ҳалокат таъсири остида ҳалок бўлган", - дейилади ҳисоботда. 

Охирги 20 йил ичидаги энг кўп инсон ҳаётига зомин бўлган табиий офат 2010 йилда Гаитида рўй берган зилзиладир, у 229 699 нафар кишининг ўлимига сабаб бўлди. Қурбонлар сони бўйича биринчи учликка 2004 йилда Индонезияда кузатилган ер силкиниши ва цунами (қурбонлар сони - 182 136), шунингдек 2008 йилда Мьянмада бўлиб ўтган "Наргис" тропик циклони (139 515) ҳам киритилди.  

БМТ бош котиби Пан Ги Мун бугун, 13 октябрда Халқаро ҳалокатлар хавфини камайтириш куни нишонланиши муносабати билан дунё ҳамжамиятини "хавфни бошқариш"га кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Унинг фикрича, қурбонлар сонини камайтириш учун офатларга "муносабат билдириш маданияти"дан уларнинг олдини олишга ўтиш керак. 

Мавзуга оид