Жаҳон | 20:40 / 18.10.2016
9545
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти ўзининг жиноятчиликка нисбатан қаттиққўлиги сабабини маълум қилди

Фото: kami.com.ph

Филиппин президенти Родриго Дутерте ўзининг жиноятчиликка нисбатан қаттиққўлигини болалигида католик руҳоний-баччавоз томонидан тегажоқликларга учрагани билан тушунтирди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда

"Баъзида бутун кейинги умрингизга таъсир қиладиган воқеалар бўлади", деб айтди Дутерте.

Дутерте гиёҳвандфурушларга қарши муросасиз муносабатини улар кўпчилик ёшларни мажруҳ қилишлари билан тушунтирди. "Сизлар менинг давлатимни барбод қилмоқдасиз, мен сизларни ўлдираман – бу қонуний. Агар сиз бизнинг болаларни йўқ қилсангиз – мен сизни ўлдираман. Бу тўғри йўл", деб қўшимча қилди Дутерте.  

Дутерте биринчи марта жинсий тегажоқликларга учраганини 2015 йил декабрда маълум қилган. Ўшанда у руҳоний унга бола бўлганда тегажоқлик қилишга уринганини гапириб берган. 

Дутерте май ойида президент этиб сайланди. Унинг асосий сайловолди ваъдаси гиёҳвандфурушларга қарши қаттиққўл сиёсат юргазиш бўлган. У, жумладан гиёҳвандфурушларни ўлдириб, уларни Манила кўрфазига ташлашини айтган. У сайловларда ютгандан кейин гиёҳвандфурушларни ўлдирганлик учун медаллар беришга ваъда берган ва тақиқланган моддаларни тарқатганлик ва бошқа оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайтариш ниятидалигини айтган. 

Жамоатчилик фикрини ўрганиш давомида Дутертенинг жиноятчиликка қарши сиёсатини Филиппиннинг 76 фоиз аҳолиси қўллаб-қувватлаши маълум бўлган.

Дутертенинг бундай қаттиққўл усуллари ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар ва католик черков томонидан кескин танқид қилиб келинмоқда.

 

Мавзуга оид