Дутертенинг вориси Филиппин президенти сайловларида иштирок этмасликка қарор қилди
Филиппин президенти Родриго Дутертенинг вориси деб ҳисобланган сенатор Кристофер Бонг Го 2022 йилги президент сайловларидан ўз номзодини олишини эълон қилди.
Reuters ахборот агентлигида таъкидланишича, Го сайловолди пойгасини тарк этгандан кейин Дутерте президент лавозимига номзод сифатида кимни қўллаб-қувватлаши мавҳум бўлиб қолди. Мамлакат конституциясига кўра амалдаги президент ушбу лавозимни бошқа эгаллай олмайди.
“Президент Дутерте ва мен халқимизга астойдил хизмат қиладиган ва Дутертенинг фарзандларимиз фаровон ва хавфсиз яшаши йўлида қилган ишларини ҳимоя қиладиган ва давом эттирадиган номзодни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, деб айтган Го ўз нутқида.
Сиёсатчининг таъкидлашича, у ўз “отаси”дек бўлиб қолган Дутертега “кўпроқ муаммолар туғдирмаслик” учун сайловлардан номзодини олишга қарор қилган.
“Мен унга содиқ бўлиб қоламан ва ҳар доим у билан бирга бўлишга ваъда бераман”, деб қўшимча қилган Го.
Филиппинда умумий сайловлар 2022 йил 9 майга белгиланган.
Аввалроқ Дутерте 2022 йилда президентлик муддати якунлангандан кейин сиёсатдан кетишини эълон қилганди. У президент лавозимини 2016 йилдан бери эгаллаб келади.
Дутерте жиноятчиликка, жумладан оғуфурушликка қарши аёвсиз кураши билан эсда қолади. 2016 йилдан 2019 йилгача бу кураш давомида мамлакатда минглаб одамлар қатл этилган. У, шунингдек, полицияга карантинга риоя қилмайдиганларни отишни, эмланмаганларни панжара ортига жўнатишни буюрган.