Жамият | 15:45 / 25.10.2016
7025
6 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Франция ҳукумати Каледаги «Жунгли»дан муҳожирларни кўчирмоқда

Фото: AP

Франциянинг Кале шаҳри яқинидаги ноқонуний муҳожирларнинг ноқонуний лагери душанба кундан бошлаб бузила бошланди. Муҳожирлар бошқа марказларга жўнатилмоқда. Ноқонуний лагернинг бузилиши чегара муносабатларини меъёрга солувчи Франция-Буюк Британия Битимига мос келади.

Буюк Британия парламентининг Викилар палатасида чиқиш қилган Ички ишлар вазири Эмбер Радд шундай баёнот берди: “Лагернинг бузилиши нафақат бизнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларга, балки миллий манфаатларимизга ҳам мос келади. Чунки, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан муҳожирларнинг келиши Франциянинг мазкур битимга амал қилишини савол остига қўярди”.

2003 йилда Лондон ташаббуси билан  Франция ва Буюк Британия ўртасида Буюк Британияга келувчи муҳожирлар оқимини тартибга соладиган битим имзоланган эди. Бу ҳужжатга кўра, паром ёки темир йўл орқали Ла-Манш бўғозидан ўтувчи муҳожирлар Франция ҳудудларида текширилади. Шу сабабли ҳам Кале шаҳрида муҳожирларнинг ноқонуний лагери пайдо бўлган эди. Улар айнан Кале шаҳри орқали Буюк Британияга осонлик билан ўтишни мўлжаллашган.

Айни дамда ноқонуний муҳожирлар лагерида бўлган 2 минг 318 муҳожир қонуний ташкил этилган марказларга жойлаштирилди. Уларнинг 1918 нафари балоғатга етмаган болалардир. Муҳожирларни мамлакатдаги 80та марказга элтиш учун 45та автобус жалб қилинди. Франция  Ички ишлар вазири Бернар Казнёвнинг айтишича, Буюк Британияга юбориладиган 400 нафарга яқин ўсмир муввақат марказга жойлаштирилди. Муҳожирларни кўчириш амалиётларига 1200 нафардан ортиқ полиция ва жандармерия ходимлари жалб этилди. Бернер Казнёвнинг сўзларига қараганда, Буюк Британия балоғатга етмаган барча муҳожирларни қабул қилишга рози бўлган. Лондон муҳожирлар билан боғлиқ инқирозни ҳал қилиш мақсадида Францияга қўшимча 40 миллион  евро ажратади.

Лагернинг бузилишини орзиқиб кутган маҳаллий аҳоли ўз хурсандчиликларини яшира олмаяпти. Улар эндиликда тинч-ошойишта ҳаёт бошланишига умид қилишмоқда.

Бугунги кунда Калега кўплаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. 450 нафардан ортиқ журналист аккредитациядан ўтган. Бироқ рўйхатдан ўтмаган журналистлар ҳам борлиги сир эмас. Умумий ҳисобда шаҳарда 700 нафарга яқин  журналист фаолият юритмоқда.

Йил бошидан бери Францияда ноқонуний муҳожирлар учун 283та марказ ташкил этилган. Кале яқинидаги муҳожирлар лагери Франциядаги энг йирик “харобалар шаҳарчаси”, айрим ҳолларда “жунгли” деб номланади. Бу ерда 6 мингдан  8 минг нафаргача муҳожир истиқомат қиларди. Улар яхши ҳаёт орзусида қуролли низолар давом этаётган Судан, Афғонистон ва Эритреядан келган. Муҳожирлар  имкон қадар Буюк Британияга ўтишга интилишади. Бунинг учун Ла-Манш остидан ўтувчи “Евротуннел”дан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Аммо уларнинг бу каби саъй-ҳаракатлари кўп ҳолларда фожиа билан тугайди.

Муҳожирларнинг айримлари Каледаги лагерни тарк этишни истамаяпти. “Муҳожирлар учун бошпана” уюшмаси раҳбари Кристиан Саломанинг айтишича, Калени ноқонуний муҳожирлар тўлалигича тарк этганидан сўнг ҳақиқий қийинчиликлар бошланади. Яъни нима бўлса-да, Буюк Бритианияга ўтишга уринган муҳожирлар муаммолар келтириб чиқаради. Бу каби кайфиятда бўлганлар сони тахминан икки минг нафарни ташкил қилади. "Франция – бошпаналар ўлкаси” уюшмаси раҳбари Пьер Анри ҳам бу фикрларга қўшилади.

Шу йилнинг сентябрь ойи сўнггида президент Франсуа Олланд  амалий ташриф билан Кале шаҳрига келди. У харобаларни бузиб ташлашга ваъда берди.

Муҳожирларнинг оммавий равишда Европа сари йўл олишига 2010-2011 йилларда минтақада юз берган қуролли тўқнашувлар ва беқарорликлар сабаб бўлди. Муҳожирларнинг катта қисми Италия ва Грецияга жойлашишга уринди. Шу сабабли ҳам Европа Иттифоқи Адлия ва Ички ишлар Кенгаши ўтган йилнинг 22 сентябрида Италия ва Грециядан қўним топган 120 минг муҳожирни яқин 2 йил давомида Европа Иттифоқи мамлакатларига тақсимлаш борасидаги қарорга келди. Бу борадаги қарор Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Бироқ овоз бериш жараёнида Финляндия бетараф қолди. Чехия, Венгрия, Руминия ва Словакия қарши чиқди.

Шу йилнинг 9 ойи давомида Европага Ўрта Ер денгизи орқали 317 мингдан ортиқ муҳожир ва қочқин келди. “Яхши ҳаёт” орзусида йўлга чиққан 3 минг 632 нафар муҳожир вафот этди ёки бедарак йўқолди. Бу йил Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидан Европага Италия орқали ўтган муҳожирлар сони рекорд кўрсаткичга чиқди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида Италия соҳилларига 153 минг муҳожир келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўп. Италияга келган муҳожирларнинг 14 фоизини (яъни 20 мингдан ортиғини) балоғатга етмаган болалар ташкил қилади. Сўнгги  уч кун мобайнида Италия соҳил қўриқчилари томонидан 12 мингга яқин муҳожир қутқарилди. Яқин кунлар ичида Сицилия, Калабрия ва Апулия вилоятларига 4 минг 292 муҳожир юборилади. Душанба куни Палермо портига 1 минг 117 нафар муҳожир тушган кема етиб келди.

Шарофиддин Тўлаганов таржима қилди

Мавзуга оид