Фан-техника | 14:49 / 29.10.2016
14271
2 дақиқада ўқилади

«Тесла»нинг янги рақиби намойиш этилди

Фото: Youtube/Faraday Future

Хитойнинг LeEco конгломератига тегишли Американинг Faraday Future компанияси илк серияли моделининг тизерини намойиш этди. Ниқобдаги автомобиль намойиш этилган видеолавҳа ишлаб чиқарувчининг YouTube саҳифасига жойлаштирилди.

Ҳозирча, модель ҳақида бошқа маълумот келтирилмаган. Tesla билан харидорлар учун курашишга бел боғлаган Faraday Future компанияси янги маҳсулоти электр мотор билан таъминланишини тасдиқлашди. 

Аввал хабар қилинганидек, Faraday Future компаниясининг биринчи серияли модели 2017 йил бошида Лас-Вегасда бўлиб ўтажак истеъмол электроникаси кўргазмасида намойиш этилади. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси, «олий тоифали, турли технологиялар билан тўлдирилган ва энг узоқ масофага юра оладиган электромобиль ишлаб чиқиш»ини таъкидлаб келади.

Faraday Future’нинг биринчи маҳсулоти — концепт электр суперкари FFZERO1 — 2016 йил январида намойиш этилган эди. Электрокарга жами қуввати минг от кучига тенг 4та двигатель ўрнатилган. Муҳандисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, FFZERO1 100 км соат тезликка 3 сониядан камроқ вақтда эриша олади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 320 кмни ташкил этади. 

Мавзуга оид