АҚШ ва президентлар: олтин анъана тарихи
2016 йилнинг 8 ноябрь куни АҚШда ҳисоб бўйича 45-президент сайланади. “Океан орти мамлакати”да 1789 йилдан бошлаб президент сайлови ўтказиб келинади. АҚШда президент сайлови ҳар 4 йилда - тўртга қолдиқсиз бўлинувчи йилларнинг ноябрь ойининг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанбасида ўтказилади. Кўпчилик, демак, ноябрнинг биринчи сешанбаси экан-да, дейиши мумкин. Аммо бундай эмас. Мабодо 1 ноябрь сешанбага тўғри келиб қолса, у ҳолда сайловлар 8 ноябрда ўтказилади. Эслатиб ўтиш керак-ки, АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида фақат икки номзод – “демократлар ва республикачилардан вакиллар қатнашади”, деган тассаввур мутлақо нотўғридир. Аслида, президентлик сайловларига расман ўнлаб номзодлар қўйилади. Бироқ ёзилмаган қоидаларга кўра, нима учундир иккита партия вакилларига кўпроқ эътибор қаратилади.
Жорж Вашингтон
АҚШнинг биринчи президенти этиб бир овоздан Жорж Вашингтон сайланган. 1792 йилда иккинчи муддатга якдилик билан қайта сайланди. Шу кунгача у юз фоиз овоз билан сайланган АҚШнинг ягона президенти сифатида тан олинади. Жорж Вашингтон АҚШ тарихида партиясиз бўлган иккита президентнинг биттасидир. Унинг фикрича, партиялар ўртасидаги кураш сиёсий ҳаётга салбий таъсир кўрсатиб, мамлакат тараққиётининг ривожланишга тўсиқ бўлади. Иккинчи партиясиз президент Жон Тайлер (1841—1845) эди. У аввалига вице-президент этиб сайланган, 1841 йилда президент Уильям Гаррисоннинг вафотидан кейин давлат раҳбарлигини қўлга киритган эди. Вице-президент этиб сайланган вақтда Жон Тайлер виглар партиясининг аъзоси эди, бироқ президент лавозимини эгаллагач партиядошлари манфаатларига зид сиёсат юрита бошлади. Шундан сўнг партия сафларидан чиқарилди.
Франклин Делано Рузвельт
Президентлик лавозимида Франклин Делано Рузвельт энг кўп (1933—1945) 12 йил (4422 кун) фаолият юритган бўлса, Уильям Гаррисон атиги 31 кун фаолият юритди. У 1841 йилда инаугурация маросимидан кўп ўтмай вафот этди.
Теодор Рузвельт
АҚШ тарихида энг ёш президент сифатида Теодор Рузвельт (1901—1909) тан олинган. У 42 ёшга кирганида президентлик лавозимига киришган эди. Тўғри, у президент этиб тўғридан тўғри сайланмаган. Вице-президент бўлгани учун ҳам 1901 йилда президент Уильям Мак-Кинли ўлдирилганидан сўнг давлат раҳбари сифатида фаолият юрита бошлади. Энг ёш президент этиб сайланган Жон Кеннеди(1961—1963)дир. У 43 ёшида президент этиб сайланган эди. Энг кекса президент сифатида Рональд Рейган (1981—1989) кўрилади. У лавозимига киришган вақтда 69 ёшда эди. Икки муддат АҚШни бошқарган Рональд Рейган 78 ёшида Оқ уйни тарк этди.
Гровер Кливленд
Бир муддатдан сўнг танаффус билан иккинчи муддатга президент этиб сайланган Гровер Кливленд 22-чи (1885-1889) ва 24-чи (1893—1897) президент сифатида тан олинади.
Барак Обама
АҚШ тарихида биринчи қора танли президент Барак Обама (2009—2017)дир.
Нобель лауреатлари
АҚШнинг уч нафар президенти — Теодор Рузвельт (1901—1909), Вудро Вильсон (1913—1921) ва Барак Обама (2009—2017) ўз фаолиятлари мобайнида Тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек, экс-президент Жимми Картер (1977—1981)га ҳам Нобель мукофоти берилган.
Ҳиллари Клинтон
Шу кунгача хотин-қизлар бирор марта ҳам президент ёки вице-президент лавозимларини эгалламаган. Бироқ вице-президентликка икки марта аёллар ўз номзодини кўрсатган. 1984 йилда Жеральдин Ферраро Демократик партиядан ва 2008 йилда Сара Пейлин Республикачилар партиясидан ўз номзодларини вице-президентликка кўрсатган эди. Президентлик курашига киришган биринчи аёл Ҳиллари Клинтон ҳисобланади. Демократик партия ичида бўлиб ўтган 2008 йилги праймеризда у Барак Обамага мағлуб бўлди. 2016 йилда эса Ҳиллари Клинтон расман президентликка Демократик партиядан номзод бўлди.
Герберт Гувер
Оқ уй раҳбарлари ўз маошларини хайрия мақсадларига ҳам йўналтиришган. Жумладан, 31- президент Герберт Гувер (1929—1933), 35-президент Жон Кеннеди (1961—1963) президентликдан оладиган маошларини хайрия мақсадларига сарфлашган.
Президент лавозими 1787 йилда қабул қилинган Конституцияга кўра жорий қилинган ва 1789 йилда кучга кирган. Президент давлат ва ижроия ҳокимият раҳбари ҳамда Қуролли кучлар олий бош қўмондонидир.
АҚШда туғилган, камида 14 йил мамлакат ҳудудларида истиқомат қилиб келаётган ва сайлов вақтида 35 ёшга кирадиган ҳар қандай АҚШ фуқороси президентликка номзодини кўрсатиши мумкин. Президент 4 йил муддатга сайланади. Бир киши кетма-кет икки муддатга президент этиб сайлана олмайди. Конституцияга кўра, Президент “қонунларни бажарилишини назорат қилади ва Қўшма Штатлардаги барча амалдорларни тайинлайди”. Юқори мансабли раҳбарлар (вазир ва идоралар раҳбарлари), шунингдек, Олий суд аъзолари “сенат розилиги ва маслаҳати билан” президент томонидан тайинланади.
Президент ҳар йили Конгрессга “Мамлакатдаги вазият” тўғрисида ҳисобот бериб туради. Президент вето ҳуқуқига эга. Аммо Президент Конгрессни тарқатиб юбора олмайди. Президент ташқи сиёсатни белгилаб беради. Шахсан ўзи ёки ўз вакиллари орқали халқаро музокаралар олиб боради ва шартномаларни имзолайди. Хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олади ва хорижий давлатларга АҚШ элчиларини тайинлайди.
Президент ҳарбий соҳада чекланмаган ваколатларга эга. У бошқа давлатлар ҳудудларида жанговор ҳаракатлар бошлаш борасида қуролли кучларга буйруқ бериши мумкин. Аммо уруш эълон қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ҳуқуқ Конгрессга берилган. Президент қарорига кўра, мамлакатда фавқулотда ҳолат жорий этилиши мумкин.
АҚШда “Оқсоқ ўрдак” деган ибора бор. Бу кўп ҳолларда ваколати якунланаётган президентга нисбатан ишлатилади. Мазкур ибора амалдаги президентнинг сайланган президентга аста-секинлик билан ваколатларни топшириш даврига нисбатан қўлланилади. Тўғри бу жараёнда амалдаги президентнинг ваколатлари сақланиб қолаверади. Бироқ унинг ҳар бир хатти-ҳаракати жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларида бошқача қабул қилина бошланади. Масалан, 2001 йилнинг 20 январида Жорж Бушнинг инаугурация маросимига бир неча соат қолганида ҳокимиятни топшираётган Билл Клинтон 140 нафар маҳбусни авф қилиш борасидаги фармонга имзо чеккан эди. Бу ерда қонун бузилишларига йўл қўйилмаган бўлишига қарамай жамоатчилик Билл Клинтоннинг бу қарорига бошқача назар билан қараган эди.
Конституцияга кўра, “давлатга хиёнат, коррупция ва бошқа оғир жиноятлар ва хатти-ҳаракатлари учун” президент импичмент орқали истеъфога чиқарилади. АҚШ тарихида импичмент икки марта - 1868 йилда Эндрю Жонсон, 1998-1999 йилларда Билл Клинтонга нисбатан қўлланилган. Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам оқланган. Ўз хоҳиши билан фақат бир президент - Ричард Никсон (1974 йилда импичмент таҳдиди сабаб) мансабидан воз кечган. Навбатдаги импичмент янги президентга нисбатан (У Ҳиллари Клинтон бўладими ёки Дональд Трамп қатъий назар) қўлланиши мумкинлиги айтилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу галги сайловда кучли номзод йўқ. Ҳиллари Клинтон ёки Дональд Трампдан бирортаси президент этиб сайлангудек бўлса, уларнинг ҳар иккиси ҳам кучли президент бўлишига шубҳа билан қаровчилар бор. Уларнинг ҳар иккиси ҳам дастурларини ҳаётга татбиқ эта олмасликлари тахмин қилинмоқда. Ҳиллари Клинтоннинг ваъдаларини амалга ошишига Конгресс тўсқинлик қилиши турган гап. Дональд Трамп ғалаба қозонгудек бўлса, унинг атрофида ҳам муаммолар бўлиши аниқ. Лекин буни вақт кўрсатади. Ким президент бўлишини америкаликлар ҳал қилади.
АҚШда муддатдан илгари президентлик сайловлари ўтказилмайди. Конституцияга кўра, президент вафот этса, истеъфога чиқса ёки мансабидан четлаштирилса у ҳолда давлат раҳбарлигини автоматик равишда вице-президент эгаллайди. Президент ва вице-президент лавозимлари бўшаб қолгудек бўлса, у ҳолда Вакиллар палатасининг спикери президент сифатида фаолият юритади. Рўйхат бўйича Сенат раиси, вазирлар президент лавозимини эгаллайди. Бу борада биринчи ўринда давлат котиби туради. 1947 йилда қабул қилинган қонунга кўра, Президент лавозимини эгаллайдиган 18 та амалдор тасдиқланган.
1967 йилда Конституцияга киритилган 25-қўшимчага кўра, президент ўз вазифасини бажара олмай қолса, у ҳолда вице-президент бу вазифани бажаришга киришади. Бунинг учун, албатта, президент баёнот бериши керак. Бу каби ҳодиса атиги уч марта кузатилган. 1985 йил 13 июлда Рональд Рейган 8 соат мобайнида ўз ваколатларини катта Жорж Бушга, 2002 йил 29 июни ва 2007 йил 21 июлида кичик Жорж Буш ўз ваколатларини икки соат Дик Чейнига топширган эди.
Ҳаракатланиш учун президентга алоқа жиҳозлари билан таъминланган шахсий вертолёт ва яхта берилган. Шахсий автомобили зирҳланган. Президентга мамлакат ичкариси ва халқаро йўналишларда парвоз қилиши учун иккита махсус жиҳозланган Boeing 747 (асосий ва заҳира) самолёт ажратилган. Борт №1нинг йўналиши ва парвоз вақти махфийлаштирилган ва ҳарбий амалиёт сифатида талқин қилинади.
АҚШ президентининг маоши бир йилда 400 минг долларни ташкил қилади. Бундан ташқари, президент бошқа ҳаражатлар учун бир йилда 50 минг доллар олиши мумкин. Бу маблағ маошдан фарқли равишда солиққа тортилмайди. Президент ва унинг оиласи истиқомат қиладиган Оқ уй учун бир йилда давлат хазинасидан 4 миллион доллар сарфланади. Биргина гуллар учун 250 минг доллар ажратилиши айтилади. Оқ уйдан ташқари президентнинг Мэриленд штатида Кэмп-Дэвид қароргоҳи ҳам бор. Давлат раҳбари мамлакат фуқароларидан чекланмаган миқдорда совға олиши мумкин. Аммо хорижий давлат раҳбарларидан олинган совғалар халқ мулки сифатида Миллий архивга топширилиши шарт. Бироқ президент ҳақини давлат бюджетига топширгудек бўлса, бу совғаларни ўзига қолдириши мумкин.
“Жорж Буш” авиаташувчиси
Президентлар ваколатларини топширганларидан кейиноқ уларнинг номларини абадийлаштириш бошланади. Давлат раҳбарларининг номлари авиаташувчиларга берилиши анъанага айланган. 2006 йилнинг ноябрь ойида 41-президент катта Жорж Буш (1989—1993) шарафига “Жорж Буш” авиаташувчи сувга туширилди.
Тошга ўйиб ёзилганлар
АҚШда яна бир яхши анъана бор. У ҳам бўлса президент кутубхонасини ташкил қилишдир. Бу анъана 1939 йилдан бери амалда. Ўшанда Франклин Рузвельт ўзига тегишли ҳужжатларни Миллий архив хизматига топширган эди. Жорж Вашингтон, Авраам Линкольн ва Томас Жефферсон хотирасига Вашингтон шаҳрида ёдгорлик ўрнатилган. Уларнинг номи Теодор Рузвельт номи билан бирга Жанубий Дакота штатидаги Рашмор тоғига ўйиб ёзилган. Жон Кеннеди шарафига Арлингтон қабристонида мангу олов ёниб турибди.
АҚШда “собиқ президент” атамаси деярли йўқ. Улар рақамлари билан аталишади. АҚШ президенти этиб сайланган киши бу мақомни умрининг охирига қадар сақлаб қолади. Бугунги кунда Барак Обамадан ташқари Жимми Картер, катта Жорж Буш, Билл Клинтон ва кичик Жорж Буш ҳам президент мақомини сақлаб қолган. Истеъфога чиққан АҚШ президентлари бир йилда 200 минг долларга тенг пенсия олади. Собиқ президент сингари уларнинг оила аъзолари ҳам АҚШ Махфий хизмати томонидан қўриқланади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024