Фан-техника | 19:58 / 14.11.2016
6405
2 дақиқада ўқилади

Хакерлар Google флагман смартфонини бир дақиқага қолмай бузиб киришди

Фото: Reuters

Сеулдаги PwnFest 2016 анжумани доирасида Qihoo 360 хакерлари жамоаси Google Pixel смартфонини 60 сониядан камроқ вақт ичида бузиб киришди, деб ёзмоқда Forbes.

Хакерлар смартфон дастурий таъминотидаги "дарча"дан фойдаланиб, масофадан туриб қурилмага ҳужум қилишди ва унинг устидан тўлиқ назоратни қўлларига олишди. Хакерларга ҳимояни четлаб ўтиш учун махсус матнли хабар юбориш кифоя қилди. Qihoo 360’да таъкидланишича, бу заиф жой Pixel сотувга чиққандан бери мавжуд бўлган.

Хакерлар фақатгина ўз малакаларини намойиш қилиш ва ишлаб чиқарувчини хабардор қилиш ниятидалар. Шунинг учун Google хакерларга бу заиф жойни топа олишгани учун 120 минг доллар мукофот пули берди. Компания шунингдек яқин орада "дарча"ни ёпадиган махсус дастур чиқармоқчи.

Google компанияси Pixel ва Pixel XL смартфонларини октябрь бошида тақдим қилди. Компаниянинг таъкидлашича, ушбу телефонлар бозордаги энг яхши камерага эга. DxOMark ресурси мутахассислари унга энг юқори рейтинг – 89 балл беришди.

 

Мавзуга оид