Ўзбекистон | 16:51 / 14.11.2016
6516
4 дақиқада ўқилади

Хатамжон Кетмонов экологик тоза велойўлаклар қуриш таклифи билан чиқди

Фото: ЎзХДП матбуот хизмати

2016 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов Cамарқанд вилоятида сайловчилар билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ХДП МК Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув Самарқанд вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтди. Онлайн видео-конференция шаклида ташкил этилган учрашувда, вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар тадбирнинг бевосита иштирокчиси бўлдилар.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаппор Қирғизбоев очди ва олиб борди.

Дастлаб, номзоднинг ишончли вакили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Саҳобиддин Арзиқулов, Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг,  сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Шундан сўнг номзод, ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирди. 

Жумладан, номзод ўз дастурида ижтимоий аҳамиятга молик товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назорати самарадорлигини янада ошириш орқали нархлар ва тарифларнинг ўсиши инфляция даражасидан юқори бўлмаслигини таъминлаш, уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида, давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар жой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш масалаларига эътиборни кучайтириш ҳақида тўхталди.

Шунингдек, мамлакатимизда автотранспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги натижасида йўллар, катта шаҳарларнинг кўчаларида тирбандликлар вужудга келишига барҳам бериш мақсадида тегишли инфратузилмани доимий такомиллаштириб бориш, пиёдалар йўлакларини капитал таъмирлаш, экологик тоза, соғлом турмуш тарзига замин яратувчи велойўлакларни қуриш зарурлигини таъкидлади.

Номзод дастури билан сайловчиларни таништирар экан, кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш, мазкур устуворликка амал қилган ҳолда, етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш, жамиятнинг барча аъзоларининг ишончли ижтимоий кафолатлари таъминланиши масалаларида бизнес масъулиятини ошириш лозимлиги ва бу вазифани рўёбга чиқаришда “Кучли ижтимоий ҳимоя – асосий мақсадимиз!” шиорига таянилиши ҳақида сўз борди.

Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар. 

Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар бериш, жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш, педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асосларини яратиш масаласини қўллаб-қувватладилар. 

Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Манба: www.ndp.uz

Мавзуга оид