Жамият | 12:01 / 16.11.2016
32431
2 дақиқада ўқилади

Асли ўзбекистонлик бўлган Америка фуқароси Қирғизистонда ўз ўлимини саҳналаштирди

Иллюстратив сурат

АҚШ фуқароси 1 миллион доллар миқдоридаги суғурта тўловини олиш мақсадида Қирғизистон жанубида ўз ўлими ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлади. Бу ҳақида Қирғизистон ТИВ хабар берди. 

Маълумотларга кўра, Қўшма Штатлар фуқароси Қирғизистоннинг жанубий Ўш вилоятида компенсация олиш учун ўз ўлимини "уюштирган". 

"У Қорасув туманидаги қабристонда сохта дафн маросимини ташкиллаштирган, ҳаттоки қабр тошигача ўрнатган. Шундан сўнг унинг қариндошлари суғурта компанияси ва дипломатик ваколатхоналардан компенсация талаб қилиб мурожаат қилишган", - дейилади хабарда. Товламачининг қариндошлари ва дўстлари республикага ташриф буюрган Америка суғурта компанияси вакилларига "марҳум"нинг қабри ва маълумотномани кўрсатишган. 

31 ёшли америкаликнинг исми шарифи ошкор қилинмади, ҳозирча уни қўлга олишнинг уддасидан чиқилмади, у халқаро қидирувда. 

Манбага кўра, гумондор асли ўзбекистонлик бўлиб, ўтган ўн йилликнинг бошидаёқ доимий яшаш учун АҚШга кўчиб кетган. У регистрация ҳужжатларидаги ёзувларни сохталаштириб, ўлим ҳақидаги гувоҳномани олган. Қирғизистон ИИВ ходимларининг тахминларига кўра, сохта ҳужжатларни расмийлаштиришда унга Ўш вилояти шифохоналаридан биридаги шифокор ёрдам берган. 

"Хориж фуқаросига нисбатан республика жиноят кодексининг "Сохта ҳужжатлар, давлат мукофотлари, муҳрларни тайёрлаш ва сохталаштириш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди", - дейилади ИИВ хабарида. Шунингдек, товламачига ўлим ҳақидаги сохта гувоҳномани олишга ёрдам берган шифокор-патологоанатомга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилганлиги қўшимча қилинди.
 

Мавзуга оид