Фан-техника | 18:00 / 30.11.2016
18572
2 дақиқада ўқилади

Шов-шув: инсон эмбриологиясининг 3D-харитаси яратилди

Амстердам университети олимлари янги ҳаётнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини кўриш имконини берувчи лойиҳа устидаги ишларини якунлашди. Бу дунёдаги илк интерфаол эмбриология 3D-харитаси ёрдамида амалга оширилади.

Атлас устида 75 киши ишлаган бўлиб, улар 15 мингдан ортиқ тўқима ва аъзоларни таҳлилдан ўтказишди. Барча намуналар Карнеги университети мутахассислари томонидан тақдим этилган. Натижада 0-60 кунлик ёшдаги 14 турли модель яратилди.

Олинган харита ёрдамида эмбрионда турли генетик касалликларнинг ривожланишини кузатиш мумкин. Лойиҳа иштирокчиларидан бири бўлган Бернадетт де Баккернинг сўзларига кўра, олимлар инсоннинг дунёга келишидан кўра Ой ҳақида кўпроқ маълумотга эгалар. “Ҳаттоки кўплаб замонавий китобларда 1930 йилларда олинган маълумотлар асосида қилинган эмбрион тасвирлари ишлатилади. Янги қўлланмалар эски иллюстрациялар билан чиқиб, фақатгина янги матнли маълумот қўшилади. Илмий адабиётда инсоннинг ривожланиши аксарият ҳолларда сичқон ёки жўжанинг ривожи билан ўхшатилиб ҳикоя қилинади. Бу эса ҳақиқатга мос келмайди”, - деди олим.

Янги илмий қўлланма эркин фойдаланишга чиқарилди. Бунда барча истовчи харита тузилмаси билан танишиб чиқиб, тақдим этилган видеони ҳам томоша қилиши мумкин. Атлас ёрдамида инсоннинг турли аъзолари ва тизимлари қандай пайдо бўлишига ойдинлик киритилган.

Мавзуга оид