Жамият | 18:19 / 02.12.2016
13436
3 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш учун пора талаб қилган ўқитувчи жазога тортилди

Қува педагогика коллежининг ўқувчиси А.Хасанов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўқишини ҳуқуқшунослик коллежида давом эттирмоқчи бўлади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” нашри.

Бу борада белгиланган қоидага кўра, коллеж талабасининг ўқишини бошқа коллежга кўчириш масаласи Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш таркибини такомиллаштириш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган Низом талабига мувофиқ, ёзги таътил даврида кўриб чиқилади. Аризалар ўқувчилар ўқиётган таълим муассасасига тегишли ҳужжатлар топширилгач, июль ойининг охирига қадар вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасига тақдим этилади. Бошқармада ташкил этилган ишчи гуруҳи вилоят бўйича аризаларни ваколат доирасида ажратади ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказида ташкил этилган ишчи гуруҳига юборади. Ўқишни кўчириш ҳақидаги ўқувчиларнинг аризаларини Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ваколати бўйича кўриб чиқиб, тегишли вазирликларнинг хулосалари асосида қуйи бошқармаларга юборади ва шу асосда ўқувчилар ўқиши бошқа таълим муассасига ўтказилади ёки ўз жойида ўқишни давом эттиришади. 

Ўқувчи А.Хасановнинг қариндошлари М.Мардонова ва И.Ёрқулова йил бошида Фарғона ҳуқуқшунослик коллежига келишади. Қабулхона котибасига педагогика коллежида ўқиётган жиянлари Аслиддиннинг ўқишини ушбу ҳуқуқшунослик коллежига кўчиришга ёрдам беришини сўрашади. Котиба бу масала бўйича Рисолатхон опага мурожаат этасизлар, дея уларни учраштириб қўяди. Р.Раимова бу борадаги қонун-қоидани тушунтириш, йўл-йўриқ кўрсатиш ўрнига ўқишни кўчиришнинг “чиқими” борлигини, узоғи билан шу йилнинг 15 май кунигача ҳал қилиб бериши мумкинлигини айтади. М.Мардонова ва И.Ёрқулова бир неча бор Р.Раимова билан кўришишади. Сўнгги бор учраганларида у ўқишни кўчириш учун 1200 АҚШ доллари беришларини талаб қилади.

М.Мардонованинг жиянининг ўқишини кўчириш учун пора талаб қилган ўқитувчига қонуний чора кўриш ҳақидаги аризаси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан холислар иштирокида ўтказилган тадбирда Фарғона ҳуқуқшунослик коллежининг ўқитувчиси, қирқ олти ёшни қоралаган Рисолатхон Раимова 1200 АҚШ доллари миқдорида пора олганида ушланган.

Суд мажлисида Р.Раимованинг айби қисман иқрорлигидан ташқари гувоҳ ва холисларнинг кўрсатмалари, инкор этиб бўлмас далиллар билан тасдиқланди ва унга қилмишига мувофиқ жазо тайинланди.

Мавзуга оид