Ўзбекистон | 08:45 / 06.12.2016
7889
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сайланган Президенти халқаро кузатувчилар миссиялари раҳбарларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 декабрь куни МДҲ Ижроия қўмитаси раиси –ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон раҳбари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилар миссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида самарали ишлагани, ушбу жараён ҳамда сайлов якунларини юқори баҳолагани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Сергей Лебедев Президент сайлови мониторингида иштирок этишга таклиф этгани ва МДҲ кузатувчилар миссияси аъзолари учун барча қулай шароитлар яратилгани учун ташаккур билдирди.

Ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев шу куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссияси раҳбари, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимовни ҳам қабул қилди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатиш бўйича ШҲТ вакилларининг хулосалари тўғрисида фикр алмашдилар.

Рашид Алимов Ўзбекистон Президенти сайлови мамлакатда демократик жараёнларни янада ривожлантириш борасида муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистон раҳбари ШҲТ кузатувчиларига очиқ, эркин ва демократик шароитларда ўтказилган сайлов кампанияси давомида амалга оширган самарали ишлари ва якуний хулосалари учун самимий миннатдорлик билдирди.

Томонлар ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.

 

Мавзуга оид