БМТ: Ливия ИШИД муаммосини иқтисодий инқироз эвазига ҳал қилди
Ливиянинг молиявий имкониятлари уч йил ичида икки мартага қисқарган. Шу билан мамлакатга иқтисодий инқироз таҳдид солмоқда. Сўнгги ойларда нефть қазиб олиш ўсганига қарамай, Ливия ушбу муаммога дуч келиши мумкин. Бу ҳақда БМТ бош котибининг ушбу мамлакатдаги махсус вакили Мартин Коблер Хавфсизлик кенгашидаги чиқишида сўз юритган.
У Ливиядаги жараённи бир-бирига зид ҳолда тасвирлади. У ҳукумат армиясининг ИШИД жангариларига қарши курашда муваффақиятини таъкидлаш баробарида, Ливия иқтисодиётида жиддий муаммолар мавжудлигини, миллий сулҳ жараёнига оид масалаларни қайд этган.
Унинг сўзларига кўра, Ливияда "август ойидан бошлаб нефть қазиб олиш ҳажми қарийб 3 мартага ошган ва кунига деярли 600 минг баррелни ташкил этган", аммо, шунга қарамай, мамлакат бюджетидаги камомад ЯИМнинг 70 фоизини ташкил этмоқда.
"Агар ҳеч нарса ўзгармаса, мамлакат иқтисодий таназзулга юз тутади", - дея огоҳлантирган Мартин Коблер. Бу каби вазият, Коблернинг фикрича, Ливияда ҳукм сураётган коррупция ва қонунга бўйсунмаслик ҳолатлари туфайли вужудга келган. Бунинг оқибатида "миллиардлаб доллар маблағ яширин ҳисобларга ўтказилмоқда".
Шу билан бирга, махсус вакил муваққат ҳукумат ва Ливия Марказий банки ўртасида етарли ҳамкорлик йўлга қўйилмаганини таъкидлаган.
БМТ махсус вакили ўз чиқиши давомида Ливия қаршисида турган муаммоларни ҳал этиш бўйича 6 банддан иборат режани илгари сурган. Унинг айтишича, мамлакатга "аспирин эмас, антибиотиклар зарур".
Биринчидан, миллий бирлик ҳукумати ва уни тан олмаган парламент вакиллар палатаси ўртасидаги келишмовчиликка барҳам бериш зарур.
Шундан сўнг, қуролланган гуруҳлар, терроризм таҳдиди каби муаммоларга барҳам берилиши, иқтисодиётни тиклаш ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш зарур. Ва ниҳоят, хавфсизлик нуқтаиназаридан Тунисга кўчирилган БМТ миссиясини яна Ливия пойтахти Триполига қайтариш лозим.
Мавзуга оид
00:36 / 19.11.2024
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
16:16 / 16.11.2024
Экспертлар: БМТнинг иқлим бўйича конференциялари «мақсадларга мос келмайди»
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
17:39 / 07.11.2024