Light | 22:19 / 14.12.2016
26051
2 дақиқада ўқилади

Forbes сайёрамизнинг энг нуфузли шахслари рейтингини эълон қилди

АҚШнинг Forbes журнали сайёрамизнинг 2016 йилги энг нуфузли шахслари рейтингини маълум қилди.

Журнал талқинига кўра, Россия президенти Владимир Путин ҳар йили чоп этиладиган, сайёрамизнинг энг нуфузли шахслари рейтингининг энг юқори поғонасини кетма-кет 4-маротаба эгалламоқда. 

"Россия президенти ўз давлати таъсирини сайёрамизнинг деярли ҳар бир бурчагигача кенгайтира олди. Путин ватанида ҳам, Сурияда ҳам, АҚШдаги президентлик сайловларида ҳам истаганини қўлга кирита олади. У жаҳон меъёрларидан ўнғайсизланмасдан, охирги йилларда ўз таъсирини кучайтира олди", деб ёзмоқда журнал Путин ҳақида.

Forbes Россия томонидан гўёки АҚШдаги президентлик сайловлари жараёнига аралашишга қаратилган хакерлик ҳужумлари уюштирилгани ҳақида ҳам эслатиб ўтган. Бундан ташқари, журнал Россия Дональд Трампнинг АҚШ президенти бўлишига "қизиқиш билдиришини" таъкидлаб ўтган.

"Путин исталган ҳолатда Оқ уйга эҳтимолий иттифоқдоши кириши билан, бир неча йилларга назорат қилиб бўлмайдиган кучни қўлга киритади", деб хулоса ясамоқда журнал.

Рейтингнинг 2-поғонасига АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп, 3-поғонасига эса Германия канцлери Ангела Меркель лойиқ деб топилди. Ундан кейинги поғоналарни Хитой раиси Си Цзиньпин (4-поғ.), Рим папаси Франциск (5), АҚШ Федерал захира тизими раҳбари Жанет Йеллен (6), Microsoft ҳамасосчиси Билл Гейтс (7), Google ҳамасосчиси Ларри Пейж (8), Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди (9) ва Facebook раҳбари Марк Цукерберг (10) эгалладилар.

Аввалроқ Financial Time ва Time нашрлари Трампни "Йил одами" деб эътироф этганди.

 

Мавзуга оид