Ўзбекистон | 23:39 / 14.12.2016
55066
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ўзгаришларга изоҳ берди

Ўзбекистон Президенти сифатида олдинда турган вазифалар ҳақида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигига эътибор кучайтирилиши ҳақида гапирди. Президент нутқи телевидениеда узатилди.

"Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳолининг уларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, жумладан, мақбул нархлар бўйича кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан халқимизни тўлиқ таъминлаш олдимизда турган муҳим вазифалар қаторига киради. 

Биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам ва юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган, ихтисослашган махсус марказларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш Ҳукуматнинг эътибор марказида бўлиши даркор", дейди давлат раҳбари. 

"Бу масалада куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги раҳбар кадрлар тўлиқ янгиланди ва айтиш мумкинки, уларнинг таркиби кучайтирилди. 

Барчангизнинг хабарингиз бор, дори воситалари ва тиббий буюмларга нархларни шакллантириш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги пайтда аниқ чоралар кўрилмоқда ва биз бу ишларни қатъий давом эттирамиз. 

Бу борадаги ислоҳотлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари билан таъминлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга", дея давом этган Шавкат Мирзиёев. 

12 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазири алмаштирилди. 2012 йилнинг ёзидан буён Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири сифатида фаолият кўрсатиб келган Анвар Валиевич Алимовнинг ўрнига бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов тайинланди. Шунингдек, бош вазир ўринбосари Боситхонова Эльмира Иркиновна Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланган.

Президент бу ўзгаришларга изоҳ бера туриб, "захирадаги энг кучли кадрлар муҳим ўринларга қўйилгани"га урғу қаратган. У соҳадаги аввалги масъулларни масъулиятсизликда айблади.

Шунингдек, президент нутқида эслатиб ўтилишича, 2017-2021 йилларга мўлжалланган 15та мақсадли дастурнинг айримлари қабул қилиниб, уларнинг ижросига киришилди ва яқин вақт ичида шу йўналишдаги бошқа дастурларнинг барчасини тасдиқлаш бўйича ишлар тўлиқ якунланади. 

Мазкур дастурларнинг барчасини ягона мақсад бирлаштириб туради. Яъни, улар яқин 5 йилда аҳоли пунктларини, айниқса, қишлоқ жойлар, туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, замонавий муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини шакллантиришга доир бир қатор долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилади.

Мавзуга оид