Спорт | 12:57 / 17.12.2016
17593
10 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг энг муҳим учрашувлари анонси

Европанинг кучли бешлик деб аталмиш чемпионатларида бу ҳафтада ҳам бир қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтади. Классик дербилар, муросасиз тўқнашувлар ва кутилмаган сюрпризлар тақдим этаётган жамоалар ўртасидаги учрашувлар мазкур ҳафта якунидан ўрин олган. Tribuna.uz уик-эндда мухлисларни зериктирмайдиган ўйинлари учун анонсини тақдим этади.

«РБ Лейпциг» – «Ҳерта» (17 декабрь, 19:30, Матч! Футбол 3)

Кейта, Форсберг, Забитцер, Вернер. Бу каби футболчиларни бир йил олдин деярли ҳеч бир футбол мухлиси яқиндан таниши амри маҳол эди. Аммо бу мавсумда лейпцигликлар билан ажойиб футбол кўрсатаётган бу футболчилар қисқа муддатда ўз номларини барчага танитишга улгуришди. «Ҳерта» ҳам мана иккинчи мавсумдирки бундеслигани жуда яхши бошламоқда. Ўтан турда бу икки жамоа синхрон равишда мағлубиятга учраганига қарамай, ҳамон турнир жадвалининг энг юқори поғоналарини банд этиб туришибди. 

«Лейпциг» ўтган турга келибгина дебют мавсумидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олишга мажбур бўлди. Қизиқ томони жамоа чемпионатининг энг ёмон ўйин кўрсатаётган, Ральф Ҳазенхюттлнинг собиқ жамоасига имкониятни бой бериб қўйди. «Ҳерта»нинг омадсизлиги ҳам кутилмаган бўлди. Жамоа бир неча учрашувдан иборат ғалабалардан кейин «Олимпиаштадион»да «Вердер»га мағлубиятга учради.

Бу учрашувни ўзига хос дерби ҳам деб номлаш мумкин сабаби, бундеслиганинг қолган барча жамоаси Германиянинг ғарбий қисми жамоалари ҳисобланади. Айнан «Лейпциг» ва «Ҳерта» Шарқий Германия шарафини ҳимоя қилаётган жамоалар саналишади.

«Барселона» – «Эспаньол» (18декабрдан 19 декабрга ўтар кечаси, 00:45, UzReport)

Яна бир дерби. Яна бир узоқ тарихга эга классик қарама-қаршилик. 

«Барселона» жорий йилнинг ўзидаёқ қўшниларини икки марта йирик ҳисобда мағлубиятга учратишни уддалади. Аммо ҳозирга келиб «Эспаньол» ўзининг яқин йиллардаги энг яхши формасига кириб улгурган. Жамоа дарвозабони Диего Лопес 550 дақиқа мобайнида гол ўтказиб юбормади. Кике Санчес Флорес шогирдлари сўнгги марта 25 сентябрда мағлубиятга учраган. Улар 11 учрашувдирки мағлубиятсиз кетишмоқда. Сўнгги икки ойда жамоа 4 ғалаба ва 3 дуранг қайд этишган. Шу муддат давомида «Барса» қанча очко тўплаган бўлса уларда ҳам шунча очко мавжуд. 

Каталонияликлар фантастик Мадридга қарши ўйинда йўқотилган икки очкодан кейин ўтган турда «Осасуна»дан бироз бўлсада аламларини олишга муваффақ бўлишди. Энди эса  жамоа рекордлар қайд этаётган Диего Лопес дарвозасига йўлни Месси, Неймар ва Суарес учлиги ёрдамида излаб кўради

«Монако» – «Лион» (18 декабрдан 19 декабрга ўтар кечаси, 00:45, Матч ТВ)

Монегасклар сўнгги вақтларда қонга ташна йиртқичлардек кўзга ташланмоқда. Жамоа сўнгги бешта учрашувда 21та гол киритди. Сўнгги 6 учрашувнинг 5тасида ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмади. Ўз уйида кетма-кет 7 марта ғалаба қозонди... Аммо ғалати томони мана шундай натижалари билан ҳам Жардим шогирдлари ҳамон Франция чемпионатид пешқадамлик қила олмаяпти.

«Лион» ҳам анойилардан эмас, жамоа «Монако»га сўнгги 5 учрашувда умуман мағлубиятга учрагани йўқ. Ўтган мавсумда жамоа монегаскликларни 6:1 ҳисобида енгиб сал бўлмаса ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолдириб кетиши мумкин эди. «Луи II» трибуналари ўша мағлубият реваншидан илинжида ёниши кутилмоқда.

Ҳафта ўртасида иккала жамоа ҳам етакчиларга дам беришди: «Монако» Лига Кубогида осонлик билан кейинги босқичга йўл олган бўлса, «Лион» пенальтилар сериясидаги мағлубият туфайли мусобақадан чиқиб кетди. Энди Бруно Женезьо жамоасини чемпионат учрашувларида ҳам мағлубиятга учрашига йўл қўймаслиги керак – Чемпионлар лигаси учун бериладиган учинчи йўлланма билан орадаги фарқ етарли даражада ёмон ҳолатда қолмоқда. Шундай экан бизни олдинда жуда қизиқарли тўқнашув кутмоқда. Фалькао – Ляказетт ўртасидаги суперҳужумчилар дуэлини ҳам кузатишни унутманг.

«Манчестер Сити» – «Арсенал» (18 декабрь, 21:00, UzReport, Матч ТВ)

Уик-энднинг шубҳасиз энг, энг марказий учрашуви «Этиҳад»да бўлиб ўтади. Сўнгги турларни бир текисда ўтказа олмаётган икки жамоа «Челси»га қаршилик кўрсатиш учун ким кўпроқ муносиб эканлигини исботлашга ҳаракат қилади. 

Манчестерликлар «Арсенал»ни 2013 йилнинг 14 декабридан буён мағлубиятга учрата олмаяпти: 6 учрашувдан буён мағлубиятсиз серияда Венгер шогирдлари 2та ёки ундан кўп тўп киритишмоқда. Гвардиола ва Венгер ўртасидаги тўқнашувларда эса каталониялик мутахассиснинг қўли баланд келган. 4 ғалаба икки дуранг, икки мағлубият.

Пеп-Сити кетма-кет иккита мағлубиятдан сўнг ниҳоят ўтган турда ғалаб қозонди. «Арсенал» эса 14 тур давом этган мағлубиятсиз сериясига «Эвертон» якун ясаб берди. Натижада иккала жамоа ўртасидаги фарқ яна минимум даражада қисқарди. Аммо мезбонларнинг бу учрашувда муаммолари «Арсенал»ни севимли жойига қайтара олмаслиги мумкин. Агуэро ва Фернандиньо дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Компани жароҳати ёнига энди жуда яхши спорт формасига кириб улгурган Гундўған ҳам қўшилди, турк-немис футболчиси учун мавсум бутунлай якунлангани башорат қилинмоқда. «Арсенал»да шартномаси узайтирилмаётганига қарамай Алексис Санчес ажойиб формага кириб олган. Ўзил эса унга муносиб плеймейкер бўлишда давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда якшанба оқшомида бизни фантастик қарама-қаршилик кутмоқда.

«Эвертон» – «Ливерпуль» (19 декабрдан 20 декабрга ўтар кечаси. Матч! Футбол 1. 01:00)

«Арсенал»га қарши ўйингача 10та учрашувда 1 мартагина ғалаба қозонган Куман шогирдлари ўтган турдаги иродали ғалаба эвазига чемпионатдаги энг муҳим учрашув олдидан репетиция қилиб олишди. Гуйе ва Бэрри иборат марказ ва ҳужумдаги Лукакулар кўрсатаётган ўйин эвазига «Эвертон» Клопп қурган ўйинни бузиб юбориши мумкин. Аммо дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборадиган марказий ҳимоячи Фил Жагелканинг ўрни билиниши тургап гап.

Қизиқ томони, мавсумни унчалик ишончли ўтказмаётган бўлишига қарамасдан «Эвертон» ўз уйида мағлубиятга учрамаган учта жамоадан бири бўлиб турибди. Бундан ташқари «Гудисон Парк»даги сўнгги 4та дербида ҳам дуранг натижа қайд этилган. 

«Ливерпуль» ўтган турни ҳисобламаганда охирги тўртта учрашувда фақатгина битта ғалабани қўлга киритганди. Жамоа ҳамон Фелипе Коутиньо хизматидан фойдалана олмаяпти. Аммо унинг ўрнини Адам Лаллана, Садьо Мане ва Дивок Оригиларнинг сермаҳсул ўйинлари ёпиб турибди. Дербида ҳам айнан шу футболчилар Клопп жамоасига чемпионлик курашидаги муҳим очколарни келтириш учун ҳаракат қилади,

«Ювентус» – «Рома» (17 декабрдан 18 декабрга ўтар кечаси, 00:45, Матч ТВ)

Италия чемпионатида чемпионлик учун интрига сақлаб қолинадими? Скудетто учун даъвогарлик қилаётган икки жамоа учрашуви бу масалага ойдинлик киритиб беради.

Иккала жамоа ҳам ўтган турда қийин синовлардан эсон-омон ўтиб олишни уддалади. «Юве» дербида яна бир бор «Торино»ни сўнгги дақиқаларда мағлубиятга учратиб кетди, «Рома» эса «Милан»га қарши ўта оғир кечган учрашувда 3 очкони амаллади. Энди чемпионлик учун курашни мазкур икки жамоа ўртасида кўришимиз мумкин бўлади. Туринликлар роджество арафасида «Рома»ни кетма-кет еттинчи марта мағлубиятга учратиб ўзлари учун муносиб совға тайёрлашни ва скудетто тақдирини деярли ҳал қилиб қўйишни истаётгани аниқ. «Ювентус» ўзининг асосий ҳимоячиларидан фойдалана олмаётган бўлсада, айнан орқа чизиқнинг самарадорлиги бўйича А серияда етакчилик қилмоқда. Туринлик ҳимоячилардан бошқа ҳеч ким ушбу мавсумда рақиблар дарвозасига 8та тўп киритмаган. Бу пайтга келиб эса «Рома» дарвозабон Войцех Шченснининг очилмаган қирраларини кўз-кўз қилмоқда. Польшалик посбон шу пайтгача исталган шериклариданда кўпроқ Эдин Джекога тўп етказиб берган футболчи бўлиб турибди. Шу маънода олиб қарасак босниялик футболчига ватандоши Миролим Пьяничнинг йўқлиги ҳам сезиляпти – у ҳамон тўпурарлар рўйхатини бошқариб бормоқда. 

Умуман олганда интрига учун барча нарса бор. А серия қизиқарли кечишини истасангиз «Рома» ғалабаси сизни қувонтириши керак. Сабаби римликларнинг ғалабаси орадаги фарқни минимумгача қисқариши учун сабаб бўлади. Шунингдек «Милан» («Аталанта»га қарши, 17 декабрь, 22:00, Матч! Футбол 2) ўз ўйинини ютган тақдирда яна чемпионлик учун курашга қайтиши мумкин бўлади.

Ҳафта якуни футбол мухлисларини зериктирмасликка ваъда бермоқда. Tribuna.Uz улар билан таништиришда ва шарҳлашда давом этади.

Мавзуга оид