Жаҳон | 08:06 / 22.12.2016
5435
2 дақиқада ўқилади

Нигерия армияси “Боко Ҳарам” асирга олган деярли 2 минг кишини қутқарди

Фото: Google image

Нигерия армияси “Боко Ҳарам” радикал гуруҳи жангарилари томонидан асирга олинган 1,8 минг кишини озод этди. Улар мамлакат шимоли-шарқида асирликда бўлган. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар қилди.

Амалиёт 15-21 декабрь кунлари ўтказилди. Ўтган ҳафта Самбиса мавзесида 600 киши озод қилинган.

Нигерия ҳукумати сўнгги вақтларда Борно штатида жойлашиб олган “Боко Ҳарам” экстремистлари билан курашни кучайтирди. Ноябрда жангарилардан Чад кўлининг жанубий туманлари озод қилинганди. Ўшанда 85 асир қутқариб олинди.

Маълумот учун, “Боко Ҳарам” – Нигерия шимоли-шарқида ҳаракат қилувчи радикал гуруҳдир. Унинг жангарилари қўшни давлатлар – Нигер, Камерун ва Чад ҳудудида ҳам турли қонли ҳужумларни уюштиради. “Боко Ҳарам” Нигериянинг барча ҳудудида “исломий ҳалифат” ташкил этиш ва шариат қонун-қоидаларини жорий этишга уринади.

Гуруҳ 2015 йилнинг мартида ИШИД террорчилик ташкилотига ишонч билдирган. “Боко Ҳарам” ва ҳукумат армияси ўртасида олти йилдан бери давом этаётган қуролли ихтилоф сабаб камида 17 минг киши ҳалок бўлган.
 

Мавзуга оид