Ўзбекистон | 17:08 / 29.12.2016
71325
9 дақиқада ўқилади

2016 йилда Ўзбекистон ҳаётида рўй берган асосий воқеалар

2016 йил поёнига етмоқда. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё тарихида оғир из қолдириб ўтаётган бу йилда мамлакат тарихидаги энг яхши кунлар ҳам, энг ёмон кунлар ҳам бўлиб ўтди. КУН.Уз таҳририяти ўз нуқтаи назари бўйича йилнинг энг муҳим бўлган воқеа-ҳодисаларни ёдга олади.

Январь

Йилни ваҳимали ҳаракатлари билан бошлаган КХДРнинг ҳаракатларига Ўзбекистон томони ҳам ўз муносабатини билдириб чиқди. Ўзбекистон КХДРда ўтказилган ядро синовлари юзасидан ташвиш билдирди.
22 январь. Ўзбекистоннинг янги Божхона кодекси тасдиқланди
25 январь. Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари эълон қилинди
26 январь. Мева ва сабзавотларни автотранспорт воситаларида экспорт қилишга 1 июлгача рухсат берилди

Февраль

4 февраль. Тошкент вилоятига Содиқ Абдуллаев ҳоким этиб тайинланди. У эҳтимол вилоятнинг энг кам муддатли ҳокими бўлди, у 6 ойдан кейин ишдан олдинди.
9 февраль. Амударёлик она 3 нафар фарзандни дунёга келтирди
12 февраль. Нобиометрик паспорт билан Ўзбекистонга қайтиш мумкинлиги маълум қилинди.
28 февраль. Қамчиқ темирйўл туннели туташтирилди


Март

15 март. Ўзбекистон «Газпром»га 4 млрд куб метр газ сотиши маълум бўлди
17 март. Украина Ўзбекистон автомобилларига қўйилган махсус божни бекор қилди
22 март. Президент Ислом Каримов Ўзбекистон халқини Наврўз билан қутлади
24 март. Тошкентда саноат форуми очилди
26 март. Тошкентда 12- ва 26-йўналишларида трамвай ҳаракати тўхтатилди

Апрель

4 апрель. Бухоро вилоятида мобиль қуёш электростанцияси ишга тушди
11 апрель. Мева ва сабзавотларни машиналарда экспорт қилишга қайта рухсат берилди
Тошкент трамвайи келажаги хавф остида қолди. Йўналишлар бирин-кетин ёпилди ва май ойининг илк кунларида шаҳарда битта ҳам трамвай йўли қолдирилмади
15 апрель. Ислом Каримов «Кўксарой» резиденциясида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевни қабул қилди
18 апрель. «Ўзбекозиқовқатзахира» ассоциацияси тузилди
19 апрель. Қандим ГҚИМ қурилиши бошланди
26-27 апрель кунлари Ислом Каримов Москвада бўлди

26 апрель. Ажрашиш Тошкент пропискасини бекор қилиши белгилаб қўйилди
27 апрель. Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди

Май

5 май. Қамчиқ довонидаги кўчки натижасида 5 киши қурбон бўлди
8 май. Президент Хотира майдонига ташриф буюрди
11 май. ТДТУ қайта ташкил этиладиган бўлди
16 май. Миллий университет қайта ташкил этилиши бошланди
21 май. Устюрт ГКМ фойдаланишга топширилди
23 май. Педагогика университети кўчирилиши бошланди
Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди
30 май. Эркин Воҳидов оламдан ўтди
31 май. Ангрен-Поп йўналишида илк синов поезди ҳаракатланди

Июнь

 

Ой бошида Ўзбекистонда йирик молиявий пирамида аниқланди. Чинозлик Аҳмадбой минглаб ўзбекистонликларни чув туширди. Ой охирига келиб ЎзМТРК телеканалларида Аҳмадбой ҳақида батафсил кўрсатувлар эфирга узатилди.

22 июнь куни Ўзбекистон президенти ва ХХР раиси “Қамчиқ” довони бўйлаб юрадиган илк поездга старт беришди.

Шу ойда, 23-24 июнь кунлари Тошкент Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилди. Ундан олдинроқ Ўзбекистон пойтахтида Hyatt Regency меҳмонхонаси қуриб битказилганди. Айнан шу меҳмонхона саммит иштирокчиларига хизмат кўрсатди. ШҲТ етакчилари саммит якунида Тошкент декларациясини қабул қилишди.

Июль

Бу ой бошида Қозоғистон ҳудудида чорва молларида куйдирги хасталиги аниқланди. Ўзбекистонга қўшни мамлакатлар ҳудудидан чорва моллари олиб кирилишига чеклов қўйилди.

Ўзбекистонда мустақиллик байрамига 2 ой қолганида "25" флешмоби қизғин олиб борилди, бунда ҳар ким бу сонни оригинал тарзда ифодалашга киришиб кетди.

Ислом Каримов Оқсаройда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси президентини қабул қилди.

Ой охирида можаро гирдобида қолган GM Uzbekistan АЖга янги раҳбар тайинланди.

Август

Одатдагидек ОТМга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Ой ўртасида Ўзбекистон автосалонларида учинчи авлод Nexia сотила бошланди.

Бу вақтда Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада ўзбекистонлик спортчилар зафарли юришларини давом эттиришди. Ўзбекистон Мустақиллик байрамига тараддуд кўрди.

23 август куни Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза олиб, юқори натижаларни қайд этган Ўзбекистон делегацияси вакиллари Тошкентга қайтиб келди.

Ой охирида мамлакат президентининг соғлиги ёмонлашгани хабар қилинди.

Сентябрь

2016 йил 1 сентябрда Ўзбекистон аҳолиси мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлади. Бироқ, унда, хасталиги сабабли Республиканинг Биринчи Президенти Ислом Каримов иштирок эта олмади. 2 сентябрда мустақил Ўзбекистон Биринчи Президенти, давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов 78 ёшида инсульт туфайли ҳаётдан кўз юмди. Ислом Каримов 3 сентябрда Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда мажмуасига дафн этилди.

Қонунчиликка кўра, бундай вазиятда сайловгача президентнинг вазифасини бажариб туриши керак бўлган Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев бу вазифани бажаришдан бош тортди ва бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчига айланди.

Тез орада навбатдан ташқари президентлик сайловини ўтказиш белгиланди ва 4та партия ўз номзодларини илгари сурди.
Ўзбекистонда давлат идораларида раҳбарлар алмаштирилиши бошланди, дастлабки ўзгаришлар прокуратура ва ИИВ органларида амалга оширилди. Кейинги ойлар давомида раҳбарлар ўзгартирилиши давом эттирилди ва ҳамон давом этмоқда.

Ўзбекистон бош вазирининг виртуал қабулхонаси ишга туширилиб, халқ муаммолари йўлланган мурожаатлар орқали ҳал қилиб берила бошланди ва бу жараён давом этмоқда.

Бу ойда Ўзбекистон бўйлаб пахта ҳосилини териб, йиғиб олиш учун ишлар жадал олиб борилди, ҳатто  Қашқадарёнинг Миришкор туманида Пахтакорлар учун шаҳарча ташкил қилинди.
24 сентябрдан йўл қоидаларини бузганлик учун янги жарималар кучга кирди. Шунингдек, йўл қоидаларини бузган пиёдаларга солинадиган жарима миқдори тасдиқланди.
Ўзбекистонда шартнома бўйича ҳарбий хизмат муддати ўзгарди.

Октябрь

 

Қирғизистон делегациясининг ташрифи. Фарғона водийси ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари ўртасида ҳамкорлик кенгайтириладиган бўлди.
Тошкентда аввал ёпилган йўллар очиладиган бўлди.
Олий таълим вазирлиги тузилмасига ўзгартишлар киритилди
Сергели туманида 6 метро бекати ва 500 янги турар жой бинолари бунёд этилиши белгиланди.
Ўзбекистонда янги эркин иқтисодий ҳудуд (Ургут тумани) ташкил этилиши белгиланди.
7 октябрь куни Тошкентдаги “Ислом ота” жомеъ масжиди фойдаланишга топширилди.
Самарқандда помидор комбайнда териб олиниши йўлга қўйилди.
Давлат ташкилотлари ходимлари учун Тошкент шаҳри ва вилояти пропискаси очилди.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилинди.
21 октябрь куни Самарқандда трамвай йўли қурилиши бошланди.
«Ўзавтосаноат» АК маҳсулотлари Шимолий Африка ва Форс кўрфази мамлакатларига экспорт қилина бошлади.
26 октябрь куни Адҳам Икромов бошчилигидаги делегация дўстлик сафари билан Қирғизистонга борди.
31 октябрь. Москва хиёбонларидан бири Ўзбекистон биринчи Президенти шарафига номланадиган бўлди.

Ноябрь

Ўқитувчиларга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари оширилди. 
4 ноябрь. Ўзбекистонга иккинчи Dreamliner олиб келинди
5 ноябрь. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳаётдан кўз юмди.
14 ноябрь. Ўзбекистонликлар СУПЕРОЙни томоша қилишди.
18 ноябрь. Эрдўған Самарқандга келди ва Туркия ҳамда Ўзбекистон муносабатларида янги саҳифа очилди.
24 ноябрь. Ўзбекистон халқаро армиялар танловига таклиф этилди.
28 ноябрь. Владимир Путин Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича келишувни маъқуллади
29 ноябрь. Россия ва Ўзбекистон ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш шартномасини имзолади
 

Декабрь

4 декабрь куни Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. 4 та сиёсий партия номзодлари иштирокида ўтказилган сайлов якунида сайловчиларнинг 88,61 фоизи ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистонда расман янги давр бошланди.

6 декабрь. Ўзбекистон 27 давлат сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилади
6 декабрь. Туризм иқтисодиётнинг стратегик секторига айланади
7 декабрь. 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» бўлади
13 декабрь. Адҳам Икромов соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди
14 декабрь. Сенат 2017 йилги давлат бюджетини тасдиқлади
14 декабрь. Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришди
14 декабрь. Абдулла Арипов Ўзбекистон ҳукуматига раҳбар бўлди
14 декабрь. Тошкент тиббиёт академияси ректори ўзгарди
15 декабрь. Ўзбекистон ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
20 декабрь. Хитой компанияси Самарқанд яқинида гелиостанция қуради
20 декабрь. Наманганда йўллар ва коммуникациялар яхшиланади
21 декабрь. 179 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди
21 декабрь. Ҳарбий хизматга чақирув эълон қилинди
23 декабрь. Галина Мельникова Халқ артисти унвони билан тақдирланди
27 декабрь. Автомобилларни олиб қочганлик учун жазо кучайтирилди
28 декабрь. Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди
28 декабрь. Эркин Воҳидов яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди

 

Мавзуга оид