Жаҳон | 12:47 / 29.12.2016
21516
6 дақиқада ўқилади

Марс қачон забт этилади?

NASA аэрокосмик агентлиги Марсга доир режалар тузаётган ягона космик агентлик эмас. Бутун дунё бўйлаб бир неча бошқа хусусий ва давлат компаниялари ҳам Қизил сайёрани забт этишни кўзлашмоқда. Марсга доир барча ғоялар ҳақида ёзиш мумкин, бироқ уларнинг аксарияти реалликдан анча йироқ ёки кичик кўламли лойиҳалар ҳисобланади. High News нашри яқин 10-20 йилда Марсга боғлиқ қандай космик режалар кутилаётгани ҳақида маълум қилди. 

NASA дастурлари

Агентлик олдида Марсга чиқишдан аввал ҳал қилиш керак бўлган кўплаб масалалар ва вазифалар турибди. Уларнинг орасида энг муҳимларидан бири - ҳаётий таъминот тизимлар технологиясини модернизациялаш ва синовдан ўтказиш, шунингдек Space Launch System (SLS) лойиҳаси қурилишини тугаллаш вазифаси. Space Launch System (SLS) - Ой ва Марсга парвозлар учун мўлжалланган кўп профилли ҳаддан зиёд оғир ташувчи-ракета. Тизимнинг биринчи синов парвози 2018 йилнинг охирида амалга оширилади. 

NASA одамларни Марсга чиқаришдан олдин яна бир неча учувчисиз космик миссияларни ишга туширишни режалаштирмоқда. InSight (Interior Exploration using Seismic Investigations, Geodesy and Heat Transport) уларнинг биринчиси бўлади, у Discovery дастури доирасида 2018 йил охирида ишга туширилади. Миссия вазифаси Марсга тадқиқот модулини етказишдан иборат бўлади, мақсад - Қизил сайёранинг ички таркибини ўрганиш. 

Қўниш аппаратлари ҳақида гап кетганда, NASA'нинг 2020 йилда Қизил сайёрага янги марсоходини қўндириш режалари ҳақида унутмаслик керак.  Америка космик агентлигига ишонадиган бўлсак, янги ровер энг илғор илмий ускуналар билан жиҳозланган бўлади. 

ЭкзоМарс миссияси: иккинчи қисм

Жорий йилда ЭкзоМарс космик миссиясининг биринчи қисми доирасида ўтказилган модулнинг муваффақиятсиз синовларидан кейин Европа космик агентлиги (ЕКА) ушбу дастурнинг иккинчи қисмини амалга ошириш истагини сўндирмади. 2020 йилда ЕКА Марсга янги турли илмий ускуналар билан жиҳозланган марсоходни қўндиришни режалаштирмоқда. Бу олимларга Қизил сайёранинг тузилишини ўрганиш, шунингдек экзобиологик ва геокимёвий таҳлиллар ўтказишга ёрдам беради. 

Россиянинг «Роскосмос» космик агентлиги миссиянинг биринчи қисмидаги каби Европа космик агентлигининг ҳамкори сифатида иштирок этмоқда. Россия миссиянинг "мушаклари" - марсоходни Қизил сайёрага етказувчи «Протон-М» ракета-ташувчиси учун жавоб беради. Бундан ташқари, марсоходнинг икки ускунаси ҳам Россия томонидан таъминланади. 

Шунингдек «ЭкзоМарс-2016» миссияси аппаратларидан маълумот қабул қилувчи Россия ер станциясининг штат намунаси 2017 йилнинг охирида ишга туширилади. 

SpaceX Марс колонияси

SpaceX компанияси 2002 йилда пайдо бўлиши биланоқ унинг ижрочи директори Илон Маск яқин 50-100 йилда Марсда колония барпо этиш ва инсониятнинг бир сайёрадан иккинчисига кўчишини таъминлаш истагини билдирди.

Бу ғояни амалга ошириш учун компания ҳозирда Interplanetary Transport System (ITS) ракета-ташувчисини яратиш устида ишламоқда. ITS - илк колониалчиларни Қизил сайёрага етказишга мўлжалланган космик кема. SpaceX ҳеч қўл қовуштириб ўтирмайди, у 2018 йилда Марсга  биринчи учувчисиз миссиясини амалга оширишга фаол тайёргарлик кўрмоқда. 

Mars One лойиҳаси музлатилганми?

SpaceX Марсда колония қуриш истагини билдирган ягона хусусий компания эмас. Нидерландиянинг Mars One нотижорат ташкилоти ҳам Қизил сайёрани биринчилардан бўлиб забт этиш истагида.  

Компания режаси бир неча қисмдан иборат. 2020, 2022 ва 2024 йилларда Марсга робот-тадқиқотчиларни йўллаш режалаштирилмоқда. Истиқболда эса 2026 йилда учувчили миссия ва 2027 йилда Қизил сайёрага илк инсонни олиб чиқиш режалари мавжуд. Яқинда дастур баъзи бир муаммоларга дуч келди, бу эса бир неча роботлаштирилган миссияни хавф остига қўйди. Шу билан бир вақтнинг ўзида Mars One илк колонистлар ролига номзодларни саралашда давом этмоқда ҳамда космик скафандрлар яратмоқда. 

Boeing ҳам иштирок этишга қарор қилди

Марсга уюштириладиган космик пойгага Американинг Boeing корпорацияси ҳам қўшилишга қарор қилди. Самолёт ва ракета қурилиши билан шуғулланувчи ветеран Қизил сайёрани ўзлаштириш дастури бўйича SpaceX'ни ортда қолдирмоқчи. Бугунги кунда корпорация астронавтларнинг Халқаро космик станция бортига етказилиш дастури борасида NASA билан ҳамкорлик қилмоқда. 

Boeing томонидан Марс миссиясига доир аниқ деталлар йўқ бўлса-да, кўпчилик компаниянинг ижрочи директори Дэннис Муленбергнинг сўзларини эслаб қолди:

"Ишончим комилки, Марсга қадам қўядиган илк инсон у ерга Boeing компаниясининг ракетаси ёрдамида етказилади".

Россия "ўйин"дан ташқарида. Ҳозирча...

Россия 2015 йилга қадар Марснинг йўлдоши - Фобосга учувчисиз қурилмани олиб чиқишни режалаштирганди. Афсуски, 2011 йилда амалга оширилган парвоз муваффақиятсизликка учради. Муваффақиятли стартга қарамай, «Фобос-грунт» космик зонди ер орбитасини тарк эта олмади. Маълумотларга кўра, «Фобос-грунт» миссиясининг такрорий парвози 2020-2021 йилларга мўлжалланмоқда. 

Шунга қармай, Россия ҳам ХХI асрнинг биринчи ярмида Марсга ўз миссиясини амалга оширмоқчи. Бугунги кунда «Роскосмос» федерал агентлиги «ЭкзоМарс» миссияси юзасидан Европа космик агентлиги бидан ҳамкорлик қилмоқда. 

Мавзуга оид