Жамият | 23:30 / 29.12.2016
52257
15 дақиқада ўқилади

Kun.uz таснифи бўйича Йил кишиси

Ҳар бир йил якунида ўтиб бораётган йил сарҳисоб қилинади, ундаги ижобий ва салбий натижалар яна бир бора кўздан кечирилади, баҳо берилади. Мазкур тамойилга риоя қилган ҳолда Kun.uz таҳририяти ўз таснифи бўйича 2016 йилдаги кўп эътиборда бўлган кишилар рўйхатини тузишга қарор қилди.

                                    

​​​Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент. Оилали, уч фарзанднинг отаси.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съездида сиёсий кенгаш аъзоси Шавкат Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Мирзиёев 2016 йил 8 сентябрда мамлакат Президенти в.б. лавозимига киришганидан республикада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришда бошқарувнинг янги шаклларини жорий қила бошлади. Хусусан, “Виртуал қабулхона”нинг ташкил этилиши бунинг ёрқин мисолидир.  

Бундан ташқари, Ш.Мирзиёев кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, йирик ва ноёб лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш, хусусий мулкни устувор даражада ривожлантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кескин ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашда ўзининг юксак салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этмоқда. Шунингдек, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва дўстона алоқаларни ривожлантириш бўйича амалий чораларни кўраяпти.

Дональд Жон Трамп

Фото: EPA

АҚШнинг янги сайланган президенти. У 1946 йил 14 июнда Нью Йоркнинг Куинс боросида таваллуд топган. Америкалик миллиардер тадбиркор ва сиёсатчи. У 2015 йил июнида Республикачилар партиясидан мамлакат президентлиги учун ўз номзодини қўйишга қарор қилганини билдирганида, аксарият сиёсатчилар, экспертлар, АҚШнинг етакчи ОАВ унинг имкониятларини жуда паст баҳолашган эди. Бироқ Республикачилар партиясида ўтказилган праймериз натижаларига кўра, партиядан номзод сифатида илгари сурилди. Республикачилар партиясининг олий раҳбарлик элитаси, Демократик партия намоёндаларининг кескин танқидларига қарамай, ўз мақсади сари жиддий курашди ва 2016 йил 8 ноябрдаги президентлик сайловида асосий сиёсий рақиби, демократ номзод Ҳиллари Клинтонни мағлуб этиб, АҚШ раҳбарлигига сайланди. У 2017 йил 20 январида лавозимига киришади.

Ражаб Тоййиб Эрдўған

Фото: EPA

Туркия президенти, давлат ва сиёсат арбоби. У 1954 йил 26 февралда Истанбул шаҳрида туғилган. У 2003 йил мартидан 2014 йил августига қадар Адолат ва тараққиёт партияси раҳбари сифатида Туркия бош вазири лавозимини эгаллаб келди. Сўнгра, мамлакат президентлиги учун илк бора ўтказилаётган умуммиллий сайловда қатнашиш ниятини билдириб, ўз номзодини илгари сурди. Ўзининг мустақил сиёсат юритиши билан танилган Эрдўған Туркия тарихида илк маротаба бўлиб ўтган президентлик сайловида 52 фоиз овоз тўплаб, умумхалқ президенти, дея эътироф этилди. У ўзининг Бош вазирлик вақтида олиб борган сиёсатини давом эттириш билан бирга қўшнилар билан ёмонлашган муносабатларни тиклашга қарор қилди. 2016 йил 27 июнда жаҳон сиёсат майдонида яна бир шов-шувли янгилик пайдо бўлди. 2015 йил ноябрь ойи охирида юз берган ҳодисадан 7 ой ўтгач, Туркия Россия билан муносабатларни тиклашга қарор қилди. Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путинга йўллаган мактубида Су-24 самолёти уриб туширилгани учун узр сўради ва икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни тиклашга чақирди. Россия томони бу чақириқни ижобий қабул қилди. Бундан ташқари, Исроил билан ҳам алоқаларни тиклаш, Миср билан ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш тарафдори эканини билдирди. Шу билан бирга, 16 июлдаги ҳарбий давлат тўнтаришига уринишни муваффақиятли бостирди. Ҳозирда Суриядаги инқирозга сиёсий барҳам бериш борасида фаоллик кўрсатмоқда.

Жулиан Ассанж

Фото: © РИА Новости

WikiLeaks раҳбари ва асосчиси Жулиан Пол Ассанж 1971 йил 3 июлда Австралияда таваллуд топган. Ассанж таҳририятимиз наздида йилдаги энг кўзга кўринган шахслардан бири бўлди. Журналист, дастурчи, махфий ва жиноий маълумотларни ошкор қилувчи сайт асосчиси 2012 йилдан Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида кун кечириб келади. БМТ ишчи гуруҳи 2016 йил февралида унинг эркинлиги чекланишини ноқонуний ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келади, деб топди. У бу йилги АҚШ президентлиги сайловига жиддий таъсир кўрсатишга уринди ҳамда Демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон ва унинг сайловолди штаби раҳбари Жон Подестанинг электрон мактубларини эълон қилди. Гарчи АҚШ томони Демократик партия серверларига хакерлик ҳужумлари амалга оширилишида Россия ҳукуматини айблаган бўлса-да, Ассанж вақти келганда ушбу маълумотлар манбаси маълум қилинишини таъкидлаганди. АҚШ президентлиги учун сайловлар якунига етгач, бир вақтлар Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Крейг Мюррей, Демократик партия маълумотларини шахсан унинг ўзи Вашингтондаги университетлардан бири яқинидаги ўрмонда, Ҳиллари Клинтон штабида ишлайдиган кишининг вакилидан олганини маълум қилди.   

 Пак Кин Хе

Фото: © AP

Жанубий Кореянинг илк аёл президенти. Айни вақтда унга мамлакат парламенти томонидан импичмент қўлланилган. Корея республикасининг собиқ диктатор ҳукмдори Пак Чон Хининг оиласида 1952 йил 2 февралида дунёга келган Пак Кин Хега ишончсизлик вотуми эълон қилинишига коррупция билан боғлиқ можарога аралашиб қолгани сабаб бўлди. У 2012 йил 19 декабрдаги мамлакат президентлиги учун сайловда Сэнури партиясидан номзод сифатида қатнашиб, 51,55 фоиз сайловчилар ишончига сазовор бўлган эди. 2016 йил октябрида Пак Кин Хе давлат раҳбарлиги вақтида ўзига яқин бўлган дўстлари таъсирида бўлганига оид тахминлар пайдо бўлди. Унинг дўстлари орасида ёшликдан дугонаси бўлган Чхве Сун Силь номи ҳам бор эди. Можароли вазият бўйича айрим ОАВ ўз суриштирувларини ўтказган вақтда Чхве Сун Силь жамғармасига тегишли планшет топиб олинди. Унда президент Пак Кин Хе томонидан турли ахборотлар, маълумотлар таҳрирлаш ва тузатишлар киритиш учун дугонасига берилгани маълум бўлди. Бундан ташқари, қурилмада президентнинг яқин доирасига кирган номаълум кишилар, аниқроғи, қоҳинлар, шомонлар, фолбинлар, секта аъзолари ва жигололар (кекса аёлларга жинсий хизмат кўрсатувчи эркаклар)нинг исм-шарифлари ҳам аниқланди. Чхве Сун Силь жамғармасига мамлакатдаги йирик компаниялар хайрия маблағлари ўтказгани фош бўлди. Ҳуқуқ идоралари бу маблағлар давлат раҳбари таъсирида ўтказилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди.

Мамлакатнинг Сеул ва бошқа шаҳарларида Пак Кин Хе истеъфосини талаб қилиб кўп минг сонли намойишлар ташкил этилди. Шунга қарамай, президент қилган хатосини тан олиб, жамоатчиликдан кечирим сўради. Бироқ шу билан ҳаммаси тинчимади, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолмади. Шундан сўнг, 29 ноябрда Пак Кин Хе мамлакат парламентига мурожаат қилиб, уни истеъфога чиқаришни сўради. Мухолифатдаги Демократик партия унинг бу мурожаатини танқид қилиб, импичментдан қутилиб қолиш учун уриниш сифатида баҳолади.

2016 йил 9 декабрда Корея Республикаси парламенти президентга импичмент эълон қилиш бўйича овоз берди. Ушбу қонун лойиҳасини 234 депутат қўллаб-қувватлади. Эндиликда импичмент қарорини мамлакат Конституциявий суди тасдиқлаши ёки рад этиши керак. Бунинг учун кўпи билан 6 ой муҳлат берилади. Бунгача президент вазифасини Бош вазир бажариб туради. 

 Дэвид Кэмерон

Фото:kp.ru

Буюк Британиянинг 1812 йилдан буёнги тарихидаги энг ёш собиқ бош вазири. У сиёсатга замонавий, аммо ўзига хос услубда ёндашган сиёсатчилардан биридир. Бирлашган Қиролликдаги консерватив партиянинг кўзга кўринган намоёндаси. Кэмерон бош вазирлик лавозимини эгаллаган вақтда, Британия иқтисодиёти қийин дамларни бошидан кечираётган эди. У мамлакатда қатъий иқтисод тартибини жорий қилгани аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлди. Улар, ҳукуматни, оддий одамлар эмас, балки сиёсий элитани қўллаб-қувватлаётганликда айблашди.

Бунгача Дэвид Кэмерон консерватив партия сафидаги машҳур сиёсатчига айланган ва сайловчилар орасида кўплаб тарафдорларга эга эди. 2010 йилда ҳукумат раҳбари ва лейбористлар партияси етакчиси Гордон Браун истеъфога чиққанидан сўнг, қиролича Елизавета Иккинчи унга ҳукуматни шакллантиришни ишониб топширган. Ўзини евроскептик деб атаган Кэмерон ЕИ билан чуқур интеграцияга қарши чиқиб келган. Бироқ айнан шунга ўхшаш омил унинг бош вазирлик лавозимини тарк этишига туртки бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 2016 йил 23 июнда Буюк Британияда қиролликнинг ЕИ таркибидан чиқиши бўйича Brexit референдуми бўлиб ўтди. Бу борада мамлакатнинг ташкилотдан чиқиши зарарли эканини сайловчилар орасида кенг тарғиб қилди. Аммо референдум натижаларига кўра, ЕИдан чиқишни хоҳловчилар сони кўпчиликни ташкил этгани сабабли ўз лавозимидан истеъфо беришга қарор қилди. Унинг ўрнини бу пайтда ички ишлар вазири лавозимида бўлган Тереза Мэй эгаллади ва Бирлашган қироллик тарихида Маргерет Тэтчердан сўнгги иккинчи аёл бош вазир бўлди.

Дилма Роуссефф

Фото: © РИА Новости

2016 йилда яна бир давлат раҳбари коррупцияга алоқадорликда гумон қилиниб, мамлакат парламенти томонидан унга нисбатан импичмент акти қўлланилди. Бу ҳам бўлса Бразилиянинг собиқ президенти Дилма Роуссеффдир. Дастлаб мамлакат парламенти Сенати 12 майдаги мажлисида  уни 6 ой муддатга вазифасидан озод қилди. Давлат раҳбари вазифасини Мишел Темер вақтинча бажарадиган бўлди. 31 август куни Бразилия Сенати мамлакат президенти Дилма Роуссеффга нисбатан импичмент қўллаш хусусида якуний қарор қабул қилди. Шу билан мамлакат президентлиги Мишел Темерга ўтди. У бу вазифани 2019 йил 1 январигача бажаради. Сиёсий инқирозга Дилма Роуссефф Petrobras давлат нефть компаниясини бошқарган вақтида коррупцияга аралашиб қолганига доир гумонлар сабаб бўлди.

Хуан Мануэль Сантос

2016 йилги Нобель тинчлик мукофоти совриндори, Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос. Ушбу давлат раҳбари мамлакатдаги сўл радикал кайфиятдаги исёнчи FARC – Колумбия инқилобий қуролли кучлари билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эриша олди. Бу эса мамлакатда ярим асрдан ортиқ вақтдан буён давом этиб келаётган ички қуролли низога барҳам бериши мумкин. Айнан шу келишув Нобель жамғармаси ҳайъатининг Тинчлик мукофоти соҳибини аниқлашда ҳал қилувчи ўрин тутди.

Илон Рив Маск

Фото: Reuters

Канада-америкалик муҳандис, тадбиркор, ихтирочи ва сармоядор; миллиардер. SpaceX ва X.com (сўнггиси Confinity билан бирлашган, PayPal дея қайта номланган ва 2002 йилда 1,5 млрд долларга сотиб юборилган) компаниялари асосчиси. Бундан ташқари, у Tesla Motors электромобиллар ишлаб чиқарувчи компания директорлар кенгашини бошқаради. Шунингдек, Илон Маск амакиваччалари томонидан асосслинган SolarCity компанияси директорлар кенгаши аъзосидир. Forbes журнали миллиардернинг 2016 йилдаги бойлигини 10,7 млрд доллар деб баҳолади. Илон Маск фазовий парвозлар қийматини ўн мартагача қисқартириш ва космик туризмни ривожлантириш, Марс сайёрасига кўнгиллилар сафарини ташкил этиш бўйича мақсадини амалга ошириш борасида жиддий ишларни амалга оширди. У 2016 февралида Ҳонгконгда бўлиб ўтган инвестиция форумида 2020-2025 йилларга бориб унинг компанияси Марсга парвозни амалга ошириши мумкинлиги ҳақида баёнот берди.

 Криштиану Роналду

Португалиялик футбол юлдузи, Португалия терма жамоаси ва Мадриднинг «Реал» қироллик клуби ҳужумчиси. У Португалия терма жамоаси сафида Евро-2016 мусобақаси ғолиби бўлди. France Football журнали таснифи бўйича йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлди ва ўз фаолиятида тўртинчи маротаба «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Бундан ташқари, Globe Soccer Awards таснифи бўйича, УЕФА ва ФИФАнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси сифатида тан олинди.

 Ҳасанбой Дўсматов

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг 2016 йилдаги энг яхши спортчиси деб топилган Ҳасанбай Дўсматов Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари бокс мусобақаларида 49 кг вазн тоифасида колумбиялик Юберхен Херней Мартинесга қарши финал жангини ўтказиб, Олимпиаданинг олтин медалини қўлга киритди ҳамда Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга ҳиссасини қўшди.

 Руслан Нуриддинов

Мазкур Олимпия мусобақаларида Ўзбекистон жамоасига илк олтин медални олиб берган ва оғир атлетиканинг 100 кгдан оғир вазн тоифасида Олимпия рекордини янгилаган оғир атлетикачи Руслан Нурудинов ҳам шундай эътирофга лойиқдир.

Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси

Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги XV Паралимпия ўйинларида жуда муваффақиятли қатнашиб, юртимиз байроғини баланд кўтарган Ўзбекистон паралимпия терма жамоасини, бирор аъзосини ажратмасдан қўшишга қарор қилдик. Зеро, Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси мусобақа дастурига киритилган спортнинг 5 та турида (енгил атлетика, сузиш, дзюдо, ўқ отиш, оғир атлетика) 32 спортчи билан иштирок этди. Спортчиларимиз Паралимпия ўйинларининг 31 медалини ( 8 та  олтин, 6 та кумуш, 17 бронза) қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 200 яқин иштирок этган давлатлар орасида 15-ўринни (медаллар сони бўйича 12-ўрин), Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Украина, 171 спортчи билан иштирок этган), Осиё давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Хитой, 326 спортчи билан иштирок этган) қўлга киритди. Дзюдо спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди. Спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилди. Шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар сони бўйича бундай натижа қайд этишмаган.

Мавзуга оид