Жамият | 00:33 / 29.12.2016
26175
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда

Фото: ЎзА

Эл-юртини севган, унинг тараққиёти ва фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилган фарзандларни тарих ҳам сийлайди. Халқимизнинг тинч, тўкин ва барқарор ҳаёти, ёруғ келажаги йўлида курашган инсонлар номи ҳақли равишда абадиятга дахлдордир.

Бу жиҳатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги қарори билан ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги эзгу ишларда яққол намоён бўлмоқда.

28 декабрь куни ўзбек адабиёти, санъати ва илм-фан соҳаси вакиллари, адибнинг мухлислари, ёшлар пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Ал-Хоразмий 1-тор кўчаси 7-уйда жам бўлди. Атоқли шоир 1966-2016 йилларда яшаб, ижод қилган бу хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Фото: ЎзА

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Бадиий академия раиси ўринбосари Ф.Тошмуҳамедов, адабиётшунос олим И.Ғафуров ва бошқалар атоқли шоиримизнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда ўзига хос мактаб эканини таъкидлади. Эркин Воҳидов адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам феномен – ноёб ҳодиса эди.

– Менга қарийб ярим аср шундай беназир ижодкор билан қўшни яшаб, яқин ҳамсуҳбат бўлиш бахти насиб этган, – дейди шоирнинг дўсти Абдукарим Усмонхўжаев. – Эркин Воҳидов ўзбек мумтоз шеъриятини замонавий бадиий усуллар асосида янги босқичга олиб чиқди, унинг ижоди ХХ асрдаёқ катта бир дарёга менгзалгани бежиз эмас. Шоир хотирасини абадийлаштириш борасидаги бу эзгу ишлар халқимиз ва давлатимиз ўзининг «оқ суту туз ҳурмати»ни оқлаган дилбар фарзандини муносиб қадрлаётганининг гўзал бир ифодасидир.

Тадбир иштирокчилари ва адибнинг оила аъзолари атоқли шоир қабрини зиёрат қилди. Шоир қабрига гул қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.

Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори миллий адабиётимиз ва маънавиятимизни юксалтириш, ижодкорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасидаги юксак эътибор ифодаси эканини, атоқли шоиримиз ижоди ва унинг адабиётимизда тутган ўрни, ҳамиша ёш авлодни янгича тафаккур билан яшашга ундашдаги аҳамиятини таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари И.Мирзаалиев, «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О.Мусаев ва бошқалар истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган маънавиятни юксалтириш, адабиёт ривожи ва ижодкорлар учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ҳам изчил давом эттирилаётганини таъкидлади. Бу улуғ ишлар силсиласида Эркин Воҳидов ижоди ҳам наинки миллий маънавият ва адабиётимиздаги жиддий бадиий-эстетик ҳодиса, балки ижоднинг бош мақсади – инсон ҳаётининг маъносини англаш-англатишда ўзига хос бадиий-фалсафий мактаб сифатида қадр ва эъзоз топаётир.

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига кўра атоқли шоиримизнинг ўзбек тилида “Сайланма” асарлари, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламлари нашр этилди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти” мавзуида илмий конференция ўтказилди, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил қилинди.

Атоқли шоиримиз 1961 йили илк шеърий тўплами – «Тонг нафаси» билан ўзбек адабиётига янги нафас олиб кирди, шу боис тезда адабиётшунослар ва мухлислар тилига тушди, диллардан жой олди. Ўттиз уч ёшида «Ёшлик» девонини тузиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таъкидлаганидек, «мумтоз адабиётимизнинг олтин эшиклари абадий беркилади, деб каромат қилинган паллада арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди». Ҳаёт гўзаллиги, инсон ҳаёти маъноси, маънавий камолот йўллари теран ифодаланган бу шеъриятда буюк ижодкор аждодларимиз асос солган бадиий йўл изчил давом эттирилди, янги, янада юксак босқичга олиб чиқилди.

Эркин Воҳидов 1968 йили «Ўзбегим» қасидасини ёзиб, она тилимиз хор бўлган, ўз миллати билан фахрланиш миллатчилик саналган, тарихимиз фақат қоронғиликдан иборатдек талқин қилинган, тарихий асар ёзганларга ўгай кўз билан қараладиган паллада ўз миллатини, буюк тарихимизни улуғлади. Шоирнинг бу жасорати – халқи бошига ташвиш тушганда, курашга чиқадиган катта ижодкорларга хос миллатпарварликнинг ёрқин намунаси эди.

– Эркин Воҳидовнинг истиқлол йилларидаги шеърлари топталган миллий қадриятларни тиклаш, ўзини топиш, ўзлигини таниш йўли машаққатли бўлиш билан бирга ғоят шарафли ҳам эканини яна бир бор тасдиқлади, – дейди филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов. – Шоир шеъриятида инсон ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларидан, қарама-қаршиликларидан, ҳаёт диалектикасидан асло юз ўгирмайди, балки шу бетиним ҳаракатдаги диалектика ичида ҳаёт оқими билан курашиб, борлиққа дадил ва фаол таъсир кўрсатишга интилади.

Мустақиллик йилларида Эркин Воҳидов давлатимизнинг маънавий асосларини яратишда фаол иштирок этди. Бу жиҳатлар унинг ижодий ва ижтимоий фаолиятида ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари минглаб оилаларга, миллионлаб қалбларга кириб борди. Ватанимиз атоқли адибнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантиришдаги хизматларини юксак тақдирлади: Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони берилди, “Дўстлик”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланди.

– Журналимизнинг биринчи бош муҳаррири Эркин Воҳидов бўлгани бизга ғурур ва масъулият бағишлайди, – дейди «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқ. – Устоз шеъриятидаги тиниқлик ва табиийлик, соддалик ва теранлик, мусиқийлик ва равонлик, фикр ва туйғу мувозанати – улкан истеъдод, ҳаётий тажриба ва қаттиқ тобланган маҳорат маҳсулики, бу мақомга фақат ҳавас қилиш мумкин. Эркин Воҳидовнинг бадиий мактаби ўзбек адабиёти куч-қудратини дунёга танитадиган ижодкорлар учун кўп йиллар маҳорат бешиги бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

...Орадан йиллар, асрлар ўтса-да, «Ватан, то танда жоним бор, сенингдирман, сенингдирман» деган халқимизнинг бу оташнафас ва дилбар шоири ўз асарлари билан «тирик сайёра» янглиғ авлодларга комиллик, тинчлик, ватанпарварлик, адолат, софлик каби эзгу фазилатлар ва гўзал туйғулардан сабоқ бераверади.

Бу жиҳатлар Ўзбек Миллий академик драма театридаги адабий-бадиий кечада намойиш этилган адиб ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильмда ҳам ўз ифодасини топган.

Тадбирда Эркин Воҳидовнинг рафиқаси Гулчеҳра Воҳидова атоқли шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги юксак эъзоз-эътибор учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди.

Маросимда Эркин Воҳидов севган ва унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлардан иборат концерт намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

Мавзуга оид