Жамият | 11:11 / 30.12.2016
37034
11 дақиқада ўқилади

Ким айбдор?

Фото: Fotolia

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду саловотларимиз бўлсин!

Сарлавҳадаги саволга қисқа ва лўнда қилиб, «Ўзимиз айбдормиз» деб қўйсак бўлади. Лекин мана шу хулосага келиш учун бир қанча маълумотларни ва ҳаётий воқеа-ҳодисаларни ўрганиб ўтсак, ҳеч иккиланмай, ҳақиқатан ҳам ўзимиз айбдор эканмиз, деб хулоса қилишимиз қийин бўлмайди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, мустақиллигимиздан кейин барча соҳаларда кенг кўламли ривожланиш, тараққиёт, янгиланишлар, ижобий ўзгаришлар юз беряпти. Мазкур ижобий ўзгаришларнинг самараси ўлароқ, диний, маърифий, маънавий, ахлоқий соҳаларда ҳам анча-мунча натижа ва ютуқлар йўқ эмас. Келинг, гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир неча мисол келтириб ўтайлик.

Кундалик ҳаётимиздаги турли соҳаларда, жумладан, савдо-сотиқда, турли маросимлар ўтказишда, оилавий муносабатларда бирор савол ёки муаммо пайдо бўлса, аҳли илмларга мурожаат қилиш одат тусига айланиб бормоқда. Бу эса Аллоҳ таолонинг «Билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранг», деган буйруғига мувофиқ бўлгани билан қадрлидир. Зеро мустабид тузум даврида динимизга нисбатан салбий муносабат шакллантирилгани туфайли бидъат-хурофотлар кўпайгандан-кўпайиб, урчиб, ҳамма соҳани қамраб олган эди. Бирор муаммо пайдо бўлса, одамлар тегишли соҳадаги мутахассисларга мурожат қилишни унутиб, ҳали фолбинларга, мунажжимларга, башоратчилар ва яна қандайдир жинкашларга суянишар эди.

Афсуски, биз дин ходимларига келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмини оилавий можаролар ташкил этмоқда. Бу ҳолнинг янада ачинарли жиҳати шуки, кўпинча келин тараф шикоят билан келади. Уларнинг сон-саноғи ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун, шунингдек, деярли барча шикоятлар асосан бир тарафга, яъни қуда томонга йўналтирилганлиги туфайли аниқ бир мисол келтирмай, мазкур шикоятларнинг умумий хулосасини айтиб ўтайлик.

Бир келин шундай деб шикоят қиляпти: «Мени ҳайдаб юборишди. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ, сочим супурги, қўлим косов бўлиб, қилмаган ишим йўқ. Ҳамма нарсани ўрганганман. Пишириқ тайёрлашдан тортиб чеварчилик, ошпазлик, ҳаттоки, тиббиётдан ҳам хабарим бор. Муомалам ҳам яхши, каттаю кичикни бирдек ҳурмат қиламан, ҳеч қачон бирор нарсадан шикоят қилмайман. Ўқимишли, замонавий, ҳар тарафлама ҳавас қилса арзигудек келин бўлган эдим. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, эримнинг қўли югурдак бўлиб қолди. Уради, бўлар-бўлмасга ҳақорат қилиб, «сен бўлмасанг, бошқаси», деб камситади. Ваҳоланки, уйдаги барча жиҳозларни ота-онам қилиб берган, яна ҳаммаси чет элники, эримнинг устидаги сарполарнинг ҳаммаси хориждан алоҳида буюртма қилиб келтирилган. Қисқаси, уйдаги барча жиҳозларни адажоним олиб берганлар. Бу ношукр эримга яна нима керак экан, билмай қолдим».

Биздан нима ёрдам деб сўрасам, «Шу эримни ва у кишининг ота-оналарини чақириб, бир панд-насиҳат қилиб қўйсангиз», дейди. Келин тарафнинг шикоятини тўхтатиб турайлик-да, куёв томоннинг шикоятларига қулоқ тутиб кўрайлик.

Куёв шундай дейди: «Қори ака! Нима дейишни ҳам билмайман, айтгани ҳам хижолат бўлаяпман. Лекин сизга айтмасам, кимга ҳам айтаман? Келинингиз ўз-ўзидан ота-онасиникига кетишни одат қилиб олди. Иккита боламиз бор ахир! Кун ора сал нарсага аразлаб, болаларни етаклаб, кетиб қолаверади. Мана, оила қурганимизга 6-7 йил бўляпти. Бирор марта қўпол гапирмаганман, қўл кўтармаганман, айтган нарсаларини олиб берганман, бировдан ҳеч қандай кам жойи йўқ! Ота-онам ҳам келинини еру кўкка ишонмайди. Келин қўлини совуқ сувга урмасин деб, онам мени койигани койиган. Лекин аёлим ота-онамни хизматларини қилмайдиган қилиқ чиқарди, улар қанчалик яхши муомала, муносабатда бўлса, уларга нисбатан мутлақо тескари муомала қиладиган бўлиб олди. Нимагадир онасиникига бориб келганидан кейин бирданига айниб қолади. Менимча, бу ўзини онасига бизлар тўғримизда бўлар-бўлмас миш-мишларни айтганидан кейин қайнонам қизини бизларга қарши қўллаш учун ҳар хил макр-ҳийлалар ўргатиб жўнатади, шекилли».

Афсуски, бу каби шикоятларни деярли ҳар куни бир неча марта эшитамиз. Шунинг учун ҳам улар тўғрисидаги умумий гапларнинг йиғиндисини келтириб ўтдик. «Хўп, қори ака, сиз уларга нима деб жавоб ёки маслаҳат берасиз?», деган савол туғилса керак.

Мен уларга, аввало, шундай дейман: «Ўз аёлингиз ёки эрингизнинг айбларини, камчилик ва нуқсонларини дастурхон қилиб ёйганингиздан ҳеч қандай фойда йўқ. Қолаверса, шариатимизнинг кўрсатмаси бўйича бир кишининг устидан шикоят қилинадиган бўлса, мазкур айбланувчи ҳам шу мажлисда иштирок этиши керак. Демак сиз жуфтингиз тўғрисида ёки қудаларингиз ҳақида шикоят қилмоқчи бўлсангиз, марҳамат қилиб, у тарафни ҳам шу ерга чақиринг ва айтадиган гапларингизни уларнинг иштирокида, гувоҳликларида гапиринг».

Шундай десам, улар: «Қори ака, мен сизга ёлғон гапираётганим йўқ, борини айтаяпман. Менга бирор маслаҳат беринг! Нима қилай? Бошим қотиб қолди», дейишади.

Албатта, сиз ўзингизча ҳақсиз. Лекин нариги тараф ҳам ўзи ёлғиз келиб шикоят қилса, сиз тўғрингизда шундай гапларни айтадики, мутлақо сиз айбдор бўласиз. Барча иллат ва камчиликлар сизда экани исбот бўлади. Инсоннинг табиати шундай. Ҳеч қачон «Мен айбдорман, бошқаларда айб йўқ! Бошимга нимаики бало келаётган бўлса, ўзимдан», демайди. Шунинг учун ҳам шариатимизда бундай шикоятлар иккала тараф билан биргаликда кўриб чиқилади, акс ҳолда бу муаммони ижобий ҳал қилишнинг имкони йўқдир. Шунинг учун сиз ҳам айбни, аввало, ўзингиздан ахтаринг. Жуфтингиз нима учун бир неча ой ёки йиллар давомида яхши бўлиб юргану, кейинчалик бирданига айниб қолган? Ўз-ўзидан бундай бўлиши мумкин эмас. Бунинг етарлича сабаблари бўлиши керак. Ана шу сабабларни ўзингиздан қидириб, уларни муолажа қилишга ўтинг. Бу борада ёшлардан кўра ота-оналар кўпроқ айбдор десак, муболаға бўлмайди. Тасаввур қилиб кўринг, юқоридаги мисолга ўхшаш қиз йиғи-сиғи, дод-фарёд билан онасиникига келса, она бу ҳолатга қандай муносабат билдиради? Унинг айтган гаплари тахминан қуйидача бўлади: «Ҳа қизим, жоним-асалим, нима бўлди? Ким хафа қилди? Ер юткур, нонкўр куёвим урдими? Ҳе, урмай қўли синсин! Ўзи шунақалиги аввалдан маълум эди. Ота-онаси қаёққа қараётган экан? Ҳали аданг келсин, куёв болани чақириб, керак бўлса шармандасини чиқариб, қудаларни ҳам таъзирини бериб қўямиз!».

Ота-она қизини шунга ўхшаш баландпарвоз сўзлар билан қаршилайди. Натижада қиз бу «меҳрибонлик», «ғамхўрлик»дан кейин ерда турган бўлса, осмонга сапчийди. Фурсатдан унумли фойдаланиб қолиш учун куёв ва унинг ота-оналари тўғрисида ҳар хил фисқу фасодларни тўқиб, ҳаммаёқни бўлғайди.

Бу ёқда гапни келини кетиб қолган онадан эшитинг: «Ҳа, ўғлим? Шуни кетганига қайғуриб ўтирибсанми? Кетса кетаверсин, дарахтни тепсанг қиз бола тўкилади. Онаси ўпмаган 18 яшаридан шундоқ қўйнингга солиб қўяман, ҳеч қайғурма. Сендек йигитга қизимни бераман деганлар сон мингта».

Бу томондагилар ҳам шунга ўхшаш баландпарвоз гаплар билан ўғлининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради. Бундай гаплардан кейин оила яна қайта тикланиб кетиши мумкинми? Албатта, йўқ.

Аслида ота-оналар фарзандларига қандай муносабатда бўлишлари керак эди?

Она қайтиб келган қизига «Қани, бу ёққа ўтир-чи. Нима учун қайтиб келдинг? Сен бизнинг қўлимизда омонат эдинг, сени шунча йил едириб-ичириб, тарбиялаб, вояга етказиб, юзимизни ёруғ қилиб, иффатинг, иймонинг билан турмушга узатсак, бизни шарманда қилиб, қайтиб келиб ўтирибсанми? Бу уйда сенинг ўрнинг йўқ! Сенинг ўрнинг ўша уйда. Иккинчи марта бунақа ҳолатда қайтиб келмагин, акс ҳолда биз сендан норози бўламиз! Юзимизни шувут қиласан, шундай ўқимишли, одоб-ахлоқли, зиёли, иймонли хонадонга турмушга узатсак, нимасидан норози бўлиб қайтиб келаяпсан? Айтаётган шикоятларинг ёлғон. Ўзингда ҳам айб бор. Аввал ўзингни тузат. Куёвимдан шикоят қилмагин. Иккинчи марта бундай ҳолат такрорланмасин» деб, унинг қўлидан етаклаб, куёвиникига олиб бориб қўйса, олам гулистон. Қиз бундай муомала ва танбеҳдан кейин ноилож бўлса-да, ўзининг узатилган хонадонида яшаб, кўникиб кетишга мажбур бўлади.

Куёвнинг онаси ҳам: «Ҳа? Келинни нега ҳайдадинг? Ҳайдасин деб олиб берган эдимми? Келинимнинг қадами қутлуғ, қўли енгил эди. Тайёрлаган таомларини айтмайсанми, қавм-қариндош ҳам, қўни-қўшнилар ҳам келинимга ҳавас қилар эди. Ҳамма ишни айтмасимдан қойиллатиб бажарар эди. Сенга нимаси ёқмади? Ўзи ёшлигингдан тажанг, қайсар эдинг. Тирноқ остидан кир қидирадиган одат чиқариб олдингми? Бечора келиним тағинам инжиқликларингга шунчадан бери сабр қилиб келяпти. Келиним билан ажрашадиган бўлсанг, сендек боладан воз кечаман. Боргин-да, қайнота қайнонангдан узр сўраб, хотинингни қайтариб олиб кел. Акс ҳолда ўзингни ҳам бу уйдан ҳайдаб чиқараман. Шириндан-шакар набираларимни етим қилишингга йўл қўймайман» деса, ўғил ўша заҳотиёқ ақлини йиғиб олади, ота-онасини норози қилишдан қўрқиб, хотиннинг баъзи камчиликларидан кўзини юмади. Натижада иккала ёш ҳам катталарнинг танбеҳ ва панд насиҳатлари самараси ўлароқ, барчага намунали оилага айланиб кетади.

Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳам жаннатий аёлларнинг саййидаси бўлмиш қизлари Фотимага куёвлари ҳазрати Алини рози қилишга буюриб, панд насиҳат қилиб турганлар. Ўз ўрнида саҳобаи киромлар ҳам, ўтган барча улуғлар ҳам ўғилларига нисбатан келинларига яхши муомалада бўлишни тавсия қилганлар. Бу эса шариатимизнинг кўрсатмаларидан биридир. Қолаверса, оиланинг ҳар тарафлама бахтиёр бўлишини асосий омилидир.

Аллоҳ таоло барчамизга тинч-тотув турмуш насиб қилсин, келин-куёвларимизга чинакам исломий, бахтиёр оила насиб айласин, жамиятимизни мустаҳкам қилиб, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин, омин!

Исҳоқжон Бегматов
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Мавзуга оид