Жаҳон | 18:40 / 30.12.2016
14913
2 дақиқада ўқилади

Олимлар 2016 йилни бир сонияга узайтиришмоқчи

Фото: Fotolia

Ер айланиши Халқаро хизмати мутахассислари (IERS) 2016 йил 31 декабрининг сўнгги дақиқасига қўшимча сония қўшишади. Бу ҳақда хизмат ўзининг расмий сайтида хабар берган.

Мувофиқлаштирувчи сония UTC (бутунжаҳон вақтни мувофиқлаштириш) вақтини ўзаро мослаш учун киритилмоқда. Ер айланиши тезлигининг секинлашиши сабаб умумий қабул қилинган стандартдаги суткалар давомийлиги ва қуёшли суткаларнинг ҳақиқий давомийлиги ортиб бормоқда.

"Ижобий мувофиқлаштирувчи сония 2016 йил декабри охирида киритилади. UTC бўйича сониялардаги саналар кетма-кетлиги қуйидагича кўриниш олади: 31 декабрь 2016, 23.59.59; 31 декабрь 2016, 23.59.60; 1 январь 2017, 0.00.00", - дейилади IERS хабарида.

Бундай сониялар декабрь ёки июнь охирида киритилиши мумкин. Хизмат ҳар ярим йилда қарор қабул қилиб, бу ҳақдаги маълумотни ўз сайтида чоп этади.

Олимлар сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида ҳар йилга бир сониядан қўшиб боришмоқда. Уларнинг тахминича, Ер айланиши тезлиги ўзгаришсиз қолса, ҳар йили қўшиб борилувчи сониялар миқдори ҳам ошиб боради. Масалан, XXII асрда ҳар бир йилга бир эмас, балки икки сония қўшилади.

Мавзуга оид