Жаҳон | 17:45 / 31.12.2016
6714
2 дақиқада ўқилади

Пан Ги Мун БМТ бош қароргоҳини бутунлай тарк этди

БМТ бош котиби Пан Ги Мун ташкилотнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи биносини тарк этди. Ҳамжамиятнинг ҳисоб бўйича саккизинчи маъмурий раҳбари бинонинг 38-қаватида жойлашган хонасидан чиқиб, ўз ходимлари билан хайрлашган. 

"Мен сўнгги ўн йилда минглаб нутқлар сўзладим. Бироқ ҳали ҳам кўп нарса ҳақида гапирмоқчиман. Мен сизларни ҳамкасбларим деб аташдан жуда ҳам фахрланаман", - деган бош котиб бинодан чиқиб кетаркан.

Шунингдек, у ўзини “Золушка каби” ҳис этаётганини тан олди. "Соатлар ярим тунни кўрсатганида ҳаммаси ўзгаради. Мен ўзимни бироз ноқулай ҳис қилмоқдаман. Эндиликда ҳаммасини ўзим қилишим лозим бўлади. Бунга қадар эса менга БМТга аъзо-давлатлар ва минглаб меҳнаткаш ходимлар ёрдам беришарди", - қўшимча қилди Пан Ги Мун.

БМТ бош котиби билан хайрлашув уч босқичда ўтказилган ва қароргоҳнинг ички телевидениеси каналларидан бири орқали жонли эфирда трансляция қилинган. Пан Ги Мунга 38-қаватда "Биз сени унутмаймиз, омад" сўзлари битилган катта откриткани тақдим этишди. Бош Ассамблея биносининг иккинчи қаватидаги шарқий фойеда эса уни тахминан 200 киши кутиб турган. БМТ маъмурий раҳбарига рафиқаси Ю Сун Дэк ҳамроҳлик қилди. 

Пан Ги Мун мажмуадан чиқиб, Mercedes қора лимузинига ўтирган ҳамда қўл силкитиб, БМТ қароргоҳини бутунлай тарк этган.

Маълумот учун, Пан Ги Муннинг омма олдидаги сўнгги чиқиши бугунга режалаштирилган. У Нью-Йоркдаги Таймс-сквер майдонидаги янги йил байрам тадбирларида иштирок этади. 

Мавзуга оид