Жаҳон | 17:26 / 06.01.2017
6292
2 дақиқада ўқилади

2016 йилда Европага йўл олган беш мингдан ортиқ муҳожир ҳалок бўлди

Европага 2016 йилда 360 мингдан зиёд муҳожир Ўрта ер денгизи орқали келган. Шу билан бир қаторда, беш мингдан ортиқ инсон йўлда ҳалок бўлди, деб хабар беради муҳожирлик бўйича Халқаро ташкилот.

Унинг маълумотларига кўра, Европага 12 ой давомида денгиз орқали 363 248 муҳожир ва қочқин келган. Уларнинг аксарияти Греция (173 мингдан ортиқ) ва Италияда (181 мингдан ортиқ) жойлаштирилди. Саккиз мингдан ошиқроқ инсон Испания соҳилларида тушиб қолишган. Италия декабрнинг сўнгги ҳафтасида 1647, Греция эса 280 муҳожир ва қочқинни қабул қилиб олди.

Грецияга 2016 йилда асосан сурияликлар, афғонлар, ироқликлар, покистонликлар ва эронликлар келишган бўлса, Италияга – нигерияликлар, эритреяликлар, гвинеяликлар, шунингдек, Фил суяги қирғоғи ва Гамбия давлатлари фуқаролари йўл олишган.

Денгизда бир йил давомида 5079 муҳожир ва қочқин ҳалок бўлди. Бу ҳолат Шимолий Африкадан Италияга бўлган йўналишда энг кўп кузатилган (4576 ҳалок бўлган инсон). 

Ташкилот маълумотларига кўра, Европага 2016 йилда қуруқлик бўйлаб 24 139 муҳожир ва қочқин келди. Ўрта ер денгизи бўйлаб келганларни ҳисобга олса, уларнинг умумий сони 12 ойда 387 487 кишини ташкил этди.

Мавзуга оид