Жаҳон | 09:09 / 14.01.2017
40492
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россияга қарши санкциялар қандай вазиятда бекор қилинишини айтди

АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп ундан аввалги президент Барак Обаманинг Россияга қарши киритган санкцияларини "ҳеч бўлмаса, муайян вақтга сақлаб қолиши"ни, бироқ Москва билан муваффақиятли ҳамкорлик вазиятида уларнинг бекор қилиниши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида маълум қилди

Трамп Обама томонидан киберҳужумлар сабабли Россияга киритилган декабрдаги санкциялар агар Москва террорчиликка қарши кураш ва бошқа масалаларни ҳал қилишда ёрдам берса, бекор қилиниши мумкинлигини айтди. "Агар биз чиқиша олсак ва Россия ҳақиқатда бизга ёрдам берса, бирор ким ҳақиқатда яхши ишлар қилаётган бўлса, унга қарши санкцияларни сақлаб қолишнинг нима кераги бор?", деб айтган Трамп.

Трамп инаугурациясидан кейин Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёрлигини билдирди. "Улар мен билан учрашишни истаётганларини тушунаман ва бу мени қониқтиради", деб таъкидлаб ўтган Трамп.

Аввалроқ 13 январда Обама Украинадаги вазият сабабли амал қилиш муддати март ойида тугаши керак бўлган Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирган эди.  

29 декабрда АҚШ Россиянинг бир қатор фуқаролари ва ташкилотларига қарши санкциялар киритиб, АҚШдаги 35 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқартириб юборганди. Шу куннинг ўзида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал қидирувлар бюроси Россиянинг АҚШдаги киберҳужумларга алоқадорлиги ҳақидаги қўшма ҳужжатни чоп этганди. 

Мавзуга оид