Жамият | 21:28 / 20.01.2017
23013
3 дақиқада ўқилади

Олимлар Антарктика музлари остида улкан ёриқлар тармоғини аниқлашди

Фото: NASA/Michael Studinger

Олимлар Ғарбий Антарктика музлари остида бир неча ўн ёриқлар яширинганини аниқлашди, уларнинг чуқурлиги деярли бир километрга етади. Geophysical Research Letters журналида шу мавзуда мақола тақдим этилди

"Энди биз Ғарбий Антарктикадаги бу улкан музликлар тагида нима яширинганини яхшироқ тушуна бошлаяпмиз. Бу тузилмалар биз тахмин қилганимиздан-да бир неча юз ва ҳатто минг метр чуқур бўлиб чиқди. Улар бизга музликларга боғлиқ ҳодисаларни олдиндан тахмин қилиш ва океанларнинг илиқ суви музликларни пастдан қандай емириши ҳақида маълумот олишга ёрдам беради", - деди Ирвиндаги Калифорния университети олими Ромейн Миллан. 

Антарктиканинг муз қатлами йилига 2,8 минг куб километр музни йўқотади, сўнгги ўн йилликда муз қатлами борган сари тезроқ қисқармоқда. Узоқ вақт давомида бу айсбергларнинг жадал шаклланиши туфайли рўй бераяпти, деб ҳисобланаётган эди, бироқ америкалик иқлимшунослар 2013 йилнинг июнида "йўқолган" музлар ҳажмининг ярмидан кўпроғи Антарктика муз қатламининг сув ости қисмини ўзига хос дарё-каналлари орқали ювиб ўтувчи илиқ оқимлар туфайли эриганини аниқлашди.

Миллан ва унинг ҳамкасблари бу каналларнинг қаердан пайдо бўлгани ва уларнинг реал ўлчамларини аниқлашди. Улар НАСА IceBridge лойиҳаси доирасида тўплаган суратларни ўрганиб чиқишди, 2009-2016 йиллар мобайнида Антарктика муз қатламини геодезик самолётлар ёрдамида кузатишди. 

Ушбу суратлар ва радар маълумотларни таққослаб, олимлар музликнинг бир қисми қаергадир изсиз йўқолаётганини аниқлашди. Бу уларни эски маълумотларни қайта текшириш ва гравметрик маълумотларни қўллаб, янги харита тузишга мажбур қилди.

Бу харита олимлар кутганидек бўлиб чиқмади - маълум бўлишича, Антарктика музликлари остида 500-1200 метр чуқурликдаги улкан ёриқлар тармоғи яширинган экан. Амудсен денгизи қирғоқларидаги Кросс ва Дотсон каби музликлар тагида Жанубий океаннинг нисбатан илиқ сувлари билан тўлган бутун бир "водий" ва ғорлар яширинган бўлиб чиқди. 

Ёриқлар орасидан ўтувчи сув уларнинг эришини тезлаштиради, бу музликларнинг нима учун кутилганидан тез қисқараётганига сабаб бўлади. 

Олимлар келажакда нималар рўй бериши мумкинлиги борасида аниқ фикр билдиришга шошилишмаяпти, бироқ улар бундай тузилмалар Ғарбий Антарктика музликлари қулаши эҳтимолини сезиларли даражада ошириши ва денгиз сатҳи юз йиллик охирига бориб, бирйўла 1,2 метрга кўтарилишини тахмин қилишмоқда. 

Мавзуга оид