Хайр Барак, салом Дональд: Обаманинг лавозимидаги сўнгги куни ва янги ҳаёти ҳақида
АҚШ президенти Барак Обама 20 январь куни кечқурун Дональд Трампга ўз ваколатларини топширди ва Оқ уйни бутунлай тарк этди. Янги давлат раҳбари инаугурация ва бошқа расмий маросимлардан сўнг бўш қолган қароргоҳга ўз нарсаларини олиб киришни бошлайди.
Анъанага кўра, Обамага “жаноб президент” сўзлари билан умрининг охирига қадар мурожаат қилишади. Шу тариқа, у айни дамда ҳаёт бўлган аввалги президентлар: Жорж Бушлар (кичик ва катта), Билл Клинтон ҳамда Жимми Картернинг сафига бориб қўшилди.
Албатта, Обаманинг мақоми маълум бир ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳам кўзда тутади. Kun.uz АҚШнинг 44-президенти ўз лавозимидаги ишини қандай якунлагани ва ҳаётининг янги даврига тайёргарлик кўраётгани ҳақида ҳикоя қилади.
19 январь Обаманинг ўз вазифасидаги сўнгги тўлиқ иш куни бўлди. У пайшанба кунини Овал хонада вице-президент Жо Байден иштирокидаги анъанавий брифинг билан бошлади. Бу ўзига хос “йиғилиш” аввалгиларидан фақатгина, ундан кейин Америка етакчисининг ўринбосари билан бегоналар кўзидан йироқда бўлган ошхонадаги сўнгги тушлиги билан ажралиб турди.
Обама Оқ уй сайтидан фуқароларга хайрлашув мактубини йўллаб, ўзининг сайловолди ваъдалари билан боғлиқ бўлган махсус актларга вақт ажратди. Обама 330 маҳбуснинг жазо муддатини енгиллаштирди. Бу сўнгги кунлардаги иккинчи оммавий “амнистияга” айланди ва унга АҚШнинг бошқа президентлари орасида афв этган маҳкумлар сони бўйича етакчига айланиш имконини берди.
Шунингдек, у АҚШ вакиллари палатаси спикери номига хат жўнатди ва унда Гуантанамо қамоқхонаси сабаб танқид тошларини отди. Обама конгрессменларни айнан улар муассасани ёпишга ҳалақит беришганида айблади. Айни дамда Гуантанамода 41 маҳбус бор.
Биринчи хоним Мишель Обама эса турмуш ўртоғи билан биргаликда Германия канцлери Ангела Меркель ва унинг турмуш ўртоғи билан телефон орқали суҳбат қурди. Унда томонлар умумий сўзлар билан чекланиб, бир-бирларига саккиз йиллик самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиришган.
Шундан сўнг Обама маъмуриятдаги “ўта муҳим” инсонлар билан навбатма-навбат учрашди. Оқ уй томонидан тақдим этилган роликда президент ҳаттоки хизмат кўрсатувчилар билан ҳам хайрлашганини кўриш мумкин.
Обаманинг нарсаларини эса Миллий архив ишчилари йиғишни бошлашди. Кетаётган давлат раҳбари буюмлари ортилган сўнгги аравача Оқ уйдан кеч тушгандагина олиб чиқиб кетилди.
Оила 20 январь куни эрталаб кичик Жорж Буш ва унинг рафиқаси билан учрашди. Сўнг Обама анъанага кўра Трампга Овал хонада мактуб қолдирди ва Оқ уйни тарк этди.
Бўшаб қолган қароргоҳда кенг қамровли ишлар бошланди. Бир куннинг ўзида Обаманинг нарсаларини олиб чиқиб кетиш ва бинони Трамп учун тайёрлаш лозим бўлди.
Журналистлар энг катта ўзгариш аввало Овал хонада бўлишини айтиб ҳазил қилишмоқда: мевалар билан тўла вазалар ўрнида (Мишель ва Барак Обама соғлом таом тарафдорлари эди) чипс ва начослар – Трампнинг севимли газаклари пайдо бўлади.
Оқ уйдаги энг сўнгги хайрлашув маросими жума куни эрталаб ўтказилди. Давлат раҳбари ҳокимиятни Трампга бераётган пайтда, унинг юклари АҚШ 44-президенти янги уйига йўл олаётганди.
Обама саккиз йиллик президентликдан сўнг сиёсатдан кетиб, китоб ёзиш, оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш ва “жимжитликда қолиш”ни истамоқда. У ўз режаларини Вашингтон чеккасидаги Калорама туманида жойлашган ҳашаматли уйда амалга ошириши мумкин. У ерга оила қисқа муддатли таътилдан сўнг боради.
Оила АҚШ пойтахтида кичик қизлари Саша сабаб қолишга қарор қилишди. У ўрта мактабни фақатгина 2018 йилда тамомлайди. Шундан сўнг оила катта эҳтимол билан Обаманинг фаолияти бошланган Чикагога кўчиб ўтади.
1928 йилда қурилган уйда тўққизта ётоқхона, саккизта ваннахона бор. Ҳудудда иккита машинага мўлжалланган гараж ва гўзал боғ ҳам жойлашган. Иморат 5-6 миллион доллар атрофида туради, бироқ Обама уни сотиб олишни режалаштирмаяпти.
Уй Билл Клинтоннинг собиқ матбуот котиби Жо Локхартга тегишли. Обама уни ижарага олиш учун ҳар ойда 22 минг долларни қуртдек санаб беради.
АҚШда Мишель Обама ва унинг машҳур боғи борасида катта баҳслар келиб чиқди. Расман боғнинг йўқ қилиниши ҳақида ҳеч ким маълум қилмади, бироқ унга тегмаслик ҳақида машҳур кишилар илтимос билан чиқишди. Шу билан бир қаторда, Мишель 2016 йилнинг кузида боғда қўшимча ишларни олиб борди – улар бу ерни тезлик билан ва кўзга чалинмайдиган қилиб бузишга ҳалақит беради.
Мишель Обама 18 январь куни Оқ уй ҳудудида ўзининг Санни ва Бо лақабли итларини сўнгги бор сайрга олиб чиқди. Собиқ биринчи хоним ўз жониворларини бу ерда қолдиришдан бош тортди ҳамда уларни ўзи билан янги уйга олиб кетди.
Барак Обама собиқ президентлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ ҳар йили 205 минг, Мишель эса – 20 минг доллар миқдорида пенсия олади. Обама давлат раҳбари лавозимида йилига тахминан 390 минг доллар ишлаб топди. Forbes маълумотларига кўра, у 2005-2016 йиллар давомида 20 миллион долларга эга бўлди. Бундан унинг ёзувчилик фаолияти ҳам эътиборга олинган.
Эр-хотинлар биринчи пулларни 2017 йилнинг февралидаёқ олишади. Пенсия Обама Оқ уй ёки Колумбия округи ҳукуматига ишга кирса, бекор қилинади.
Обамага транспорт, озиқ-овқат ва хизматчилар бўйича сарф-харажатларни қисман тўлаб беришади. Бу ишларга ўрнатилган маблағ чеклови йилига 96 минг долларни ташкил этади. Оилани амалдаги президентнинг хавфсизлик хизмати ходимлари умрбод қўриқлайди. Шунингдек, уларга ҳарбий госпиталларда бепул даволаниш ва дафн маросимларини давлат ҳисобидан ўтказиш ҳуқуқи ҳам берилди.
Одатда АҚШнинг собиқ президентлари ўзларига қўшимча иш топишади. Обамадан аввалги етакчиларни эсласак, улар пулга лекциялар ўқишган, университетларга профессор бўлиб ишга киришган. Шу билан бир қаторда, ёзувчилар Обамага хотира китоби ёзиш ҳуқуқи учун 15 миллион доллар таклиф этишмоқда. Собиқ давлат раҳбари эса бир қатор интервьюларида баскетбол жамоасига раҳбарлик қилишни хоҳлаши ҳақида гапириб ўтган.
Обамага ҳозирнинг ўзидаёқ иш бўйича бир неча таклифлар келиб тушган: масалан, Spotify мусиқа сервиси раҳбари Дэниэл Эк унга “плейлистлар президенти” лавозимини таклиф қилди.
Америка ОАВ эса ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис бўлган Обама юқори технологиялар ёки фазо соҳасида ўзини синаб кўриши мумкинлигини хабар қилишди. Президент ва унинг оила аъзолари Кремний водийсига 2016 йилнинг ўзида ўндан ортиқ маротаба ташриф буюришди, деб ёзади The New York Times. Мишелга келадиган бўлсак, ҳозирча у ўз номзодини президентликка қўйиши борасидаги миш-мишларни рад этмоқда. Аммо ҳаммасини вақт кўрсатади...
Мавзуга оид
09:59 / 07.11.2024
Собиқ президент Обама Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
15:50 / 21.08.2024
«Бу кинони олдин ҳам кўрганмиз». Обама Трампнинг иккинчи муддати хавфидан огоҳлантирди
14:59 / 26.07.2024
Барак Обама сайловда Камала Ҳаррисни қўллашини маълум қилди
09:34 / 19.07.2024