Жаҳон | 09:15 / 22.01.2017
8032
2 дақиқада ўқилади

Гамбия собиқ президенти Экваториал Гвинеяга учиб кетди

Фото: AP

Гамбиянинг ватанини тарк этган собиқ президенти Яйя Джамме Гвинеяда тўхтайди,  сўнгра Экваториал Гвинеяга йўл олади, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги. Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти (ҒАМИҲ) шундай маълумот тарқатган. 

19 январда Гамбияга 7 минг аскарини киритган ташкилот амалиётнинг тўхтатилгани ҳақида баёнот берди. ҒАМИҲ раҳбари Марсель де Соузнинг Дакар шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтишича, Гамбия ҳудудида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ташкилотнинг айрим кучлари сақланиб қолади. 

18 январда Гамбия парламенти собиқ президент Яйя Джамме ваколатларини узайтирган ва мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилганди. Джамме 19 январда ҳокимиятни сайланган президент Адаме Барроуга топширишни хоҳламагани сабаб,  шундай чора қўллашга уринди. Шунга қарамай, Барроу 19 январда Гамбиянинг Сенегалдаги элчихонасида вазифасига киришди. 

20 январга ўтар кечаси Сенегал ҳарбийлари Гамбияга қўшинларини киритганини эълон қилди. Сўнгра, Ғарбий Африка мамлакатлари ташкилоти 20 январь кундузи 12:00гача ҳарбий амалиётни тўхтатиб туришини билдирди. Бу Джамменинг ҳокимиятни Барроуга тинч йўл билан топшириши учун имкон бериш мақсадида амалга оширилди. Ташкилот раҳбари эса, мабодо Джамме лавозимини тарк этмаса, куч билан ағдарилишидан огоҳлантирди. 

21 январда Джамменинг баёнот беришича, 22 йиллик бошқарувдан сўнг, ўз ихтиёри билан лавозимидан воз кечишга қарор қилган. 

Мавзуга оид