Ўзбекистон | 16:43 / 24.01.2017
100435
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида аслида нима рўй берди?!

Кеча ва бугун бир қатор ОАВда Ўзбекистондаги Қамчиқ довони билан боғлиқ турли миш-мишлар тарқалишда давом этмоқда. Бундай гап-сўзларнинг кўпайишига Тошкент-Андижон темир йўл қатновининг бекор қилингани ҳам янада туртки берди, десак муболаға бўлмайди.

Кеча эса Қамчиқ довонида қутқарувчилар отрядларининг кечаю кундуз навбатчилиги ташкил этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz бу масалага ойдинлик киритиши мақсадида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” билан боғланди. Бироқ биз билан алоқага чиққан амалдорлар довонда қандайдир нохуш воқеа юз бергани ҳақидаги миш-мишларни рад этишди. Аслида нима сабабдан темир йўл қатнови бекор қилингани ҳақидаги саволимизга эса жавоб ололмадик...

Шу ҳолатда табиий бир савол туғилади. Нега тегишли маҳкамалар у ерда аслида нима бўлаётгани ёки бўлгани ҳақидаги маълумотларни яширишмоқда? Балки турли ваҳимали миш-мишлар айнан шундай ҳаракатлар сабаб пайдо бўлаётгандир?

Хабарларга кўра, поездлар қатнови нафақат кеча, балки бугун ҳам амалга оширилмаган. Фуқаролар эса аслида нима бўлаётганини тушуна олмай ҳайрон.

Айрим манбаларга кўра, довонда катта эҳтимол билан қор кўчкиси содир бўлган. 

Шу ўринда барча тегишли ташкилотлар, мутасадди идоралар вакилларини бироз очиқроқ бўлиб, матбуот билан кенгроқ мулоқотга киришишга чақириб қоламиз.

Бу биринчи навбатда фуқаролар ўртасида турли кўнгилсиз миш-мишлар ва ваҳима тарқалишининг олдини олишда керак.

Мавзуга оид