Ўзбекистон | 21:40 / 26.01.2017
11558
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» 25 йиллигини нишонлаш арафасида

2017 йил 28 январда мустақил Ўзбекистон тимсолларидан бири «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ташкил этилган кун. 1992 йил 28 январда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКни ташкил этиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан эди. 

Миллий авиакомпаниянинг ташкил этилганига 25 йил тўлиши муносабати билан МАК Дирекциясида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» раҳбарияти ва ваколатхоналари вакиллари, республика ва хорижий ОАВ ходимлари иштирок этди. 

Анжуманда сўзга чиққан МАК бош директори Валерий Тян тарихан қисқа даврда авиакомпания босиб ўтган йўл ва эришган натижаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, бугунги кунда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг замонавий ва қулай авиалайнерлари Европа ва Осиёнинг 50дан ортиқ шаҳарларига доимий, Аляскадан то Янги Зеландиягача чартер рейсларини амалга оширади. 

Ўзбекистонлик учувчилар A320, Boeing-757/767, Ил-114-100 каби ҳаво кемаларида парвозлар амалиётини ўзлаштириб, бугунги кунда энг замонавий бўлган Boeing-787 Dreamliner самолётларини ҳам бошқармоқда. 25 йил мобайнида соҳада кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди, Ўзбекистондаги 11та аэропорт халқаро мақомга эга бўлди, янги қатновлар йўлга қўйилди, замонавий аэровокзаллар қурилди, реконструкция қилинди. 

Ўзбекистоннинг «Навоий» аэропорти негизида барпо этилган халқаро интермодал логистика марказини алоҳида эътироф этиш жоиз. У минтақадаги юқори технологияли ва улкан авиаюк ташиш мажмуаси ҳисобланади. Бугунги кунда, ушбу марказ Ўзбекистонни Франкфурт, Милан, Брюссель, Вена, Сарагоса, Осло, Базель, шунингдек, Дубай, Деҳли, Теҳрон, Инчон, Тянзин, Ханой ва Шанхай каби асосий логистика марказлари билан боғламоқда. 

Келгусидаги режалар хусусида сўз юритган МАК раҳбари Валерий Тян 2018-20 йилларга қадар яна 4та Boeing-787 Dreamliner самолётларини харид қилиш бўйича шартнома имзоланганини маълум қилди. Бундан ташқари, халқаро йўналишларда доимий парвозларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Яқин орада Покистоннинг Лаҳор ва Тожикистоннинг Душанбе шаҳарларига парвозларни қайта йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, йўловчилар ва Ўзбекистонга ташриф буюраётган меҳмонларга жаҳон андозаларида юқори сервисни тақдим этиш мақсадида соатига 1,5 минг авиайўловчига хизмат кўрсата оладиган «Тошкент-4» йўловчи терминалини қуриш бўйича улкан лойиҳа амалга оширилмоқда. 

Мавзуга оид