Фан-техника | 15:52 / 31.01.2017
14254
2 дақиқада ўқилади

Google энг кўп қидирилган автобрендни маълум қилди

Toyota маркаси Google’да 2016 йил давомида энг кўп қидирилган брендлар жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади. «Тойота»ни рўйхатда бўлган 193 мамлакатнинг 74тасида ҳаммадан кўпроқ излашди. Бундай маълумотлар Британиянинг Quickco компанияси томонидан тақдим этилди.

Қидирувлар миқдори бўйича иккинчи ўрин BMW’га насиб этди – немис маркаси 51 мамлакатда биринчи ўринни қўлга киритган. Учинчи поғона эса 17 мамлакатда энг кўп қидирилган Hyundai компаниясига тегишли бўлди.

Quickco’нинг таъкидлашича, атиги тўрт давлатда қидирувлар талаби миқдори бўйича маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчилари энг оммабоп бўлган: Германияда (BMW), Францияда (Renault), Швецияда (Volvo) ва Италияда (Fiat). Америкаликлар кўпроқ «Тойота»лар ҳақидаги маълумотни излашган бўлса, японлар ва Жанубий Корея аҳолиси – BMW’га қизиқиш билдирган.

Google’да фақат суперкарлар ишлаб чиқарувчи компанияни қидирган ягона мамлакат Нигер бўлди. Бу ерда излаш қаторига Bugatti маркаси энг кўп тушган.

Аввалроқ Google компанияси АҚШдаги автомобиль қидирув талаблари такрорийлиги бўйича статистикани тақдим этди. Бу рейтингда биринчи ўрин Honda, иккинчи поғона Mercedes-Benz, учинчи банд эса Tesla’га насиб қилди.

Мавзуга оид