Жамият | 08:16 / 31.01.2017
7588
2 дақиқада ўқилади

Икки йил ичида 21 минг километр масофани сузиб ўтган акула топилди

Фото: © EAST NEWS

Флоридадаги Нова Жануби-Шарқий университетига тегишли бўлган Гай Ҳарви номидаги тадқиқот институти профессори Маҳмуд Шивжи кузатув олиб борган акулаларидан бири жуда ҳам ғаройиб натижага эришганини хабар берди. Акула-мако (Isurus oxyrinchus) икки йил давомида 21 минг километр масофани сузиб ўтган, бу эса экватор бўйича ер шари атрофидаги йўлнинг ярмидан кўпини ташкил қилади, деб хабар қилди FoxNews.

Профессор сўзларига кўра, бу акула "Энержайзер" батарейкалари рекламасидаги қуёнга ўхшаш: у ҳар доим ҳаракатда бўлган. Ушбу Жаҳаннам Кўрфази (Hell’s Bay) лақабли акула-макони 2015 йил майида АҚШнинг Мериленд штатидаги Оушен-сити қирғоғида кузата бошлашган.

Жонивор ўз сафарининг биринчи ярмида шарқий соҳил бўйлаб шимолга йўл олди, сўнг яна ортга қайтиб келди. Олимлар маълумотига кўра, у бутун 2016 йил давомида Мэрилендга яқин сувларда бўлган, бироқ вақти-вақти билан Атлантика океани тубига шўнғиган. Шу билан бир қаторда, у ҳар куни бу гуруҳдаги бошқа акулаларга нисбатан кўпроқ сузди. Акула томонидан қолдирилган излар эса олимларга уларнинг хатти-ҳаракатини яхшироқ тушуниш имконини беради.

2016 йилнинг декабрида Шимолий Каролина (АҚШ) қирғоқлари яқинида балиқчилар томонидан тутилган акула-мако ўзида олимлар томонидан ўрнатилган GPS-қурилмани олиб юрган. Маълум бўлишича, 2015 йилда GPS-трекер ўрнатилганидан сўнг у 13,5 мингдан ортиқ километр масофани сузиб ўтган. Ўша трекер ҳам Гай Ҳарви номидаги тадқиқот институти олимлари томонидан ўрнатилган бўлган.

Мавзуга оид