Ўзбекистон | 10:11 / 16.02.2017
32179
4 дақиқада ўқилади

Икромов: Мақсад ўзбекистонликлар Қирғизистонга, қирғизистонликлар Ўзбекистонга эркин бориб келиши учун қулай шароит яратиш

15 февраль куни Фарғонага Қирғизистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Жениш Разаков бошчилигидаги ҳукумат делегацияси ва чегараларни делимитация қилиш ишчи гуруҳи аъзолари ташриф буюрди. Воқеа жойидан фарғоналик журналист Муҳаммаджон Обидов «Кун» сайти учун махсус эксклюзив материал тайёрлади. 

Қирғизистон делегацияси вакиллари «Азия» меҳмонхонаси конференциялар залида Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов ва Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегараларини белгилаш ишчи гуруҳи билан навбатдаги учрашувда иштирок этди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Алмазбек Атамбаев 2016 йилнинг 24 декабрида Самарқандда бўлиб ўтган учрашув чоғида икки мамлакат ҳукуматларига бу масалани тез орада ҳал этиш вазифасини топширганди. Ўтган давр ичида ишчи гуруҳлари бир неча бор Ўзбекистон ва Қирғизистонда учрашишди ва давлатлар ўртасидаги чегаранинг делимитация қилиш ишларини деярли якунлашмоқда.

«Бизнинг ота-боболаримиз «Бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам бир» деб ўтишган. Яхши-ёмон кунларда қисмат синовларини биргаликда бошдан кечиришган, босқинчиларга қарши бирга курашишган, дўстлик бурчига ҳамиша содиқ қолишган. Мақсадимиз ўзбекистонликлар Қирғизистонга, қирғизистонликлар Ўзбекистонга эркин бориб келиши учун қулай шароит яратишдир. Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз билан бу борада ҳамфикр эканмиз, чегарага оид ҳуқуқий ҳужжат тезкорлик билан юзага келишига имкон бермоқда. Қолаверса, иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳадаги ҳамкорлик бир-биримизни англаш ва «бир тилда» сўзлашишимизга кўмак беряпти. 2016 йилнинг 1 октябридаги Қирғизистон ҳукумат ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг Андижонга ташрифи, 26 октябрда эса Ўзбекистоннинг шундай делегацияси Ўшда бўлгани, мана бугун эса Фарғона заминидаги дўстона учрашувлар шубҳасиз азалий муносабатлар тарихига ёрқин саҳифа бўлиб ёзилажак. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театрининг ижодий сафар уюштириб, халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини биз бениҳоя қадрлаймиз ва бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз», деган бош вазир ўринбосари Икромов.

«Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаевнинг Самарқанддаги учрашувидан сўнг икки давлат муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бир-биримизга ишонч мустаҳкамланди. Биз музокараларда ҳар икки мамлакат манфаатларига ҳурмат билан ёндашадиган бўлдик. Бугун Фарғонада илк бор «Айкул-Манас» спектакли намойиш этилади. Қудратли ва салоҳиятли давлат барпо этиш, уни тараққий эттириш – Манас ботир ҳаётининг бош мақсади ва мазмуни эди. Бу олийжаноб ғоя – ҳар доим бирга бўлиш, ҳамдард, ҳамнафас бўлиш биз учун энг муҳим ва долзарб вазифадир.

Бугун икки мамлакат халқи бизни кузатиб турибди. Шунинг учун ҳам чегараларни аниқлаш ишини якунлашга катта масъулият билан қарамоқдамиз. Энг муҳими, ҳар икки томоннинг истаги бир эканида», деган Қирғизистон делегацияси раҳбари.

Томонлар ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши самарали ўтганини, яқин кунларда улар яна бир бор учрашишга қарор қилганликларини билдиришди.

Муҳаммаджон Обидов, Фарғона

Мавзуга оид