Жаҳон | 14:52 / 25.02.2017
147379
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кучли 10 армия

Credit Suisse маълумотларига кўра, АҚШ армияси маблағлар ва ҳажмнинг қисқартирилишига қарамай, дунёдаги етакчиликни сақлаб қолмоқда. У Россия ва Хитойни ҳам ортда қолдирган. 

Ҳарбий куч даражасини таҳлил қилишда қуролли кучлар (умумий баллдан 5 фоизи), танклар (10 фоиз), жанговар вертолётлар (15 фоиз), самолётлар (20 фоиз), авиаташувчилар (25 фоиз) ва сув ости кемалари (25 фоиз) сони инобатга олинди. Баҳолаш ҳарбий кучни фақатгина сон жиҳатидан тахмин қилиш имконини берди ҳамда қуроллар ва шахсий таркибнинг ҳақиқий ҳолати эътиборга олинмади. Шу тариқа, рўйхатда баъзи бир давлатларнинг бўлиши бироз кутилмаган ҳолат ҳам бўлиши мумкин. 

Қуйида жаҳоннинг энг кучли ўн армияси рўйхатини тақдим этамиз.

10. Туркия

Мудофаа бюджети: 18,2 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 410,5 минг киши
Танклар: 3778 
Самолётлар: 1020 
Сув ости кемалари: 13 
Туркия қуролли кучлари – шарқий Ўрта ер денгизидаги энг йириклардан бири. Туркия авиаташувчиларнинг йўқлигига қарамай, сув ости кемалари сони бўйича фақатгина беш давлатдан ортда қолади. Шунингдек Туркияда катта миқдордаги танклар, самолётлар ва жанговор вертолётлар бор. Мамлакат F-35 қирувчисини ишлаб чиқиш бўйича қўшма дастурда ҳам иштирок этмоқда.

9. Буюк Британия

Мудофаа бюджети: 60,5 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 146,9 минг киши
Танклар: 407 
Самолётлар: 936 
Сув ости кемалари: 10 
Буюк Британия 2010-2018 йилларда қуролли кучлар сонини 20 фоизга қисқартиришни режалаштираётган бўлса-да, кучи бутун дунёда улар билан ҳисоблашишларига қодир. Қироллик флоти HMS Queen Elizabeth авиаташувчисини 2020 йилда ўз таркибига олишни мақсад қилган. Унинг учиш палубасининг майдони 18 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиб, бортда 40та F-35B қирувчилари жойлашиши мумкин.

8. Италия

Мудофаа бюджети: 34 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 320 минг киши
Танклар: 586 
Самолётлар: 760 
Сув ости кемалари:
Италия армияси рўйхатда юқори ўринлардан бирини иккита фаол авиаташувчининг борлиги орқали эгаллади. Бунинг устига сув ости кемалари ва жанговар вертолётларнинг кўплиги ҳам Италия рейтингини янада оширган.

7. Жанубий Корея

Мудофаа бюджети: 62,3 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 624,4 минг киши
Танклар: 2381 
Самолётлар: 1412 
Сув ости кемалари: 13 
Жанубий Корея Шимолдан эҳтимолий таҳдид туфайли катта ва кучли армияни сақлашга мажбур. Шунинг учун армияда сув ости кемалари, вертолётлар бор, шахсий таркиб сони эса анча юқори. Шунингдек Жанубий Корея кучли танклар гуруҳи ва дунёда ҳажми бўйича олтинчи ўринда турувчи ҲҲКга эга. 

6. Франция

Мудофаа бюджети: 62,3 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 202,7 минг киши
Танклар: 423 
Самолётлар: 1264 
Сув ости кемалари: 10
Франция армияси у қадар катта эмас, бироқ жуда яхши тайёргарлик ва тезкорлик билан ажралиб туради. Яқиндагина Charles de Gaulle авиаташувчиси қуролли кучлар таркибига келиб қўшилди, бундан ташқари, Франция Африкадаги экстремизмга қарши кураш ва маҳаллий ҳукуматларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ҳарбий амалиётларда қатнашади.

5. Ҳиндистон

Мудофаа бюджети: 50 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 1,325 млн киши
Танклар: 6464 
Самолётлар: 1905 
Сув ости кемалари: 15
Ҳиндистон – дунёдаги энг катта ҳарбий давлатлардан биридир. У шахсий таркиб сони бўйича фақатгина ХХР ҳамда АҚШдан ортда, танклар ва самолётлар сони бўйича эса АҚШ, Хитой ва Россиядан ташқари барча давлатлардан олдинда. Мамлакатда шунингдек ядро қуроли ҳам бор. Кутилишича, 2020 йилга келиб Ҳиндистон мудофаа соҳасига сарф-харажатлар кўплиги бўйича тўртинчи ўринни эгаллайди.

4. Япония

Мудофаа бюджети: 41,6 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 247,1 минг киши
Танклар: 678 
Самолётлар: 1613 
Сув ости кемалари: 16 
Умуман олганда япон армияси у қадар катта эмас. Бироқ ундаги қуроллар жуда ҳам замонавийдир. Япония сув ости флоти катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. Давлатда шунингдек, тўртта авиаташувчи ҳам бор, улар фақатгина вертолётлар билан жиҳозланган. Япония жанговор вертолётлар сони бўйича фақатгина Хитой, Россия ва АҚШдан ортда.

3. Хитой

Мудофаа бюджети: 216 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 2,333 млн киши
Танклар: 9150 
Самолётлар: 2860 
Сув ости кемалари: 67 
Хитой армияси сўнгги бир неча ўн йил давомида ҳажм ва имконият бўйича жуда катталашди. У шахсий таркиб сони бўйича дунёдаги энг йирик армиядир. Давлат танклар гуруҳи бўйича (Россиядан сўнг) ҳамда сув ости флоти катталиги бўйича иккинчи (АҚШдан кейин) ўриндадир. Хитой ҳарбий модернизация дастурида ажойиб муваффақиятга эришди, айни дамда эса бир қанча ноёб ҳарбий технологияларни ишлаб чиқмоқда, улар орасида баллистик ракеталар ва бешинчи авлоддаги самолётлар бор.

2. Россия

Мудофаа бюджети: 84,5 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 766 минг киши
Танклар: 15 398 
Самолётлар: 3429 
Сув ости кемалари: 55 
Россия қуролли кучлари дунё бўйлаб иккинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат жаҳондаги энг катта танклар гуруҳига эга бўлиб, ҳарбий-ҳаво кучлари катталиги бўйича иккинчи (АҚШдан сўнг) ва сув ости флоти ҳажми бўйича учинчи (АҚШ ва Хитойдан кейин) ўриндадир. 2008 йилдан бери Кремль ҳарбий харажатлари қарийб учдан бирга кўпайди. Мамлакат Сурияда ҳарбий гуруҳ жойлаштириб, ўзининг тезкорлигини янада яққол намойиш этди.

1. АҚШ

Мудофаа бюджети: 601 млрд доллар
Шахсий таркиб сони: 1,4 млн киши
Танклар: 8848 
Самолётлар: 13 892 
Сув ости кемалари: 72 
АҚШ бюджетдаги харажатларни камайтириш ҳаракатларига қарамай, мудофаага Credit Suisse индексидаги бошқа тўққиз мамлакатдан кўпроқ маблағ сарфлайди. Америка асосан 10та авиаташувчининг борлиги билан устун туради. Таққослаш учун, иккинчи ўринни Ҳиндистон эгаллайди – мамлакат ўзининг учинчи авиаташувчисини яратиш устида ишламоқда. Шунингдек АҚШда бошқа давлатларга қараганда кўпроқ самолётлар, ҳарбий денгиз флотидаги янги тезкор замбарак каби илғор технологиялар бор. Ядро қуроли ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. 

Мавзуга оид