Европа янги энергетика инқирозига дуч келмоқда — ОАВ
Қиш яқинлашиши билан газ омборларидаги захиралар қисқармоқда, нархлар эса кескин кўтарилиб кетган.
Газ захираларининг тез тугаши ва Россия таъминотидаги узилишлар Европада янги энергетика инқирози учун дастлабки шароитларни яратмоқда. Украинадаги уруш жорий йилда газ нархининг тахминан 45 фоизга ошишига ёрдам берди, деб ёзди Bloomberg.
Қайд қилинишича, нарх ҳали ҳам 2022 йилги рекорд даражадан паст бўлса-да, бу уй хўжаликлари учун инқирозни кучайтириш ва аллақачон қийинчиликларни бошдан кечираётган ишлаб чиқарувчиларга босимини ошириш учун етарлича юқори.
Газ омборлари энг совуқ даврларда қутқарувчи воситадир, бироқ бу йил совуқ ҳарорат иситишга талабни оширмоқда ва қурғоқчилик электр энергиясини ишлаб чиқариш учун газдан кўпроқ фойдаланишга мажбур қилган, оқибатда захиралар тезда камайиб бормоқда.
Гарчи Европа Иттифоқи Россиядан газ қарамлигини камайтирган бўлса-да, газ таъминотининг навбатдаги йўлларидан бирининг йўқотилиши газ бозорига янада катта босим ўтказади ва жаҳон нархларининг кескин ошишига олиб келади. Европа аллақачон йил охирида Россия газининг Украина орқали етказиб берилишини тўхтатилишига ҳозирдан тайёргарлик кўрмоқда.
Тизимга босимнинг яна бир ноодатий белгиси шундаки, газ арзон бўлиши керак бўлган ёз учун нархлар кейинги қишга қараганда юқори. Бу шуни кўрсатадики, энергия харажатлари узоқ вақт давомида юқори бўлиб қолади ва қишки захиралар даражаси қанчалик паст бўлса, уларни тўлдириш шунчалик қийин бўлади.
Халқаро энергетика агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Бирол хавотирига кўра, 2025 йил 1 январда Россия ёқилғисининг Украина орқали транзити тўхтаса, Европа қиш охиригача етадиган захирага муҳтож.
Аввалроқ АҚШ Россиянинг энг йирик банкларидан бири «Газпромбанк»га қарши санкциялар киритди. Сабаби: Москва ундан ҳарбий техника сотиб олиш ва ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига тўловлар қилишда фойдаланган. Шу билан бирга, ҳали ҳам Россия газини сотиб олаётган Европа давлатлари таъминот учун тўловни «Газпромбанк» орқали амалга оширади ва санкциялар жорий этилиши бу имкониятни ёпиши мумкин.
Мавзуга оид
15:56
Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қурилиш соҳасида ишга олмоқчи
14:18
Россия ўзбекистонликларни сэндвич-панеллар ишлаб чиқариш соҳасида ишга олмоқчи
14:15
«ПостРоссия давлатлари форуми» РФда террористик деб тан олинди
09:59