Ўзбекистон | 21:08 / 27.02.2017
46231
11 дақиқада ўқилади

Эксклюзив: Дунёнинг энг кучли, ёш иқтисодчиларидан бири — ўзбекистонлик Рауфхон билан интервью

Яқинда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчиси рейтингидан жой олди. Research Papers in Economics ташкилоти томонидан тузилган мазкур нуфузли рейтингда ҳамюртимизнинг 32-поғонани эгаллагани қувонарли ҳолат, албатта.

Ҳали ўттиз ёшни қаршиламаган бўлишига қарамай, Рауфхон макроиқтисоддаги янги йўналиш «Иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари» бўйича тадқиқот олиб бораётган кам сонли олимлардан.

Ёш олим, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида катта илмий ходим сифатида фаолият олиб боради.

Бугун айнан Рауфхон билан суҳбат қуриб, қаҳрамонимиз билан яқинроқ танишишга, унинг иқтисод соҳасидаги қарашлари, касбий фаолияти, шунингдек, қизиқишлари, ички олами билан ўртоқлашишга ҳаракат қилдик. 
 
Танишинг: Салахўжаев Рауфхон Фарҳодхонович 

Туғилган санаси: 19 июнь 1987 йил, Наманган вилояти, Косонсой тумани. 

Қаерда таҳсил олган: 

2002-2003 йил — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейи. 

2003 йилда Future Leaders Exchange (FLEX) program дастуридан муваффақиятли ўтиб, икки йил давомида Техас (АҚШ) штати, Остин шаҳридаги Anderson High School мактабида таҳсил олади. 

2005 йилда Наманган шаҳридаги Дўстлик академик лицейини тамомлаб,Тошкент Молия институтига давлат гранти асосида ўқишга киради.  

2010 йилда Edmund Muskie стипендиялар дастури соҳибига айланиб, Нью-Йорк Давлат университетига ўқишга қабул қилинади. 2012 йилда Корнель университетининг (АҚШ) Меҳнат муносабатлари факультетида малака оширади. 

- Дунёнинг энг кучли ёш иқтисодчиларидан бири эканлигингизни билганингизда, нималарни ҳис этдингиз? 

Бу мен учун кутилмаган ва ёқимли ҳодиса бўлди. Бу рейтинг айни дамда сайёрамизда самаралироқ меҳнат қилаётган олим иқтисодчилар ким эканини билиб олишга ёрдам беради. Мазкур рўйхатдан жой олишим — бу фақат шахсий ғалабам эмас, балки юртимизнинг ҳам ғалабасидир. Ўзбекистоннинг катта қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда бизда мислсиз илмий салоҳият бор, деб ҳисоблайман ва яқин 20 йил ичида мамлакатимиз Корея ва бошқа давлатлар йўлини босиб ўтиши мумкин. Мен учун бу янгидан-янги ғалабалар учун катта масъулият юклайди, илм билан шуғулланишга рағбат беради. 

- Одатда, дунёнинг энг яхши иқтисодчилари нима билан шуғулланади? Рейтингда кимни шахсан танийсиз?

Менинг ҳаммуаллифларим асосан, эволюцион биология ва психология соҳасидаги социолог ва политологлардир. Улар ўз тадқиқотларини Ҳарвард унивеситети, Лондон иқтисодиёт мактаби ва бошқа нуфузли муассасаларда олиб боришади. Шу сабабли мазкур рейтингда ҳеч кимни шахсан танимайман, бироқ бу рўйхатга киритилган инсонларнинг барчаси ўз йўналиши бўйича тадқиқотлар қилиб келаётган довруғи баланд олимлар.
 
- Иқтисодиётнинг қайси соҳасига кўпроқ ихтисослашгансиз? 

Менинг соҳам — халқаро макроиқтисодий жараёнларни эволюцион биология ва психология нуқтаи назаридан тушунтириш. Мазкур йўналиш иқтисодиётда янги ва урфга кирган саналади. Жумладан, менинг ишларим мамлакатлар орасида бозор институти сифати ва даромадлар тенгсизлиги даражасидаги фарқлар 50 ёки 100 йил аввал эмас, балки ундан-да аввалроқ, халқ ва давлатларнинг маданий бойликлари шаклланаётган вақтда пайдо бўлганини тушунтиради. Мазкур йўналишда бор-йўғи бир неча олим иқтисодчи иш олиб боради, яқин 5-10 йил ичида иқтисодий ўсишнинг чуқур омилларини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз мевасини беради.

- Университетда таълим бериш сиз учун нимани англатади? Ахир хорижда сиз каби мутахассисларга бўлган талаб доим юқори.

Мен Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида дарс беришни жуда яхши кўраман. Сабаби у ердаги жамоа нафақат ёш ва салоҳиятли олим иқтисодчилардан, балки катта тажрибага эга мутахассислардан ҳам иборат. Мазкур олийгоҳда ўқитувчилик фаолияти ва илмий тадқиқотларни бир вақтда олиб бориш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳамкасбларимиз томонидан ёзилган илмий мақолаларни муҳокама қилиш учун доимий тарзда илмий семинар ва музокаралар ўтказилади. Университетда иқтидорли талабалар таҳсил олади, улар ёзган диплом ишларининг сифати ғарб олийгоҳларида ёзиладиган ишлардан сира фарқ қилмайди.

- Тинимсиз изланиб, билим олиб, ривожланишингизга нима мажбур қилади? Шахсий мақсадингиз нимадан иборат?

Шунчаки мен, агарда инсон ҳар куни (доимий тарзда) ўз-ўзини енгсагина, ғалаба қозонади, деб ҳисоблайман. Инсон доимо янги мақсадлар қўйиши ва энг муҳими, бу мақсадга эришиш чоғида ўзини бўшаштириб юбормаслиги лозим. Менинг мақсадим – 40 ёшга бориб, фикр-мулоҳазаларига дунё илмий ҳамжамияти қулоқ тутувчи жаҳон миқёсидаги олим бўлиш.  

- Бу йўналишда эндигина таҳсил олаётган ёш иқтисодчиларга нимани маслаҳат берган бўлар эдингиз? 

Фикримча, замонавий илмий адабиётни кўпроқ ўқиш зарур. Сабаби, иқтисодиёт айни дамда жуда ҳам тез суръатда ривожланиб бормоқда. Шунингдек, иқтисодчи ўз устида ишлаши, яхши статистик услубларни эгаллаши, доимо ўз-ўзини танқид қила олиши лозим. 

- Бизнинг мамлакатда иқтисодчиларга бўлган талаб қандай? Қайси мутахассислар бизга айни дамда етишмайди?

Шуни қайд этиш лозимки, иқтисодиёт — бу терма соҳа. Иқтисодчилар – бу бухгалтерлар, амалиётчилар, олимлар ва ҳ.к. Кимдир режалаштириш ёки башорат қилиш билан шуғулланади, кимдир эса худди мен каби асосий илмий иқтисодиёт билан машғул бўлади. Мен ушбу касбларнинг барини зарур деб санайман, агар инсон малакали бўлса, унинг иши қўшимча қиймат яратади. Юртимизга ҳозир айнан шундай зарур билим ва малакага эга бўлган мутахассислар керак.

- Глобал иқтисодий инқироз – бу нима ва у билан қандай курашиш керак?

Инқирозга хавф деб эмас, балки имконият сифатида қараш лозим. Айнан инқироз вақтида аҳамиятли янгиликлар ва муваффақиятлар амалга оширилади. Бизнинг мамлакатимиз ривожланаётган мамлакатларда кузатилувчи кўплаб иқтисодий бўронлардан ҳеч қандай йўқотишларсиз ўтди. Масалан, биз 2008 – 2009 йилларда ЯИМ юқори ўсишини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Инқироз билан курашиш шарт эмас, унинг аломатларини кузатиб ва қатъий равишда иқтисодиётни тўғри йўлга йўналтириш лозим. Ҳозирда табиий ресурсларнинг арзон нархи туфайли кўплаб ривожланаётган мамлакатлар бор эътиборни инсон капитали ва инновацион кичик ҳамда ўрта бизнесни тараққий этишга қаратмоқда. Бу ҳолатни Ўзбекистонда ҳам яққол учратиш мумкин.

- Бизнинг иқтисодиётимизни кучли ва кучсиз томонларини нимада кўрасиз?

Мамлакатимиз иқтисодиёти сайёрамизда жадаллик билан ривожланаётган иқтисодиётлардан биридир. ЯИМнинг 7-9 фоиз оралиғида узоқ йиллар давомида ўсиб келаётгани юртимизнинг ташқи тўнтаришларга чидамли экани ва муҳим ҳимоя захирасига эгалигини кўрсатади. Ўзбекистонда етарлича малакали ишчи кучлар, Осиёда қулай стратегик жойлашув, диверсификацияланган иқтисодиёт ва бой табиий-ресурс манбаи мавжуд. Мен асосий потенциал — бу инсонлар салоҳияти, бозор институтлари ва иқтисодий ривожланишнинг инновацион модели, деб ҳисоблайман.  

- Маълумки, яқинда "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси" лойиҳаси қабул қилинди. Бу дастурда сизни айнан нима мамнун этди ва яна нималарни қўшимча қилган бўлар эдингиз?

Мазкур стратегияда мени кўпроқ ҳукуматнинг илм ва илмий тадқиқотларга катта эътибор қаратгани қувонтирмоқда. Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳамиша ўз олимлари ва илмий ютуқлари билан шуҳрат қозониб келган. Ушбу стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши илмнинг ривожланишида янги даврни очиб беради. Биз эса халқаро илмий ҳамжамиятда Ўзбекистон довруғини янада мустаҳкамлаймиз.

- Мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қандай муаммоларни зудлик билан ҳал этиш лозим, деб ҳисоблайсиз? Қайси давлатларнинг бизнес модели бизга намуна бўлиши мумкин?

Фикримча, ҳозирги кунда қўлланилаётган чора-тадбирлар давлатимизнинг кичик ва ўрта бизнесни иқтисодий ўсишнинг олға сурувчиси сифатида кўраётганидан дарак беради. Мисол учун, ўз бизнесини очиш учун керакли бўлган харажатлар камайтирилди, корхонани очиш учун кетадиган вақт камайтирилди ва текширишни амалга оширувчи давлат органларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашуви чекланди. Шу чора-тадбирлар туфайли, Ўзбекистон бизнесни амалга ошириш бўйича халқаро рейтингда юқорироқ поғонани эгаллайди, бу эса инвестицион муҳитни яхшилашга ва чет эл инвестицияларининг иқтисодиётга бўлган оқимига ижобий таъсир кўрсатади. Ўйлайманки, бу Сингапур ва Корея каби бошқа Жануби-Шарқий Осиёнинг омадли давлатларида учрайдиган йўналиш билан ўхшаш. Келажакда, шунингдек, хусусий сектор ва академик институтлар ўртасидаги ҳамкорликка катта эътибор қаратиш лозим. Бу инновацион товар ва хизматларни яратиб, жаҳон бозорида рақобат ўрнатишга имкон беради. 

Блиц-интервью: 

1. Ҳаётдаги шиорингиз: Publish or Perish… (Нашр этиш ёки ўлиш)

2. Сиз учун энг идеал дам олиш: Идеал ҳордиқ – қаердадир, масалан, бошқа мамлакатда кўл ёки океан қирғоғида, табиатда дам олиш кунларини ўтказиш. Бу фақат таътил пайтида содир бўлади. Одатда, мен дам олиш кунини дўстларим билан ёки уйда сериал ва кино томоша қилиш билан ўтказаман. 

3. Севимли асарингиз: Яхши кўрган китобларим жуда кўп. Дунёнинг ўрганишга бўлган қизиқишим сабаб саёҳат ҳақидаги китобларни яхши кўраман. Биринчи ўқиган китобимдан бири - Робинзон Крузо.

4. Қайси хорижий шаҳарларда бўлгансиз: Истанбул, Киев, Ханой (Веьтнам), Куала-Лумпур, Пекин, Сеул, Париж, Рим, Флоренция, АҚШнинг 13та штати, жумладан, Нью Йорк, Вашингтон, Сиэтл, Сан-Франциско шаҳарлари, шунингдек, Москва ва Олмаотада бўлганман. Тез орада Минск ва Шри Ланкага саёҳат қилишни режалаштирганман.

5. 2017 йилда асосий мақсадингиз: Янада кўпроқ малака ошириш ва зуккороқ бўлиш.

Феруза Авазова суҳбатлашди

Мавзуга оид