Жаҳон | 08:53 / 11.03.2017
13225
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг матбуот котиби ташқи кўриниши билан эътибор тортди

Оқ уйда 10 март куни матбуот учун кундалик брифингни АҚШ президенти Дональд Трампнинг матбуот котиби Шон Спайсер олиб борди. Спайсер костюми ёқасида қадалган кўкрак нишони журналистларнинг эътиборини тортди. Гап шундаки, Спайсер АҚШ байроғи акс этган нишонни "оёғини осмондан" қилиб қадаб олган бўлган.

Спайсер брифингни иштирокчилардан бири унга танбеҳ бермагунча шу алфозда бир неча дақиқа давом эттирди. 

"Ҳафта охирига икки кун қолди", деб бунга ҳазил жавоб қилган Спайсер ва нишонини тўғрилаб қўйган.

Эҳтимол Оқ уй вакили толиққани сабабли шундай эътиборсизликка йўл қўйган бўлиши мумкин, бироқ АҚШ ОАВда бундан "фил ясашга" ва қандайдир сирли ишоралар кўришга ҳаракат қилинган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса Спайсер шу тариқа "Картадан ясалган уй" сериалининг мухлиси эканлигини билдириб қўйишга ҳаракат қилган, деб тахмин қилишган. Сериалнинг логотипларидан бири эса "оёғи осмондан қилинган" ҳолда тасвирланган АҚШ байроғи ҳисобланади.

Мавзуга оид