Жамият | 21:58 / 19.03.2017
8911
2 дақиқада ўқилади

Британиялик аёл 4 500 йиллик кўзани Туркияга қайтарди

Фото: AA

Бронза асрига тегишли бўлган 4500 йиллик кўза Туркияга қайтарилди. Бу ҳақида Туркиянинг Лондондаги элчихонаси хабарига таяниб, Daily Sabah нашри хабар берди

Элчихонада таъкидланишича, 26.5 сантиметрлик кўза ёртан маданияти чизгиларига эга ва у эрта бронза асрига тегишли. 

Манбага кўра, кўза 1960-йилларда қадимий Эфес шаҳрини зиёрат қилган британиялик фуқаро Тельма Бишоп томонидан сувенир сифатида харид қилинган ва Британияга қайтарилган.

Бишоп мутахассислар орқали кўзанинг маданий мерос эканини билгач, уни Туркияга қайтаришга қарор қилган.

"Adam Partridge Auctioneers and Valuers" савдо уйи мутахассиси Жейсон Вуд кўзанинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб, Бишопга уни Туркияга қайтаришни маслаҳат берган ва турк элчихонаси билан боғланган. 

Элчихона маданий ёдгорликнинг қайтарилиши муносабати билан Бишоп ва Вудга миннатдорчилик рамзи сифатида Туркиянинг турли музейларида қўлланиши мумкин бўлган музей харитасини тақдим этган.

Манбага кўра, кўза Анқарадаги Анатолия цивилизацияси музейига етказилади. 

Туркияда маданий ёдгорликларни экспорт қилиш ёки сотиш қонун томонидан тақиқланган. 

Мавзуга оид