Фан-техника | 17:22 / 21.03.2017
11521
2 дақиқада ўқилади

Видео: Хитой гиперкари янги рекорд ўрнатди

Хитойнинг NextEV компаниясига тегишли Nio маркаси 1360-кучли EP9 электр гиперкарининг Нюрбургрингдаги “Шимолий сиртмоқ”да рекорд ўрнатгани тасвирланган роликни тақдим этди. Бу ҳақда илк бора ўтган йилнинг ноябрь ойида маълум қилинганди, бироқ рекордни тасдиқловчи видео эндигина пайдо бўлди.

Гиперкар трекни 7 дақиқаю 5,12 сонияда босиб ўтди ҳамда “Шимолий сиртмоқ”даги энг тезкор электркарга айланди. Бунгача бу йўналишдаги рекорд “Тойота” томонидан ишлаб чиқилган EV P002'га тегишли эди: 7 дақиқаю 22,329 сония.

Серияли автомобиллар ўртасидаги рекорд 640-кучли Lamborghini Huracan Performante суперкарига тегишли экани ҳақида хабар бергандик. Унга қадар эса Porsche 918 Spyder рекордчи бўлган.

Маълумот учун, Nio EP9 гиперкари NextEV жамоаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ҳамда FIA LMP1 пойга синфининг хавфсизлик бўйича талабларига тўла жавоб беради. У тўртта электромотор билан жиҳозланган, бунинг ёрдамида “юзга” 2,7 сонияда чиқиши мумкин. Максимал тезлик эса соатига 312 километр. Қувватлантирмай туриб ҳаракатланиш захираси 425 километрни ташкил этади.

Ҳаммаси бўлиб олтита электркар йиғилади. Унинг қиймати – миллион доллардан кўпроқ.

Мавзуга оид